Рrognosfruct — 2022 конференциясида EastFruit жамоасига тегишли икки спикер томонидан саноат олмаси нархлари, шунингдек, олма концентрати бозоридаги вазиятга катта эътибор қаратилди.
Бугун жаҳондаги етакчи экспертларнинг фикрига таяниб, ушбу бозордаги асосий ҳодисалар ҳақида сўз юритамиз.
Жаҳон бўйича концентратга барқарор талаб фонида саноат олмаси тақчиллиги
Олма концентрати (АJC) озиқ-овқат саноатининг муҳим таркибий қисмидир. У нафақат қайта ишланган шарбатлар тайёрлашда, балки йогурт, музқаймоқ, смузи, қандолат ва кўплаб турдаги ичимликлар ишлаб чиқаришда қўлланади. Шу сабабли, биз анча вақт аввал ёзган ва ҳозир ҳам давом этаётган ҳолат —қайта ишланган шарбатларга бўлган талаб турғунлигига қарамай, олма концентратининг жаҳон бозори ҳажми сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.
Бироқ, яна бир тенденция мавжуд — бутун жаҳон бўйлаб боғбонлар концентрат учун қайта ишланадиган ностандарт олма етиштиришни камайтиришга ҳаракат қилмоқда, чунки унинг нархи, одатда, сархил бозордаги олма нархидан 5-10 баробар паст. Ва бу концентратлар бозорига таъсир қилмоқда — жаҳонда олма етиштиришнинг умумий ўсиш тенденциясига қарамай, концентрат учун хом ашё камайиб боряпти, хом ашё эса унинг нархини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.
Масалан, ушбу бозорнинг энг йирик иштирокчиси бўлмиш Хитой сўнгги йилларда маҳсулот етиштиришнинг умумий ҳажмида сифатли олма улуши ортиши ва хом ашё етказиб бериш камайиши туфайли ушбу маҳсулот экспорти ҳажмини кескин камайтирди. Табиийки, бу Хитойда олма концентратини ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналарнинг ёпилишига олиб келди ва нархларга нисбатан умумий босимни пасайтирди. Бу олма концентратининг жаҳон бозорини бироз яхшилади, нарх анча мақбул бўлиб қолди.
2022/23 йилги мавсумда саноат олмаси ва олма концентратининг нархи қандай бўлади?
Ҳозирги кунда олма концентратининг жаҳондаги нархлари 2018/19 йилги мавсумдан бери энг баланд даражада. Бу юқорида тавсифланган хом ашё муаммоларининг бевосита натижасидир, аммо мазкур жиҳат ягона омил эмас.
Жаҳон «контейнер инқирози» олма концентратининг жаҳон нархларига катта таъсир кўрсатди ва бу юк ташиш нархи кескин ошишига олиб келди. Жаҳонда концентратнинг асосий харидори АҚШ бўлгани учун у ерга концентратни денгиздан бошқа йўл билан етказиб бўлмайди. Нархларга Хитой томонидан қабул қилинган «ноль ковид» сиёсати ҳам таъсир қилмоқда. Бу мазкур мамлакатнинг энг муҳим портлари вақти-вақти билан ёпилиши ва етказиб бериш ҳамда юк ташув нархлари борасида тўлиқ тартибсизликка олиб келади.
Табиийки, ҳозирги вақтда кўплаб америкалик харидорлар олма концентратини Хитойдан эмас, балки европалик ҳамкорлардан сотиб олишга ўтмоқда.
Харажат омили ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак. Олма концентратини ишлаб чиқариш энергия талаб қиладиган жараёндир. Ва Европада газ нархи бир неча баробар ошди, бу олма концентрати ишлаб чиқариш харажатларига бевосита таъсир қилади. Агар нархлар кўтарилмаса, саноат олмасини қайта ишловчиларнинг ишлаб чиқаришни кўпайтиришга бўлган мотивацияси жуда юқори бўлмайди.
Украина ва Молдова ҳам жаҳон бозорига концентрат етказиб берувчи йирик мамлакатлардир. Бироқ, Укранинадаги уруш ва мамлакат денгиз портлари тўсиб қўйилганидан сўнг Украина ҳам, Молдова ҳам жаҳон бозоридан деярли узилиб қолди.
Ҳа, бу давлатлар концентратни Европа Иттифоқига автомобиль йўли орқали етказиб бериши мумкин ва ҳар доим шундай бўлган, аммо ҳаммаси бир қарашда оддий кўринганидек эмас. Гап шундаки, Германия, Австрия ва бошқа Европа Иттифоқи мамлакатларидаги энг йирик концентрат импортёрлари шартнома тузмоқда ва ҳатто Украина ва Молдовадан уни сотиб олиш учун олдиндан тўлов қилмоқда. Айни пайтда концентратлар бозори иштирокчиларининг фикрига кўра, Молдова ва Украинада тайёр маҳсулотларнинг катта захиралари тўпланган, улар аллақачон Европа Иттифоқидан импорт қилувчиларга сотилган, аммо ҳозирги пайтда транспорт харажатлари жуда юқори бўлганлиги сабабли ушбу маҳсулотларни етказиб беришнинг иложи бўлмаяпти.
Портларнинг тўсиб қўйилиши Украинадан денгиз орқали ўн миллионлаб тонна экспорт қилинадиган дон, мойли экинлар ва ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар энди автомобиль транспортида ташилишига олиб келди. Бундан ташқари, ҳозирги кунда кўплаб автомобиллар ва ҳайдовчилар Украинада ҳимояланиш учун асосий эҳтиёжларини таъминлашга жалб қилинган.
Натижада, транспорт хизматлари бир неча баробар қимматлашди. Маржа даражаси анча паст бўлган олма концентратидек маҳсулот учун транспорт харажатларининг бундай кескин ўсиши барча фойдани йўққа чиқаради ва етказиб бериш шунчаки фойдасиз бўлиб қолади. Шу боис, концентратнинг ушбу ҳажмларини чиқариш ва етказиб бериш имкониятини яратиш учун нарх янада сезиларли даражада ошиши керак. Ва қайта ишлашнинг янги мавсуми бошланишига қарамай, нархлар ҳақиқатан ҳам ошиб бормоқда.
Дарвоқе, «АПК-Информ: Сабзавотлар ва мевалар» эксперти Евгений Кузиннинг сўзларига кўра, Украинада уруш бошлангандан сўнг ушбу мамлакат концентратни деярли рекорд даражада экспорт қилган:
“2022 йилнинг март, апрель ва май ойларида Украинадан олма концентрати экспорти ҳажми ошди ва рекорд даражага яқинлашди. Украина фақат 2019 йилда кўп концентрат экспорт қилган, ўшанда барча Европа мамлакатларида рекорд даражадаги олма ҳосилидан сўнг уни сотиб бўлмаган эди”, дейди Евгений.
Кўриниб турибдики, Украинадан концентрат экспортининг рекорд ҳажмлари уруш туфайли сархил бозорда талаб кескин пасайганидан сўнг заводларга саноат олмасини етказиб беришнинг кўпайиши ва қайта ишлаш ҳажми ошиши билан боғлиқ. Сархил бозорда сотилиши мумкин бўлган олманинг сезиларли қисми арзон нархда қайта ишлашга юборилди.
Янги мавсумга келсак, Украина ва Молдовадан концентрат ва саноат олмасини етиштирувчилар учун вазият ноаниқ кўринади. Экспорт ўсишига қарамай, концентратлар захираси сезиларли бўлиши эҳтимоли баланд. Бозорда саноат олмасини етказиб беришнинг эҳтимолий ўсиши фонида Украинада ишлаб чиқариш ҳажмининг кутилаётган пасайишига қарамай, бу сархил олма ҳосилидан олинган концентратни сақлаш учун қувватлар етишмаслиги хавфини келтириб чиқариши мумкин. Бозор иштирокчилари Украинада сотилмайдиган, яъни сифат жиҳатидан сархил бозор талабига мос келмайдиган олма улуши ҳосилда кескин ошади, деб ҳисоблашмоқда. Чунки, кўплаб боғбонлар ўз вақтида боғларга ишлов бера олмади ва Украина ҳудудида Россия бошлаган уруш туфайли бошқа муаммоларга ҳам дуч келинди.
Бундан ташқари, газ нархи ва умуман, унинг маҳаллий ишлаб чиқарилиши ҳам катта муаммога айланиши мумкин. Ва бу, ўз навбатида, саноат олмаси нархига янада жиддий босим ўтказади.
Бошқа томондан, Украина миллий валютасининг қадрсизланиши маҳсулотлар экспортига, шунингдек, жаҳон бозорида концентрат нархи ошишига туртки беради. Фақат боғбонлар саноат олмасини юқори нархда сотишлари мумкинми-йўқми — буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Украинада саноат олмаси нархи ҳатто пасайиши мумкин деган фикр бор.
Молдовада эса вазият бироз бошқача. Бу ерда ёзги қурғоқчилик туфайли олма ҳосили сезиларли даражада камайиши мумкин. Лекин Молдова олмаси учун ҳам сархил бозорда талаб тушиши эҳтимоли мавжуд, чунки, Молдова олмасининг асосий савдо бозори бўлмиш Россия импорт ҳажмини камайтиради. Табиийки, бу ерда саноат олмаси бўйича таклифлар анча юқори бўлиши мумкин. Шу маънода Молдовада саноат олмаси нархларининг истиқболлари бўйича боғбонлар учун вазият қулай бўлишига кафолат бериб бўлмайди.
Хитой омили
WАРА Хитойда 2022 йилги олма ҳосили 20 фоизга камайишини башорат қилмоқда.
Шубҳасиз, бу олма концентратини ишлаб чиқариш камайишига олиб келади. Бироқ, бошқа томондан, Хитой энергия нархи пастлиги туфайли Европа ишлаб чиқарувчиларига нисбатан афзалликларга эга, чунки кўплаб энергия бозори экспертларининг фикрига кўра, Россия газини Хитойга жуда юқори тезликда паст нархда етказиб бериш бўйича Россия билан кўп йиллик шартнома тузилган.
Бироқ, бу омил бошқа муҳим жиҳат —Хитойга нисбатан (етказиб берувчи сифатида) ўсиб бораётган ишончсизликни мувозанатга келтириши даргумон. Юқорида айтиб ўтилганидек, ковидга нисбатан ноль толерантлик сиёсатига қўшимча равишда Хитой билан савдо қилиш энди Тайван билан уруш хавфи ортиб бораётгани, шунингдек, мамлакатдаги ички иқтисодий инқирознинг «чигаллашаётган» спираллари туфайли янада хатарли бўлиб бормоқда. Шунингдек, жаҳоннинг бошқа йирик иқтисодиётлари Хитойни Россияга халқаро санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришга уринишда айблаши ҳам яна бир ноаниқликни келтириб чиқаради ва бу Хитой билан савдо ёки молиявий операцияларнинг айрим турларига чекловлар киритилишига олиб келиши мумкин.
Польша омили
Польшада бу йил олма ҳосили яхши бўлиши эҳтимоли баланд. «Эҳтимол» дейилаётганига сабаб шуки, олма ҳосилини ким йиғиб олиши ҳали аниқ эмас, яъни, бунинг учун Польшада етарлича ишчи кучи борми, деган савол кўндаланг турибди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Польша ўз олмасининг барини сархил бозорда сота олмайди ва унинг муҳим қисми сақловдан кейин ҳам қайта ишлашга юборилиши мумкин.
Нега Польша олманинг ҳаммасини сота олмайди? Биринчи навбатда, Польша учун Россия бозори ўрнини қисман тўлдирган Мисрга олма етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар бўлиши кутилмоқда. Иккинчидан, Россия бозорининг ўзи олма импорти ҳажмини камайтириши мумкин, чунки, у ерда истеъмолчилар сони ва уларнинг даромадлари даражаси тез пасайиб бормоқда. Польшадан олма эса санкцияларга қарамай, Россия бозорига турли айланма йўллар билан етказиб берилди. Бу мавсумда бундай етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин ва олма россияликлар учун устувор маҳсулот эмас.
Демак, Польшада олма концентратини ишлаб чиқариш кўпайиши мумкин, шу билан бирга бу ерда саноат олмаси нархи ҳам сўнгги бир неча йил ичида рекорд даражада юқори бўлиши эҳтимоли баланд.
Ўзбекистон учун концентрат истиқболлари
Ўзбекистонда бу йил олмадан кўпроқ ҳосил олинади, бироқ ёзги ҳаво ҳароратининг ҳаддан зиёд юқори эканлиги сабаб, у ёмон сақланиши мумкин. Шунингдек, офтоб урган олмалар ҳам кўп бўлиши кутилмоқда ва уларни сақлашнинг ҳеч бир маъноси йўқ, албатта.
Буларнинг бари концентрат учун олмани қайта ишлаш ҳажмини кескин ошириш имкониятидан далолатдир. Зеро, ушбу мамлакат нисбатан мақбул нархдаги ўз газига эга.
Бироқ, муаммонинг яна бир томони бор — бу Россия томонидан бошланган уруш натижасида транспорт нархи кескин кўтарилганидир. Шу сабабли, Ўзбекистондан олма концентратини энг истиқболли жаҳон бозори бўлмиш АҚШга етказиб бериш бўйича режалар катта эҳтимол билан амалга ошмай қолади ва маҳаллий етказиб берувчилар Россияга маҳсулот етказиб беришгагина эътибор қаратади.
Бироқ, Россиянинг ўзида кўпроқ сифатсиз олма ҳосили кутилмоқда, яъни, концентрат учун хом ашё кўпроқ бўлади ва демак, унга талаб камаяди. Шу боис, Ўзбекистон учун саноат олмаси нархи прогнози анчайин салбий.
Ўзбекистон бу йил рекорд миқдорда қуритилган олма етиштириши мумкин. Ушбу канал олмани концентрат учун стоишдан кўра фойдалироқ бўлади, десак, янглишмаймиз.
Дарвоқе, Тожикистон учун ҳам вазият шунга ўхшаш бўлиши эҳтимоли баланд. Зеро, бу мамлакатда олма концентратини экспорт ҳажмларда ишлаб чиқариш умуман йўқ.
Грузия саноат олмаси бўйича прогноз
EastFruit прогнозларига кўра, Грузия 2022 йилда олма ҳосилини икки баробар ошириши мумкин, бу рекорд кўрсаткич бўлади. КҲВларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ҳисобга олинса, олманинг катта ҳажмлари қайта ишлашга йўналтирилиши мумкин.
Грузия сўнгги йилларда Россия бозорига олма концентрати экспортини оширди, айни чоғда концентратнинг энг йирик бозори бўлмиш Германияга етказиб бериш барқарор даражада бўлди.
Жаҳонда концентрат нархлари прогнози Россиядаги нарх прогнозларига тўғридан-тўғри қарама-қарши эканлигини ва Грузия денгиз портлари тўсиб қўйилмаганлигини ҳисобга олсак, янги мавсумда концентратнинг Европа Иттифоқи бозорларига экспорти Грузия учун яна бир бор афзал ва даромадли бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, бу қайта ишлаш учун олмага одатдагидан юқори нарх тўлаш имконини бериши мумкин, бироқ, бу ерда кўп нарса давлатнинг позициясига боғлиқ. Зеро, Грузия уларнинг харидларини субсидиялаш орқали сифатсиз олма етиштиришни рағбатлантиради.
Нима бўлган тақдирда ҳам, саноат олмаси бўйича қўшимча даромад олиш имконияти нуқтаи назаридан Грузия боғбонлари учун вазият Украина, Молдова ва Ўзбекистон боғбонларига нисбатан анча яхшироққа ўхшайди.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.