Бош саҳифаДолзарбБуюк Британияда сабзавот тақчиллиги юзага келди, ритейлерлар ушбу маҳсулотлар харидига чеклов жорий қилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Буюк Британияда сабзавот тақчиллиги юзага келди, ритейлерлар ушбу маҳсулотлар харидига чеклов жорий қилмоқда

Буюк Британияда сабзавот тақчиллиги юзага келди ва мамлакатдаги йирик ритейлерлар сабзавот ассортиментидаги бир қатор маҳсулотлар харидига чекловлар жорий қилди, яъни, ҳар бир харидор бир неча дона сабзавот сотиб олиши мумкин. Бу ҳақида EastFruit экспертлари Daily Mail нашрига таяниб хабар бермоқда.

Испания ва Марокашдаги совуқ ҳаво туфайли Британия бозорига сабзавот етказиб берилиши кескин камайди. Бироқ, бу Буюк Британияда сабзавот тақчиллигининг ягона сабаби эмас, айни вазиятга олиб келган омиллар орасида транспортировка жараёнидаги узилишлар ва энергия нархи юқорилиги,  натижада Британия иссиқхоналарини иситиш анча қимматга тушаётгани ҳам бор.

Суратда: 2023 йилнинг 22 февраль санасидаги эрталабки ҳолат: Сент-Айвсдаги (Кембридшир) Аldi тармоғи дўконида қизил булғор қалампири жойлаштириладиган бўш пештахта

Буюк Британиядаги энг йирик помидор етиштирувчи — АPS Produse компаниялар гуруҳини ривожлантириш бўйича директор Фил Пирсоннинг қайд этишича, энергия нархи юқори бўлгани сабабли помидор ҳосили йиғим-терими кейинроққа “кўчирилган”. Компания иссиқхоналарни ёритиш ва иситиш харажатларини тежаш учун қишда уларнинг бир қисмини бўш қолдиришга қарор қилди.

Жаноб Пирсоннинг айтишича, кечроқ экиш натижасида помидор ҳосили март ойида эмас, балки апрель охири – май ойи бошида йиғиб олинади. Унинг сўзларига кўра, бошқа фермерлар ҳам худди шу йўлни тутишди ва шу боис, бозор Пасхадан кейин дарҳол тақчилликдан мўл-кўлликка ўтади.

Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, Европа ва Шимолий Африкадан етказиб берувчилар маҳсулотларни Буюк Британияга эмас, балки бошқа Европа мамлакатларидаги супермаркетларга жўнатмоқда, чунки улар юқори нархларда тўлов қилишга тайёр. Nationwide Produce’нинг йирик импортёри Тим О’Мэлли сўнгги ҳафталарда сархил маҳсулотлар (сабзавот ва мевалар)нинг нақд улгуржи нархлари 300 фоизга ошганини айтади. Агар бу нархларда британиялик истеъмолчилар уларни харид қилганда, улар ҳафталик харажатлар суммасини сезиларли даражада оширишлари керак эди.  Буюк Британия супермаркетлари пештахталаридаги ассортимент ва бошқа Европа мамлакатлари ўртасидаги фарқ ҳақида сўралганда, у шундай жавоб берди: “Гап Brexit ҳақида эмас — етказиб бериш тизимининг турли моделлари ҳақида бормоқда«.

Супермаркетларнинг мева-сабзавот пештахталари бўшаб қолган экан, Испания ва Марокаш экспортёрлари бодринг, қалампир, салат барги, пиёз етказиб бериш нархини икки баробар оширди, дейди Тим О’Мэлли.

2023 йилнинг 21 февралида “Аsdа” супермаркетлар тармоғи саккиз турдаги сабзавот ва мевалар харидига чекловлар киритди, эртаси куни эса Моrrisons тармоғи тўрт турдаги мева-сабзавотларга шундай чекловларни жорий қилди. Ва Аldi тармоғи ҳам шундай йўл тутди:

«Биз қалампир, бодринг ва помидор хариди бир киши учун уч донагача бўлишини белгилаб қўйдик, ана шундагина керакли маҳсулотларни имкон қадар кўпроқ харидорлар сотиб олиши мумкин«, дейди Аldi UK вакили.

Суратда: Алтринчдаги Аldi супермаркетлар тармоғи дўконларида энди қалампир, бодринг ва помидорни ҳар бир киши уч донадан харид қилиши мумкин.

2023 йилнинг 22 февраль ҳолатига кўра, бошқа ритейлерлар ҳозирча сабзавот ва мевалар харидига чекловлар жорий қилмаган.

Бу ҳафта ижтимоий тармоқлар Британия супермаркетларидаги мева-сабзавотларнинг бўш пештахталари суратларига  тўлиб кетди, айниқса, помидор тақчиллиги кўпроқ  сезилди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида яшовчилар ўз супермаркетларининг мева-сабзавотларга тўла эканини намоён этувчи суратларни бўлишишди.  Испания, Франция, Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида яшовчи британияликлар помидор, қалампир ва бодрингга тўла дўконларни видеотасвир ва фотосуратларга олишди, сўнгра ватанларидаги бўш пештахталар Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиш оқибати эканини айтишди.

Суратда: Буюк Британияда помидор тақчиллиги фонида экспатлар Испания ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларидаги сабзавотга тўла супермаркетлар пештахталарини суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштиришди.

Суратда: Франция супермаркетларида Испания ва Марокаш сабзавотлари

Бироқ, экспертлар ва фермерларнинг қайд этишича, ҳозирги сабзавот тақчиллиги Brexit билан боғлиқ эмас ва бунинг сабаби Марокаш ҳамда Испаниядаги ноқулай об-ҳаво билан бирга энергия нархи юқорилиги бўлиб, бу Буюк Британияда ҳам иссиқхонани ишлатиш учун газ нархи сезиларли даражада ошишига олиб келди.

«Баъзи одамлар супермаркетлар пештахталарига товар етиб келмаётганлигида Brexit’ни айблашади. Бироқ, айни пайтда нарх адолатли эмас.  Бу жуда оддий: булар маҳсулотлар учун адолатли нарх тўлашни истамаётган супермаркетлар, қадоқловчилар ва етказиб берувчилардир. Газ ва нефть нархи кескин ошиши туфайли маҳсулот етиштириш таннархи қимматлашди. Айни пайтда Буюк Британияда мавсумдан ташқари даврда (яъни, иссиқхоналарда) ҳеч нарса етиштира олмайсиз«, дейди фермер Олли Харрисон.

Суратда: Лондон шарқидаги Аsdа супермаркетлар тармоғи дўконидаги мева-сабзавот бўлимининг бўш пештахталари

Марокашлик фермерлар сўнгги ҳафталарда совуқ ҳаво, кучли ёмғир ва сув тошқинларига дуч келди, чунки экспертларнинг қайд этишича, мамлакат сўнгги йилларда энг ноқулай об-ҳавони бошдан кечирмоқда.

Деярли шундай ноқулай об-ҳаво омиллари испан фермерлари ҳосилига ҳам таъсир қилди. Жорий йилнинг январь ойи охиридан бери паром қатнови қайта-қайта бекор қилингани сабабли ҳар икки мамлакатдан ҳам экспорт  ёмонлашди. Худди шу вақтда Буюк Британиядаги нисбатан совуқ ҳаво сабзи ва карам экинларига  зарар етказди. Сўнгги ҳафталарда инқироз чуқурлашди, чунки энергия нархи кўтарилиши британиялик фермерларни иссиқхоналар фаолиятини тўхтатишга мажбур қилди, улар зўр-базўр кун кечирмоқда.

Fresh Produce Journal нашрининг қайд этишича, ҳозирги вазият чинакам «идеал бўрон»ни намоён этмоқда.

Аsdа тармоғининг баъзи дўконларида харидорларга бир вақтнинг ўзида фақат уч қадоққача помидор, қалампир, бодринг, салат барги, брокколи ва гулкарам олишлари мумкинлиги айтилган, чунки бир қатор савдо нуқталарида захиралар тугаган.

Суратда: Ливерпулдаги Теscо тармоғи дўконидаги мева-сабзавот бўлимининг бўш пештахталари ва йўлкалар

Моrrisons тармоғи 2023 йилнинг 23 февралидан бошлаб, помидор, бодринг, салат барги ва қалампир харидларини ҳар бир мижоз учун икки қадоқ билан чеклашини айтган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин