Сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида шафтоли ва нектарин плантацияларининг умумий майдони 26 фоизга ошди. Ва бундай боғлар майдонининг энг жадал ўсиши сўнгги икки йил ичида кузатилди, деб хабар бермоқда EastFruit экспертлари Миллий ахборот агентлиги маълумотларига таяниб.
2017-2022 йилларда Фарғона вилоятида шафтоли ва нектарин боғларининг умумий майдони 6 305 гектардан 7 920 гектарга, яъни, 1 615 гектарга (ёки 25,6 фоизга) ошган. Бундан ташқари, ушбу ўсишнинг 1 минг 203 гектари сўнгги икки йил ҳиссасига тўғри келади. Шундай қилиб, сўнгги 2 йил ичида шафтоли ва нектарин плантацияларининг умумий майдони 6 717 гектардан 7 920 гектарга, яъни, 18% га ортган.
Айни пайтда Фарғона вилоятида 6 минг 717 гектарлик шафтоли ва нектарин боғларидан ҳосил йиғиб олинмоқда. Жорий йилда ушбу шафтоли ва нектарин боғларидан жами 68 минг тонна шафтоли ва нектарин етиштириш режалаштирилган.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида агромаҳсулотлар савдоси ҳажми ва ассортименти кенгайтирилмоқда
Қайд этиш жоизки, Фарғона вилояти шафтоли ва нектарин экспортида етакчи ўрин тутади, Ўзбекистондан ушбу маҳсулот экспортининг деярли ярми мазкур вилоят ҳиссасига тўғри келади.
2022 йилда Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми май ойининг учинчи ўн кунлигида бошланганини ҳисобга олсак, расмий статистик маълумотларга кўра, жорий мавсум бошидан буён дастлабки икки ойда – 2022 йилнинг 21 майидан 20 июлига қадар Фарғона вилоятидан ушбу маҳсулотнинг 18,5 минг тоннаси экспорт қилинган, бу мазкур даврдаги умумий экспорт ҳажмининг 46%ини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми муваффақиятли бошланди. Маҳсулот экспорти бошлангандан буён дастлабки икки ойда Ўзбекистон жами 39,4 миллион долларлик 40,6 минг тонна шафтоли ва нектарин экспорт қилди. Бу 2018, 2019 ва 2021 йилларнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан ҳам, экспорт тушумлари бўйича ҳам камида 1,5 баробар кўп кўрсаткичдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!