Бош саҳифаДолзарбЖаҳон авокадо бозоридаги хаос – АҚШда Мексикадан барча импорт тўхтатилди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Жаҳон авокадо бозоридаги хаос – АҚШда Мексикадан барча импорт тўхтатилди

Ўсимликлар хавфсизлиги бўйича инспектор АҚШга жўнатиш учун тайёрланган меваларни текшираётган маҳал унинг расмий телефонига таҳдидлар келиб тушгач, АҚШ Мексикадан авокадо импортини бутунлай таъқиқлаганини эълон қилди.

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотига кўра, АҚШ бозорида Мексика авокадосининг ўрнини босиш деярли имконсиз, чунки, 2021 йил якунига кўра, АҚШ авокадо импортининг 92 фоизи Мексика улушига тўғри келди. Мексикадан АҚШга авокадо импорти ҳажми йил давомида жисмоний жиҳатдан 8% га ва қиймат жиҳатидан 25% га ошди.

Албатта, бу Мексика мева-сабзавот бизнесига катта зарба бўлди, зеро, ушбу мамлакат учун авокадо асосий экспорт позицияси, АҚШ эса асосий бозор ҳисобланади. Мексика учун авокадонинг АҚШга экспорти 3 миллиард долларлик бизнесдир”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

АҚШда авокадонинг шундоқ ҳам рекорд даражадаги юқори нархлари, қолаверса, йилнинг шу давридаги  юқори талаб фонида энг йирик етказиб берувчи давлатдан импортнинг тўхтатилиши, шубҳасиз, мамлакат супермаркетларида ушбу меванинг тақчиллигига олиб келади. Жаҳонда денгиз контейнерларининг катта танқислиги шароитида тезлик билан янги харидор топиш ва етказиб беришни ташкил этиш Мексика учун имконсиздир. Зеро, Мексика АҚШнинг қўшниси ва жаҳондаги барча бошқа йирик авокадо етказиб берувчилар Қўшма Штатлардан анча узоқда жойлашган, ҳатто етказиб беришнинг ўзи, агар уни йўлга қўйиш мумкин бўлса, кўп вақт талаб этади. Шу боис, катта эҳтимол билан, яқин орада икки давлат бу муаммони ҳал этишга ҳаракат қилади”, дея қўшимча қилди Андрий Ярмак.

EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, АҚШ жаҳондаги энг йирик авокадо импортёри ҳисобланади. Мексика эса энг йирик экспортёрдир. Шу сабабли, авокадо бозорининг икки йирик ўйинчиси ўртасидаги савдо-сотиқнинг тўхтатилиши ушбу бозор учун жиддий зарбадир.

Мексикадан АҚШга авокадо импортининг кутилмаганда тўхтатилгани шанба куни кечки пайт мексикалик авокадо етиштирувчилар учун йилнинг энг йирик савдоси имкониятини тақдим этувчи Америка футболидаги Суперкубок (Super Bowl) олдидан тасдиқланди. Тўғри, авокадо етказиб беришнинг кубок билан боғлиқ муаммоси йўқ, чунки, ушбу ҳажмлар АҚШга етказиб бериб бўлинган.

Америка оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, авокадо ҳудуд учун курашаётган гиёҳвандлик картелларининг сўнгги қурбонига айланган ва ғарбий Мичоакан штатидаги авокадо етиштирувчиларга товламачилик қилинган, бу штат Мексиканинг АҚШ бозорига ушбу мевани экспорт қилишга тўлиқ ваколати бор ягона штатидир. Мексика Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг баёнотида айтилишича, АҚШ ҳукумати Мексикадаги карантин инспектори таҳдидли хабарни олгач, Мексика авокадосининг барча импортини тўхтатди.

«АҚШ соғлиқни сақлаш идоралари Мичоакан штатининг Уруапан шаҳрида текширув ўтказаётган мансабдор шахслардан бири расмий мобиль телефонига таҳдидли хабарни олгач, шундай қарорга келди«, деб ёзмоқда идора.

Импорт учун таъқиқ жорий қилиниши Мексика авокадо етиштирувчилар ва қадоқловчилар ассоциацияси бу йилги Суперкубок рекламасини намойиш этган кунга тўғри келди. Деярли ўн йил давомида мексикалик экспортёрлар Гуакамоле (Мексика ва АҚШда авокадо асосида тайёрланадиган анъанавий машҳур таом) истеъмолини Америка футболининг суперкубоги анъанаси билан доимий равишда боғлашга ҳаракат қилиб, қиммат реклама намойиш этишар эди.

Бу йилги рекламада Юлий Цезар ва бир гуруҳ  гладиаторлар фанатлари Колизей фонида тасвирланган. Улар Гуакамоле ва авокадодан татиб кўриб роҳатланишар экан, ўрталаридаги қарама-қаршиликни ҳал этишади.

Ушбу турдаги мева Қўшма Штатларда ҳам етиштирилганлиги сабаб, экспорт қилинадиган авокадо АҚШ экинларига зарар етказадиган касалликларга олиб келмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун АҚШ инспекторлари Мексикада фаолият юритар эди. АҚШ  1914 йилдан буён Мексика авокадосига қўйилган таъқиқни 1997 йили олиб ташлаган. Ушбу таъқиқ Америка боғларига ҳашаротлар, қорақўтир ва бошқа зараркунандалар кириб келишига йўл қўймаслик учун жорий қилинган эди. Инспекторлар АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ҳайвонлар ва ўсимликлар саломатлигини назорат қилиш хизматида ишлайди.

Бу, яъни Мичоакандаги зўравонликлар (Халиско картели Бирлашган картеллар деб номланувчи маҳаллий тўдаларга қарши уруш олиб бораётгани) штатдаги энг даромадли экин – авокадога таҳдид солаётган биринчи ҳодиса эмас.

2019 йилда юз берган аввалги шундай воқеадан сўнг USDA АҚШ инспекторларига нисбатан ҳужум ёки таҳдиднинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирган эди. 2019 йилнинг август ойида бир гуруҳ USDA инспекторлари Уруапан ғарбидаги Зиракуаретиро шаҳрида «тўғридан-тўғри таҳдид» остида қолишган. Агентлик нима бўлгани ҳақида батафсил маълумот бермаган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, жиноий гуруҳ инспекторлар олиб кетилаётган юк машинасига қурол билан таҳдид қилган.

Ўшанда USDA мактубида «хавфсизлик қоидалари бузилишига олиб келадиган ёки АPHIS ходимларига жисмоний таҳдидни намоён этадиган келгусидаги вазиятларда биз дарҳол дастур фаолиятини тўхтатамиз» деб ёзилган.

Мичоакандаги кўплаб авокадо етиштирувчиларнинг айтишича, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдалар фермерлар ёки уларнинг оила аъзолари ҳимояси учун пул тўланмаса, ўғирлаш ёки ўлим билан таҳдид қилади, баъзан бу пул бир акр учун минг долларгача етади.

2020 йилнинг 30 сентябрь куни Мексикадаги APHIS ходими шимолий чегарадаги Тихуана шаҳри яқинида ўлдирилган эди.

Мексика прокурорлари марҳум Эдгар Флорес Сантосни гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўда полициячи билан адаштирган ва ўлдирган бўлиши мумкинлигини,  гумондор ҳибсга олинганини айтган. АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, тергов «ушбу бахтсиз ҳодиса жаноб Флорес нотўғри вақтда ва нотўғри жойда бўлганлиги сабаб юз берди«, деган хулосага келган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Олхўрининг янги нави АҚШ истеъмолчиларига манзур бўлмоқда

EastFruit

Космик муваффақият: Cоsmic Crisp — АҚШда олмаларнинг энг яхши 10 та навидан бири

EastFruit

2022 йилнинг иккинчи ярми бўйича жаҳон бодом бозори шарҳи

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин