EastFruit таҳлилчилари газ ва бошқа энергия ресурсларининг жаҳон бозорида нархлари рекорд даражада юқори бўлгани учун минтақадаги иссиқхона бизнесининг вазияти ҳақида огоҳлантиришмоқда.
Табиийки, бу ҳолат, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтиши мумкин эмас эди. Бир томондан, Ўзбекистонда оқилона давлат сиёсати юритилади ва иссиқхона бизнесида қатор афзалликлар бор: бу ернинг иқлими илиқ, қолаверса, мамлакат газ экспортёри саналади. Бошқа томондан, иссиқхона сабзавотлари, хусусан, помидор нархларининг муқаррар равишда кўтарилиши каби муаммолар келиб чиқмоқда. Бу, табиийки, иссиқхона сабзавотлари экспорт қилинадиган Россияга қараганда даромад даражаси паст бўлган маҳаллий истеъмолчилар томонидан хушланмайди.
Охирги 8 ҳафта давомида Ўзбекистонда қизил гўштдор помидорнинг улгуржи нархи 2,3 баробар ошди ва 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 баравар қиммат бўлди. Қизил думалоқ помидор нархи эса сўнгги тўрт ҳафта ичида 2,3 баробарга ўсди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 баробар кўпдир.
Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда нархлар кўтарилиши ҳозирча энергия манбалари нархи ошиши билан боғлиқ эмас. Аксинча, Россияда сўнгги ҳафталарда помидор нархи тез кўтарилиши натижасидир. Қуйидаги графикда кўриб турганингиздек, Россия бозорида ҳам иссиқхона помидорининг нархи ўтган йилгидан икки баробар юқори ва умуман йилнинг шу даврига нисбатан одатдагидан тахминан икки баравар қиммат. Чунки, Россияда помидор импорт қилинади, жумладан, Ўзбекистондан ҳам. Шу маънода Россиядаги вазият Ўзбекистондаги нархларга бевосита таъсир кўрсатади.
Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон ва Россия ўртасида помидор нархларининг боғлиқлиги аён бўлмоқда. Шу билан бирга, қуйидаги графикдан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда помидор нархининг ўсиш потенциали ҳали тугамаган.
Агар Ўзбекистонда оддий қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархи 8000 сўм/кг (0,75 АҚШ доллари) бўлса, демак, Ўзбекистонда помидорнинг чакана нархлари ҳозирданоқ «тишламоқда». Масалан, «Макро» супермаркетлар тармоғида қизил думалоқ помидор 17 590 сўмдан сотилмоқда ва бу нарх 1,64 АҚШ долларига тўғри келади.
Бу ҳам йилнинг шу давридаги рекорд нарх. Ва қимматроқ помидор турлари, масалан, пушти помидор учун 2,3 АҚШ долларидан кўпроқ тўлашга тўғри келмоқда.
Иссиқхона помидорининг нархи Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида, одатда, ноябрь-декабрь ойларида тез ўса бошлашини ҳисобга олсак, Янги йил байрами арафасида бу сабзавот маҳаллий истеъмолчилар учун жуда қимматга тушиши мумкин. Бундан ташқари, шуни қайд этиш жоизки, нархларнинг ўсиш суръати ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда, чунки, газ нархи инқирози туфайли иссиқхона помидорини етиштириш жаҳондаги деярли барча мамлакатларда камайиши эҳтимоли баланд.
Бу ерда Ўзбекистон учун афзалликлар ҳам бор. Агар мамлакатдаги иссиқхоналар газдан фойдалана олса, мамлакат юқори қўшимча қийматли маҳсулотлардан экспорт даромадларини кескин оширишга эришади. Бундан ташқари, мамлакат экспорт географиясини кенгайтириши, юқори нархга эга бўлиши ва аҳоли тўлов қобилиятига эга бўлган талабчан бозорларда муносиб ўрин эгаллаши мумкин. Ўз ўрнида, бу экспортни диверсификациялаш имконини беради.
Ўзбекистон учун нимани экспорт қилиш афзал – газними ёки шу газ ёрдамида етиштириладиган иссиқхона помидорини? Бу хусусдаги батафсил таҳлилни биз «Иссиқхоналарга эътиборсизлик – бу Ўзбекистон учун фойдами ё зарар?» деб номланган материалда тақдим этганмиз.
Бу позицияларни ҳатто энергия нархи билан боғлиқ вазият меъёрига келганидан кейин ҳам сақлаб қолиш осонроқ бўлади. Ва айни пайтда янгидан-янги иссиқхонада етиштирилган сабзавотлар бозорларини забт этиш учун шароитлар нисбатан қулай. Масалан, қиш-баҳорда Украинадаги иссиқхона сабзавотларининг рекорд нархлари прогноз қилинмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат Шарқий ва Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатларда ҳам кутиляпти.
Аммо, мазкур фонда ўзбекистонлик иссиқхона фермерлари етказиб берилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати ҳақида унутмасликлари керак. Олинган қўшимча даромадни эса маҳсулотларни такомиллаштириш учун сармоя сифатида йўналтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу мамлакатга янги экспорт бозорларида муносиб ўрин эгаллаш имконини беради. Ва қишлоқ хўжалигининг энг юқори технологик- инновацион сегменти бўлмиш иссиқхона бизнесини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!