Марказий Осиё мамлакатларида 2022 йилнинг июль ойи аномал иссиқ об-ҳавоси билан ажралиб турди. Зеро, ушбу минтақадаги иссиқ ҳаво ҳарорати кўп йиллик рекордларни янгилади. EastFruit Тожикистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида бундай жазираманинг салбий оқибатлари ҳақида аввалроқ ёзган эди. Сабзавот етиштирувчилар ва боғбонлар эса меваларни офтоб уриши, маҳсулот сифати кескин ёмонлашиши ва барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ўсиш йўқлигини қайд этишди.
Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиёда бундай об-ҳаво янги меъёрга айланиб бормоқда — климатологларнинг ушбу ёқимсиз прогнозини CABAR.asia нашр қилди.
Авваламбор, бу минтақа мамлакатларидаги ҳарорат рекордлари ҳақида қисқача сўз юритсак.
Тожикистон
Тожикистон Гидрометеорология агентлиги июль ойи мамлакатда ҳаво ҳароратининг 45-47 даражагача аномал кўтарилиши кузатилганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, охирги марта термометр кўрсаткичи 78 йил аввал — 1944 йили +47 даражага чиққан.
«Ҳатто иссиқ об-ҳавони «севадиган» помидорлар ҳам далада қуриб қолмоқда. Шу сабабли, сўнгги бир ҳафта ичида помидор бўйича таклифлар кескин камайди, нархлар эса икки баробар ошди. Ҳозир помидорни 1 кг учун 5 сомоний ($0,49)дан арзонроқ сотиб ололмайсиз, йирик ва сифатли помидорнинг улгуржи нархи 1 кг учун 7 сомоний (0,68 доллар)ни ташкил қилмоқда. Бир ҳафта аввал помидор нархи 1 кг учун 3 сомоний (0,29 доллар) эди”, деди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов EastFruitнинг мамлакатдаги сабзавот етиштирувчилар учун аномал иссиқ об-ҳаво оқибатлари ҳақидаги мақоласида.
Тожикистонлик экологлар фикрича, глобал ўзгаришлар туфайли ҳароратнинг бундай кўтарилиши бундан кейин ҳам тез-тез кузатилиши мумкин.
Тожикистонда иқлим кескин континенталь бўлиб, тоғ рельефи туфайли водий ва баланд тоғлардаги ҳарорат сезиларли даражада фарқ қилади. Масалан, республиканинг жануби-ғарбий қисмидаги водийлар учун июль ойининг ўртача ҳарорати 30° даража атрофидадир.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда 2022 йилги июль ойининг иккинчи ўн кунлиги ва учинчи ўн кунлигининг аксарият қисмида аномал иссиқ об-ҳаво кузатилди. EastFruit мутахассисларининг хабарига кўра, соядаги ҳарорат Цельсий бўйича 45 даража атрофида бўлган, ҳатто жойларда ушбу даражадан ҳам ошиб кетган.
Бироқ июль ойи охирида ҳаво ҳарорати бироз пасайиб, республика пойтахтида 40-43 даражагача, мамлакат жанубида эса 45 даражагача иссиқ бўлди.
Энергетика вазирлигининг айтишича, жазирама электр узатиш линиялари қизиб кетишига сабаб бўлган. Шу билан бирга, электр энергияси истеъмоли ошди, бу тушунарли, албатта, биноларни совутиш учун электр жиҳозлари кўп ишлатилди. Агентлик маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ёзида мамлакат бўйича ўртача кунлик электр энергияси истеъмоли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга ошган.
Ҳаддан зиёд иссиқ ҳаво ва ортиқча юклама аварияларга олиб келиши мумкин, шу боис, Энергетика вазирлиги вақти-вақти билан энергия узатиш линияларини совутиб олиш учун электр узилишларини амалга оширди.
2022 йилнинг июль ойи охирида EastFruit Ўзбекистон ва Тожикистондаги олма ҳосили учун аномал иссиқ об-ҳаво оқибатлари ҳақида ёзган эди. 2022 йилнинг баҳорида ушбу мамлакатларда жуда яхши олма ҳосили шаклланганига қарамай, июль ойидаги об-ҳаво ўзига хос ўзгаришларга сабаб бўлди. Минтақадаги аномал иссиқ об-ҳаво ўсимликлар ҳаддан ташқари стресс олиши, сув танқислиги ва меваларни қуёш уришига олиб келди. Фермерлар, шунингдек, бундай ҳароратда мевали боғларни қайта ишлашга бир ўзлари жисмонан қодир эмасликларини айтишган.
“Афсуски, Марказий Осиёдаги боғларнинг оз қисмигина дўлга қарши тўрлар билан жиҳозланган. Тўрлар ушбу минтақа учун янада муҳим вазифани бажаради – меваларни қуёш уришидан ҳимоялайди. Бироқ, ҳатто тўр тутилган боғларда ҳам дарахтлар ҳаддан зиёд термал стрессни бошдан кечирмоқда ва меваларнинг шаклланиши кескин секинлашди. Баъзи боғларда жуда юқори ҳарорат туфайли дарахтлардан мевалар кўп миқдорда тўкилиши кузатиляпти. Боғлар тўр билан ҳимояланмаган бўлса, деярли барча мевалар қуёш уришидан жиддий зарар кўради, яъни, улар фақат қайта ишлаш учун яроқли бўлади, холос”, деди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак (ФАО).
Қозоғистон
Қозоғистонда ҳам 30 йил аввалги ғайритабиий жазирама рекорди янгиланган, мамлакат ғарбида +45,5 даража иссиқ бўлган, деб хабар бермоқда “Казгидромет”. Июль ойининг кўп қисмида мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари, шунингдек, жанубий вилоятлар субтропик ҳаво массалари таъсирида бўлиб, аномал жазирама келиб чиқди. Қозоғистоннинг 11 вилоятида пўртана ҳақида огоҳлантириш берилди. Юқори ҳарорат туфайли баъзи шаҳарларда терак пахмоқлари ёниб кетди, ўт ўчирувчилар ўнлаб чақирувларга боришди. Мамлакатда ўрмон ёнғинлари ҳам кузатилмоқда.
Туркистон вилоятида жазирама иссиқдан Самара-Чимкент автомобиль йўлининг цемент-бетон қопламаси кўтарилиб, «Ғарбий Европа — Ғарбий Хитой йўли участкаси шишиб кетди. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида одамлар қурбонлик қилиш орқали ёмғир сўраб, «тасаттык» маросимини ўтказишди.
«Казгидромет» маълумотларига кўра, август ойида мамлакатнинг беш вилояти — Манғистау, Қизилўрда, Кустанай, Қарағанда ва Ақтўбеда қурғоқчилик кутилмоқда. Бундан ташқари, аномал жазирама Олмаота яқинидаги музликларнинг фаол эришига олиб келиши мумкин. Олмаота тоғларида жойлашган Морен кўллари (музликлар ҳаракати ва эриши натижасида ҳосил бўлган) мегаполис учун потенциал хавф туғдиради, дейишмоқда «Казселезащиты» мутахассислари.
“Биз ҳозир фаол иш олиб боряпмиз. Агар шундай юқори ҳарорат давом этаверса, катта таҳдид юзага келади. Жорий мавсумда музлик кўллари мониторингининг автоматлаштирилган тизими тўлиқ ишга туширилди. У 31 та станциядан иборат бўлиб, барчаси баланд тоғларда жойлашган. Станциялар ёрдамида сув, ҳаво ҳарорати, ёғингарчилик интенсивлиги ва тупроқ намлиги назорат қилинади. Видеокамералар тасвирларни реал вақт режимида узатади”, дея қайд этди Олмаота шаҳар Фавқулодда вазиятлар департаменти Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи Нурсултан Алдонгар.
Қирғизистон
20 июлдан бошлаб Қирғизистон, хусусан, Бишкекда кундузи термометрлар соя жойда +40 даражага етди. Шу билан бирга, «Қирғизгидромет» бу кўрсаткич ҳозирча рекорд даража эмаслигини таъкидламоқда. Пойтахтда мутлақ максимал ҳарорат 1983 йилнинг июль ойида кузатилган. Ўшанда ҳаво ҳарорати +42,8 даражага кўтарилган эди. Бу ҳозиргача қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳозирги иссиқ ҳавога қарамай, давлат идоралари вакиллари вазият назорат остида эканини, фуқароларнинг кундалик турмуш тарзи одатдагидек давом этаётганини маълум қилди.
Бироқ, юқори ҳарорат кўчада юришни қийинлаштирган. Бишкекдаги асфальт ва дарахтларни совутиш учун Ички ишлар вазирлиги илгари митингларни тарқатишда фойдаланилган сув пуркагичларни қўллашга қарор қилди.
Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам нисбатан барқарор вазият ҳақида хабар берган. Ўтган йили иссиқ об-ҳаво туфайли мамлакат шимоли, айниқса, Чуй вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ерлари мисли кўрилмаган қурғоқчилик ва суғориш суви тақчиллигига дуч келган эди. Ўшанда фермерлар кўплаб митингларга чиқиб, ҳукуматдан ҳосилни сақлаб қолиш учун чора кўришни талаб қилишган. Сув хўжалиги хизмати директори ўринбосари Абдибай Жайлобоевнинг айтишича, жорий мавсумда бундай муаммолар йўқ. Қурғоқчилик ҳам кузатилмади.
Келгусида вазият ёмонлашадими?
Марказий Осиё мамлакатларида ўтган йили ҳам аномал юқори ҳарорат қайд этилган эди. Мутахассислар минтақада ўртача ҳаво ҳарорати йилдан-йилга кўтарилиши ҳақида огоҳлантиришган эди.
«Аномал иссиқ» ибораси, одатда, ҳарорат рекорд кўрсаткичларга яқин ва ўртача максимал қийматлардан юқори бўлганда қўлланади«, дейди «Кичик ер» экологик ташкилотининг экологи, катта маслаҳатчи Тимур Идрисов.
Аммо, унинг сўзларига кўра, ҳозир гап фақат ёзги аномал иссиқлик ҳақида кетмаяпти.
«Иқлим ўзгариши сабаб, кучли иссиқлик тўлқинлари тез-тез тарқалади, интенсив тус олади ва узоқроқ давом этади«, дейди Идрисов.
Климатолог ва БИОМ экологик ҳаракати эксперти Зоя Кретова глобал иқлим ўзгариши оқибатлари ёзнинг давомийлиги ва жазирама кунлар миқдорига таъсир қилишини қайд этмоқда.
“Юқори ҳароратли кунлар сони ортиб бормоқда. Бир неча кун кетма-кет аномал юқори ҳарорат бўлганида биз иссиқлик тўлқинларига тобора кўпроқ гувоҳ бўляпмиз. Бундай тўлқинларнинг давомийлиги узоқроқ давом этиб, аномал жазирама кунлар сони ортиб бормоқда», дейди у.
Марказий Осиё жаҳоннинг иқлим ўзгаришига нисбатан энг заиф минтақаларидан бири, дейди Норвегия халқаро муносабатлар институтининг иқлим ўзгариши ва яшил энергия соҳаси бўйича тадқиқотчиси Роман Вакульчук CABAR.asia билан интервьюда. Бу ерда ўртача йиллик ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда ва минтақа иқлим жиҳатидан Кувайт ёки Саудия Арабистони каби Яқин Шарқ мамлакатларига тобора ўхшаш бўлиб бормоқда.
“Биз ҳозирданоқ айтишимиз мумкинки, бундай ҳарорат меъёрий ҳолатга айланади. Яна бир муҳим савол бор — ҳарорат кўтарилиши бундан кейин ҳам давом этадими, агар шундай бўлса, бу қай суръатда намоён бўлади? Умуман олганда, агар биз пессимистик сценарий ҳақида ўйлайдиган бўлсак, прогноз хурсанд бўларли эмас”, дея қўшимча қилди у.
Роман Вакульчук интервьюсининг тўлиқ матнини бу ерда ўқинг.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!