Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларТехнологик омборхоналарсиз украиналик фермерлар ҳосил учун курашда енгилмоқдалар – Андрей Марушак
Долзарб Махсус Технологиялар Янгиликлар

Технологик омборхоналарсиз украиналик фермерлар ҳосил учун курашда енгилмоқдалар – Андрей Марушак

Беқарор иқтисодий вазият – Украинадаги мева-сабзавот етиштирувчилар учун яхши дўст бўлмайди. Агробизнес тасодифий одамларни ёқтирмайди, хўжалигини узоқ истиқболда ривожлантиришни, хусусан, олинган ҳосил қандай сақлаб қолинишини режалаштирганларгина ўз ўрнида қолади.

Сабзавотлар, мевалар ва резаворларни сақлаш учун ускуна ва технологияларга ихтисослашган Ван Дайк Техникс” МЧЖ халқаро компаниясининг тижорат директори Андрей Марушак EastFruitга берган интервьюсида шулар ҳақида гапириб ўтди.

— COVID пандемиясининг иккинчи йили Украинада сабзавот сақлаш омборлари қурилишига ўз таъсирини ўтказдими?

– Омборлардаги сақлаш усулларининг таъсири COVIDнинг ўзидан кўпроқ. Мамлакатдаги иқтисодий вазият ва якуний маҳсулот нархлари ҳам таъсир қилмоқда.

Бунда беқарорлик, ярим йил у ёқда турсин, ҳатто бир-икки ойлик прогнозлар қилиш имкониятининг йўқлигини назарда тутмоқдаман. Бу кўплаб мижозларни тўхтатади.

Янги пайдо бўлган муаммолардан яна бири – Украинада пиёз етиштириш пасайди ва пиёз экувчиларнинг ўзи камайиб кетди. Қаторасига 2-3 мавсум нархларнинг паст бўлганлиги пиёз етиштиришни ўлдирди.

Нега бундай бўлди? Ҳаммаси оддий – одатда, фермерларимиз ҳосилни қўлбола омборларда сақлаган ва бунда йўқотиш 20-30 фоизни ташкил этган. Бу омборларни фермерлар ўзлари, экспертлар билан маслаҳат қилмасдан ясаб олган. Профессионал тарзда барпо этилган омборларда 6-8 ой ичида кўпи билан 8 фоиз йўқотиш бўлиши мумкин.

Қачонлардир пиёз етиштириш жуда сердаромад эди – маржа 100-200 фоиз, баъзан ҳатто 400 фоизга етган. Бироқ, сўнгги йилларда вазият ўзгарди, маржа 10-30 фоизга тушиб кетди, сақлашдаги йўқотишлар эса 30-40 фоизга етмоқда. Айнан ўша йўқотишлар ҳаммасини барбод қилмоқда.

Бу гапларни айтаётганимдан афсусдаман, аммо мен ўн йиллар давомида пиёз етиштириб келган, кейин эса бир-икки йил ичида банкрот бўлиб қолган катта-катта хўжаликларни кўрдим.

– Бундай хўжаликларни қайта жиҳозлаш орқали қутқариб қолиш мумкинми?

– Қайта жиҳозлаш катта харажатларни талаб этади. Тўғри, баъзида реконструкция қилиш осон бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради. Одатда, бизда пиёз жанубда, картошка эса ўрта ва шимолий ҳудудларда етиштирилади. Ҳеч ким сабзавотларни узоқ йўл босиб сақлашга олиб бормайди. Қайта жиҳозлаш эса қўшимча, устига-устак, катта харажатлар демакдир.

– Наҳотки Украинада сабзавотлар ва резаворларни қайта ишлаш ва сақлашга мўлжалланган янги технологик линиялар барпо этилмай қўйди?

– Ҳозир Украинада ўрмон резаворларини музлатиш линиялари фаол равишда қурилмоқда. Улар етарлича. Бу ерларда, асосан, черника сақланади. Баъзида малина ва бошқа резаворлар ҳам қўйилади. Бироқ малина борасида биз ўша Сербия ёки Польша билан рақобатлаша олмаймиз ҳали.

Ҳа, бу йил малинага талаб бор. Эҳтимол, беш йил аввал бўлганидек, яна ушбу мевани оммавий равишда экиш, кейин эса худди шундай шиддат билан суғуриб ташлаш бошланса керак. Бу жуда яхши. Фикримча, айнан шу бозорни сегментлаштиради. Сиз бизнесингизни бугуннинг ўзида пул ишлаб олиш ниятида бошласангиз, бу ишламайди.

Аммо, лоақал 10 йилга мўлжалланган стратегия асосига бизнесингизни қурсангиз, у иш бериши мумкин. Маржа юқори бўладиган, паст бўладиган даврлар бўлади. Лекин сиз 10 йиллик давр ичида, шартли равишда, умумий даромад 30 фоиз бўлишини тушуниб турасиз.

Агробизнесни режалаштириш, режа қилганда ҳам, узоққа муддатни ҳисобга олиш лозим. Сақлаш омбори – бу бир-икки йилга мўлжалланадиган нарса эмас. Уларнинг фойдаланиш муддати камида 25 йилдир.

Ўзини қоплаши эса бозор конъюнктурасига қараб 3-5 йилда юз беради. Омборга эга бўлиш савдо тармоқлари билан узоқ муддатли етказиб бериш шартномаларини тузиш имконини беради.

Музлатиш масаласига қайтадиган бўлсак, ўша Польшанинг ўзида 200 дан зиёд шок ҳолатида музлатиш тонеллари ишлаяпти. Украинада эса улар 30 та холос. Поляклар шунчаки ҳамма мевасини экспорт қилади, бизда эса ундай эмас.

Бизнинг экспортимиз нари борса, ўша Польшанинг ўзига кетади. Улар бизнинг маҳсулотларни ўзиникига қўшади-да, ўзи истаган ҳудудга экспорт қилади.

Биз, украинлар, ўз донимизни, жўхоримизни экспорт қила олар эканмиз, демак, ўзимизда етиштириладиган ҳамма нарсани, шу жумладан, сабзавотлар ва резаворларни ҳам экспорт қилишимиз мумкин.

– Мева-сабзавотлар экспорти – Украина келажагими?

– Бир нарсани тушиниб олишимиз керакки, Украина бозори у қадар катта эмас. Мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантириш нафақат ишлаб чиқарувчиларнинг, балки давлатнинг ҳам вазифасидир.

Украинадан 17 баравар кичик бўлган Нидерландия қандай қилиб мева-сабзавот етказиб бериш бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқиб олди? Голландлар аллақачон бир нарсани тушуниб етганлар: ички бозор бор, лекин у кичкина. Маҳаллий бозор бирпасда тўлиб қолади, шунинг учун экспортга ишлаш керак.

Европа мамлакатларини қўя турайлик. Европада квоталар ишлайди. Аммо бошқа мамлакатларда бу нарса йўқ. Шунчаки, уларнинг талабларини бажариш керак.

Африка ёки Осиё мамлакатларида улкан бозор ва сиғим мавжуд. Лекин биз оддий сабаблар туфайли у ерларга маҳсулот етказиб бера олмаймиз. Биз инглиз тилини билмаймиз, бунинг устига бизда экспорт операцияларини амалга оширишда ҚҚСни қайтариш тизими яхши ишламайди.

Украинанинг экспорт салоҳияти беқиёс, биз ўша Африкасини ҳам, Осиёсини ҳам украин маҳсулотлари билан тўлдириб юборсак бўлади. Бироқ бизнинг давлат арбобларимиз бунга кўмаклашмаяпти.

– Логистика компанияларининг таъкидлашича, Украинанинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш йўлида битта катта тўсиқ бор. У ҳам бўлса – профессионал даражадаги омборхоналар етишмайди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Даставвал, махсус ва технологик омборлар таркиблари орасидаги фарқни тушуниб олишимиз лозим. Технологик омборлар – сабзавотларни узоқ муддат сақлашга мўлжалланган камералар.

Бир мисол келтираман. Биз бундан 7 йил аввал Киевнинг ёнида қурилган лойиҳани реконструкция қилдик. Уни бунёд этишган, кейин эса сабзавотларни сақлаш учун технологик омбор сифатида ишга туширишган. Аслида ушбу иншоот бунга мўлжалланмаган – у жойда ҳамма нарса сақлаб кўришган ва ҳар сафар муваффақиятсизликка учрашган.

Бу йил биз мазкур омборнинг бир қисмини қайта жиҳозладик. Ва бугун бу янги технологик сақлов камераларига талаб жуда юқори. Одамлар ҳатто навбатда туришипти.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қозоғистоннинг Павлоград вилоятидаги агрокорхона PepsiCo билан шартнома имзолади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Покистон ва Афғонистон Ўзбекистон мева-сабзавотлари импорти бўйича етакчи бўлди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин