Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюХорхе Дуарте: ёпиқ тупроқ технологиялари Грузияда реза мевалар секторини яхшилашга хизмат қилади
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Хорхе Дуарте: ёпиқ тупроқ технологиялари Грузияда реза мевалар секторини яхшилашга хизмат қилади

Резавор мевалар етиштирувчиларнинг консультанти, Португалиялик агроном Хорхе Дуарте USAID Agriculture program дастури томонидан Грузияга маҳаллий фермерларга маслаҳатлар бериш учун таклиф этилди. 2020 йилда бир қатор онлайн семинарлардан сўнг у 2021 йил апрелда ва июлда икки марта Грузиядаги резавор мевалар плантацияларига ташриф буюрди. Хорхе Марокаш, Миср, Руминия, Испания, Италия, Туркиядаги резавор мевалар боғларида ишлаш бўйича катта тажрибага эга эканлигини инобатга олиб, EastFruitнинг Грузиядаги мутахассислари у билан Грузияда малина ва ежевика етиштириш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида суҳбат қурди.

– Грузиядаги малина ва ежевика сектори тўғрисида нима дея оласиз?

– Асосий жиҳат шундаки, Грузияда малина ва ежевикани кўчатларини очиқ тупроққа экадилар. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, бу сархил резаворлар бозори учун яхши танлов эмас. Одатда, очиқ тупроқда етиштирилган резаворлар қайта ишлаш секторига сотилади. Чунки бундай усулда ўстириш турли касалликлар, қуёш куйдириши ва мевани моғор босиши учун шароит яратади. Иқлим билан боғлиқ бу барча муаммолар ишлаб чиқариш салоҳиятини ва даромадни камайтиради. Янги узилган мевалар бозори учун чиқариладиган резавор мевалар кўчат ўсадиган муҳитни ёмғир, тўридан-тўғри қуёш нурлари, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоялашни таъминлайдиган туннелларда етиштирилади.

Мен Грузияда учратган Nova, Caroline, Himbo Top ва Tulamagic сингари навларнинг кўпчилиги эски нав ҳисобланади. Бу йилга келибгина,  USAID Agriculture program қишлоқ хўжалиги дастури кузда ва баҳорда йиғиб олиш мумкин бўлган Рrimocane Amira каби янги навларни тақдим қилди. Эртапишар навлар муҳим ўрин тутади. Чунки Грузиянинг малина ва ежевика етиштириладиган минтақаларида ёз иссиқ келади. Ҳарорат 30 даражадан юқори, намлик эса ёзда 50 фоиздан пастда бўлади. Бундай муҳит реза мевалар етиштириш учун ноқулай. Менинг фикримча, Грузияда ҳосилни ёзда йиғиб олиш учун энг қулай жой Гурия бўлиб, Қора денгиздан келадиган намлик, қулай ҳарорат ва иқлим бунга хизмат қилади. Шундай қилиб, Грузияда малина ва ежевикани баҳор ва кузда, ноқулай иқлим шароитларидан халос бўлиш учун туннеллар ва соядан пана қилувчи тўрлар остида етиштириш энг мақбул йўлдир. Бу, ўз навбатида, ҳосилдорлик ва сифатга ҳам ижобий таъсир қилади. Ёздаги асосий ишлаб чиқариш мавсумига баҳорги ва кузги маҳсулотни ҳам қўшиш, шу билан бирга навларни тўғри танлаб олиш супермаркетларга бутун йил давомида мева етказиб бериш ва узоқ муддатли шартномалар тузишга имкон яратади.

 – Грузин фермерлари қандай қилиб маҳсулот сифатини ошириши мумкин?

Грузин фермерлари ишни қуёшнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш мақсадида боғларда кўланка берувчи тўрлар ўрнатишдан бошлаши лозим. Ҳозир биз ишлаб чиқарувчилар билан айнан шу масалани муҳокама қилмоқдамиз. Бироқ, фермерлар мазкур технологияларга ҳали инвестиция киритганларича йўқ. Мендаги маълумотларга кўра, Грузия бозорида импортёрлар кам. Бу эса ана шундай материаллар импортини қийинлаштиради ёки унинг ўта қиммат бўлишига олиб келади. Кўланка тўрларининг бўлиши – бу сифатни яхшилашнинг битта йўли. Бу якуний қарор эмас.

Яна бир жиҳат – тупроқда рН даражасининг юқори бўлиши. Тупроқдаги рН даражаси 8 дан юқори бўлган ерларда шўрланишни тузатмай туриб экин ўстириш қийин. Чунки кўплаб озуқа моддалари тупроқдаги рН даражаси 6-7 бўлганда сингади. Грузиядаги ерларнинг аксариятида тупроқда рН даражасини пасайтириш учун элементар олтингугурт билан ишлов берилмайди. Тупроқда реакциялар бошланиши ва рН кўрсаткичига тузатишлар киритиш мақсадида бу ишни экин экишдан камида 6-12 ой олдин қилиш керак. Бундан ташқари, илдиз зонасида рН ни паст даражада ушлаб туриш учун ишлаб чиқарувчилар аммоний нитрат, аммоний сульфат ва моноаммонийфосфат сингари кислотали ўғитлардан фойдаланиши талаб этилади. Суғориш сувлари таркибида биокарбонатлар миқдори юқори бўлганлиги сабаб, уни кислота билан бойитиш ҳам шундай ишлар қаторига киради. Натижада, рН даражасида ҳамда илдиз зонаси жойлашган тупроқда кучли ҳимоя қатламини ҳосил қилади.

Шуниси аниқки, ҳаммасини бошдан бошлаганда аввалбошданоқ режани тўғри тузиб олиш муваффақият калитидир. Грузия шароитида ҳосилни баҳор ва кузда олиш учун мос келадиган навларни танлашдан тортиб ҳар бир нав учун туннеллар барпо этишгача.

Мен яна фермерларга ҳар гектарига ҳозиргидан кўра кўпроқ кўчат экишни маслаҳат берган бўлардим. Одатда, бир гектарга 12 мингдан 16 минггача кўчат экилади, аммо Грузияда бу рақам 6-7 мингтани ташкил қилар экан. Бу усул АҚШ ва Европада 20-30 йиллар аввал қўлланилган. Ўша пайтларда фермерлар кўчатлар оралиғида масофа қолдириб экканлар, чунки улар бир-бирига боғланган ҳолатда етиштирилган. Ҳозирги кунда Европада бир погон метр жойга 3-4 та кўчат экилади ва уларга бир бутунликда қаров тизими таъминланади.

Мен ташриф буюрган грузин ишлаб чиқарувчилари ҳам қаров тизимидан фойдаланаркан. Бироқ экинлар орасидаги масофа 0,25 ёки 0,33 м ўрнига 0,75 ёки 1 метрни ташкил қилади. Грузияда эски тизим асосан тупроқда бир йил тургандан кейин ҳосил берадиган флорикана навлари билан қўлланилганлиги сабаб, ўсимлик боғ қалинлигини ошириб боради ва бачки илдизлар ёрдамида кўпаяди. Аммо кўпроқ ҳосил олиш учун ишлаб чиқарувчилар аввалбошданоқ кўпроқ кўчат ўтқазишлари лозим.

– Қайта ишлаш учун ҳосил етиштиришда харажатларни қисқартириш мумкинми?

– Харажатларни камайтириш учун реза мевалар машинада териб олинади. Қўлда териш ҳамиша қиммат бўлган. Бироқ биз агар янги узилган мевалар бозорини мақсад қилсак, қўлда теримдан қочиб бўлмайди. Айни пайтда, ишчи кучининг етишмаслиги Грузияда ҳозирданоқ муаммога айланяпти. Янги мевалар бозори билан ишлаганда охир-оқибат қайта ишлашга юбориладиган сифатсиз мевалар ҳам чиқади. Шу сабабдан, қўлда теримнинг қийматини инобатга олиш лозим.

Ишлаб чиқарувчилар қайта ишлаш учун мўлжалланган резаворларни узоқроқ вақт кўчатнинг ўзида қолдириши ва уларнинг ҳаммасини бирдан йиғиб-териб олиши мумкин. Шу тариқа, ишчи кучига харажатлар камаяди, бироқ қайта ишловчиларга сотиладиган мева арзон ҳам бўлади-да.

Аммо бундан аввал фермерлар харидорларнинг талабларини ҳисобга олмоғи лозим. Португалияда, тармоқдаги ҳосил йиғим-терими тўғрисидаги маълумотларга қараганда, агар сиз ежевикани бозор учун тераётган бўлсангиз, соатига 3-4 кг йиғиб оласиз. Қайта ишлашга эса худди шу вақт ичида 10-12 кг териш мумкин.

– Ишлаб чиқарувчилар ёки бу секторга инвестиция киритишни режалаштираётганларга нима маслаҳат берган бўлардингиз?

– Кўчат экишдан аввал соҳани ўрганинг. Биринчи қиладиган ишингиз ўз мамлакатингиздан ташқаридаги малина ва ежевика етиштирувчи фермаларга ташриф бўлиши керак. Бу сизга энг янги тенденциялар ва секторнинг келажаги тўғрисида қимматли маълумотлар беради. Агар мамлакатингизда ушбу йўналишдаги билимлар етарли бўлмаса, сиз бизнесни ривожлантиришда ёрдам берувчи маслаҳатларни олиш учун четдан ёрдам топишингиз керак бўлади.

Бозордаги энг яхши навларни ўрганинг, консультантлар, питомниклар билан гаплашинг. Ушбу маълумотлар асосида экспорт учун энг яхши навларни танлаб олинг. Маҳаллий савдо ва экспорт бир-биридан фарқ қилади. Маҳаллий бозорда сиз пишиб етилган меваларни кўп миқдорда сотишингиз мумкин. Бироқ уларни самолёт ёки юк автомобили орқали ташишни режалаштирган бўлсангиз, сизга сифатни сақлаб қолиш учун имкони борича узоқроқ вақт давомида сақланадиган энг яхши навлар керак.

Маҳаллий ёки Россия сингари яқин масофадаги экспорт бозорлари учун “Туламин”/ Tulameen, “Глен Эмпл”/ Glen Ample, “Имара”/ Imara, “Квели”/ Kweli ёки “Мапема”/ Mapema навлари доимгидек Шарқий Европада бўлгани каби энг мақбул бўлиши мумкин. Узоқ масофаларга экспорт қилиш учун эса “Амира”/ Amira, “Лагорай”/ Lagorai, “Венги”/ Wengi, “Оптима”/ Optima, “Энросадира”/ Enrosadira, “Кванза”/ Kwanza, “Эрос”/ Eros ёки “Кларита”/ Clarita сингари янги навларни харид қилган маъқул. Яхши навларнинг кўпчилиги лицензия билан ҳимояланади. Уларни лицензияланган Driscolls, Berry World, ABB Breeding ёки Planasa компанияларигина сота олади.

– Эҳтимолий муаммоларни олдиндан билиш учун соҳанинг кучли ва заиф жиҳатларини таҳлил қилиб берсангиз.

– Ўз лойиҳангизга киришишдан аввал яхши ер ва сувли жой топинг. Мен баъзи минтақаларда сув етишмаётганига гувоҳ бўлдим. Сув таъминоти бўйича давлат каналлари бундай жойларда танқис ёки умуман мавжуд эмас. Сув бўлмаса, реза мева етиштириб бўлмайди. Қудуқнинг энг кам ҳажми – камида 8 м3/соат бўлиши лозим.

Малина ёки ежевика кўчатларига уларни экишдан камида 6 ой аввал буюртма беринг. Ҳатто февраль-март ойларида мевага киришга тайёр бўлиб етилган кўчатлар экишни режа қилган бўлсангиз ҳам, сиз бу кўчатларни экишдан 9-12 ой олдин буюртма қилишингиз керак. Нафақат ишлаб чиқариш, балки йиғим-теримдан кейинги қайта ишлаш ҳақида ҳам бош қотиринг. Даладан фермагача бўлган музлаткичли занжир – резаворларнинг сифати ва сархиллигини сақлаш гаровидир.

Одатда, талабнинг пастлиги резаворлар бозорларида заиф жиҳат саналади. Аммо баъзида, айниқса, бозорлар энди жонлана бошлаган пайтда таклиф кам бўлса ҳам шундай муаммо юзага келади. Грузияда барқарор талабга эга бўлиш учун аввало барқарор таклифни яратиб олиш керак. Истеъмолчилар пештахталарда реза меваларни тез-тез кўра бошлагач, уларнинг хулқ-атворида ўзгаришлар юз беради. Аммо бунга вақт керак. Чунки резаворларга ҳамон қиммат мева сифатида қаралиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Испан селекционерлари бинафшаранг брокколи навини яратишди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин