Мева музлатувчи корхоналар учун қийин кечган 2022/23 мавсум кўплаб салбий оқибатларга олиб келди. Ва ушбу сектордаги корхоналар янги мавсумга худди шу асоратлар билан кириб келишга мажбур бўлмоқда.
EastFruit мутахассислари мазкур муаммоларни «Музлатилган мева бозори: нега харидорлар жим» ёки «ЕИнинг музлатилган малина бозори шарҳи — нархлар тушиши қачон тўхтайди?» сарлавҳали мақолаларда батафсил баён қилишган.
Бу ҳолатлар янги мавсумда бозор тенденцияларига анчайин сезиларли таъсир кўрсатиши эҳтимоли баланд. Шу боис, ҳозир биз оқибатлар қандай бўлиши мумкинлиги ва бу 2023/24 йилги мавсумда музлатилган мева-сабзавот маҳсулотлари бозорида ҳажм ҳамда нархлар шаклланишига қандай таъсир этишини баҳолашимиз муҳимдир.
Музлатилган резавор ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий абгор ҳолати
Пул йўқ, мавсум эса жуда яқин. Хом ашё сотиб олиш, жорий харажатлар ва иш ҳақини тўлаш-чи, қандай бўлади? Ўтган мавсумда бозор ўзгариши билан боғлиқ катта молиявий йўқотишлар шунга олиб келдики, кўплаб тадбиркорларда янги мавсумни бошлаш учун етарли маблағ қолмади. Бундан ташқари, шу пайтгача европалик харидорларнинг ишлаб чиқарувчилардан қарзлари бор ва улар бу қарзларни турли сабабларга кўра тўлай олмайди.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, инқироз кўплаб соҳаларга таъсир кўрсатди ва банк тизими ҳам бундан мустасно эмас. Бундай вазиятда кредит олиш мураккаб молиявий аҳволдан чиқишнинг ечими бўла олмаслиги мумкин. Биринчидан, кўпгина компанияларнинг шундоқ ҳам кредитлари бор ва банклар янги қарз беришга рози бўлиши даргумон. Иккинчидан, кредит бериш шартлари ва фоиз ставкалари йил давомида сезиларли даражада ошди, бу эса, албатта, тайёр маҳсулот таннархи шаклланишига таъсир кўрсатади ва хомашёнинг айрим турларини сотиб олиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин.
Мева-сабзавот секторидаги кўплаб фермерлар кредитлардан фойдаланмайди, шунинг учун пул қиймати (яъни, кредит бўйича ставка даражаси) узоқ вақт давомида маблағлар музлатиладиган корхоналарга қанчалик таъсир этишини ҳамма ҳам тушунавермайди. Шулардан бири мева-сабзавотларни музлатиш бизнесидир.
Пулнинг қиймати қанчалик баланд бўлса, музлатувчи корхона фермерга малина, қулупнай, олхўри, ўрик, гулкарам ёки бошқа хом ашё учун тўлайдиган нарх шунчалик паст бўлади.
Фикримиз асоссиз бўлмаслиги учун биз 2022/23 йилги мавсум бошидан то бугунги кунгача бўлган евродаги кредитлар нархи ва АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ)нинг доллардаги ставкалари динамикасига бевосита таъсир қилувчи Европа Марказий банкининг қайта молиялаш ставкалари динамикасини келтирамиз.
Кўриб турганингиздек, 2022 йил июль ойидан бошлаб, еврони қайта молиялаш ставкаси 7,5 баробар ошган! Бунга қадар у 2019 йилдан бери ўзгармаган ва деярли нолга тенг эди!
Долларда вазият бундан ҳам ёмонроқ — 2022 йил март ойидан бошлаб, ФЗТнинг қайта молиялаш ставкаси 10 баробар ошди!
Афсуски, бу ажралмас занжир: хом ашё сотиб олиш ва ишни бошлаш учун музлатилган мева-сабзавот ишлаб чиқарувчига маблағ керак. Шунга кўра, агар пул қиммат бўлса, у ҳолда қайта ишловчи корхона хомашё нархини пасайтириши ёки тайёр маҳсулот нархи ошишини кутиши керак. Ва биз материалнинг бошида айтиб ўтилган мақолаларда кўрсатганимиздек, ўтган мавсумда барча турдаги музлатилган мева ва резаворлар нархлари кескин тушиб кетди. Шунинг учун, ҳатто кредитлар жалб қилиш харажатларини оширмасдан туриб, музлатувчи корхоналар бу мавсум шундоқ ҳам хом ашё нархини пасайтиришлари керак эди.
Албатта, муқобил бозорлар кўринишида танлаш имконияти бўлса, фермерлар маҳсулотни бир йил аввалгидан арзонроқ сотишни истамайди, деб тахмин қилиш мумкин. Музлатувчи корхоналар томонидан хом ашё сотиб олиш ҳажми камайиши мумкин дея тахмин қилиш ҳам мантиқан тўғри. Ҳаммасини вақт кўрсатади, бироқ, ҳозирча бу иккала омил ҳам хом ашё учун нархлар шаклланиши нуқтаи назаридан салбийдир.
Тайёр маҳсулотлар мавжудлиги
Бу омил ҳам салбий, биринчи навбатда, молиявий, иккинчидан эса логистика нуқтаи назаридан. Ҳозиргача сотилмаган музлатилган маҳсулотлар, бу, албатта, музлатилган маблағдир. Яъни, ишлаб чиқарувчи хом ашёни пулга сотиб олади, музлатади, қадоқлайди ва паст ҳароратли омборда сақлайди, энг ёмони, у маҳсулот қачон ва қандай нархда сотилишини аниқ билмасдан туриб пул сарфлашда давом этади. Бир йилдан бери пул музлатиб қўйилган ва хомашё нархи ўсишда давом этмоқда, аммо ҳали натижа йўқ. Айтганча, бу пулнинг ҳам ўз қиймати борлигини унутмаслик керак, чунки унинг банк фоизлари ўсиб боради ва улар қайтарилиши керак. Бундай вазиятда янги мавсум учун хом ашё сотиб олиш ва уни қайта ишлаш учун маблағни қаердан олиш лозим? Ваҳоланки, бу масаланинг молиявий жиҳати, яна логистика ҳам бор. Музлатилган маблағлар билан биргаликда тайёр маҳсулот омборда жой эгаллаб турибди, янги маҳсулотлар, табиийки, сиғмайди. Демак, ишлаб чиқарувчи музлатиш ҳажмини сотилмаган маҳсулотларнинг сотилмаган қолдиқлари ҳисобига камайтиришни режалаштиришга мажбур.
Умуман олганда, авваламбор, у ёки бу маҳсулот ҳали ҳам омборда ётгани сабабларини тушуниб олиш керак. Инқироз шароитида ушбу маҳсулотлар бозорининг ҳажми қанча ва бир йил давомида бозорда харидор топилмаган маҳсулотни тайёрлаш нечоғли мақсадга мувофиқ? Бу омиллар ишлаб чиқарувчиларни янги мавсум учун маҳсулот тайёрлаш бўйича режаларда беқарорликка олиб келади. Ишлаб чиқарувчилар объектив сабабларга кўра, паст нархларни таклиф қилган ва тўловларни кечиктирган, ҳолатда (бошқача айтганда, «секинлашув») — мавсум ўтказиб юборилиши мумкин ёки ишлаб чиқариш қувватига мос равишда фаолият юритилмаган бўлади. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, ишлаб чиқариш корхоналари учун ишнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан энг муҳим омиллардан бири корхона қувватларидан максимал даражада фойдаланишдир.
Ушбу фонда ишлаб чиқарувчилар ҳозир рақобатдош мамлакатларда мева ва резаворларнинг кутилаётган ҳосилдорлиги тўғрисида фаол маълумот тўплашмоқда. Шунинг учун бозорда ўрик ва умуман данакли мевалар ҳосили ёмонлиги ҳақидаги миш-мишлар фонида муайян бир фаоллик пайдо бўлди. Бозор иштирокчилари, шунингдек, резаворлар билан боғлиқ вазиятни, хусусан, малина ва қорағатнинг омборлардаги қолдиқларини фаол муҳокама қилмоқдалар. Ҳамма ҳушёр турибди, бозорни таҳлил қилмоқда ва жорий режимда пайдо бўладиган маълумотларга нисбатан муносабат билдиришга ҳаракат қилмоқда.
2023/24 мавсум ноаниқлик ва тез ўзгарувчан бозорга мослашишнинг яна бир даври бўлади. Зеро, бугунги кунда якуний харидорнинг харид қобилияти бозор ҳаракатининг векторини белгилайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!