EastFruit таҳлилчилари Россияга кешью ва макадамия каби истеъмолчилар учун ноанъанавий ёнғоқларнинг юқори суръатлар билан импорт қилинаётганига эътибор қаратишмоқда. Бу шуни англатадики, Россия бозорида анъанавий ёнғоқ турлари, биринчи навбатда, грек ёнғоғи учун кўпроқ рақобатчилар пайдо бўлмоқда, истеъмолчилар эса ғайриоддий, илгари таниш бўлмаган ёнғоқларга кўпроқ эътибор қаратишмоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг саккиз ойида Россия Федерациясига макадамия импорти 2020 йилнинг шу даврига нисбатан бирданига олти баробар ошиб, 457 тоннага етди. Бу нечоғли аҳамиятли ҳажм эканига аниқлик киритиш учун биз уни Россиядаги анъанавий қуруқ мева – хандон писта импорти билан солиштиришимиз мумкин. Шундай қилиб, Россияга хандон писта импорти ўша даврда атиги 586 тоннага етди. Яъни, бу макадамия ёнғоғи импортидан бироз кўпроқ эди. Ваҳоланки, бундан атиги 4 йил аввал Россия Федерациясига макадамия импорти нолга яқин бўлган ва атиги 19 тоннани ташкил этарди.
Макадамия ёнғоғи нимаси билан истеъмолчиларга манзур? Энг аввало, ёқимли ширин таъми уни бошқа ёнғоқлардан ажратиб туради. Кўпчилик учун макадамия ёнғоғи таъми қаймоқ ва ҳатто ванил таъмига яқин бўлгани ва ёғи кўплиги туфайли «пломбир» музқаймоғини эслатади. Шунинг учун, бу ёнғоқни ҳам газак, ҳам десерт сифатида қўллаш мумкин. Ширин таъмига қарамай, бу ёнғоқ витаминлар, фойдали элементлар ва яримтўйинмаган ёғ кислоталарига бойлиги туфайли энг фойдали ёнғоқлардан бири ҳисобланади.
Биз икки йил аввал макадамия ёнғоғини етиштириш ва халқаро савдонинг жадал ривожланиши ҳақида батафсил ёзган эдик. Ўшандаёқ, бу турдаги ёнғоқнинг истеъмолдаги улуши ўсишини прогноз қилганмиз. Айни пайтда мазкур прогнознинг тасдиғини кўриб турибмиз.
Айтганча, макадамия Россияга етказиб бериш ҳажми бўйича Бразилия ёнғоғига деярли етиб олди, лекин у ҳали ҳам кешью, бодом, фундук каби ёнғоқ турларидан ортда қолмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!