2016 ва 2020 йиллар оралиғида қуритилган мева-сабзавотларнинг жаҳон бўйича савдоси 7,94 миллион тоннадан 8,73 миллион тоннагача ўсди. Бу хусусда BusinesStatнинг 2021 йилдаги «Қуритилган мева-сабзавотларнинг жаҳон бозори таҳлили” деб номланган тадқиқотида айтилган.
2020 йилда Covid-19 туфайли қуритилган сабзавот ва мевалар савдоси пасайиб, етказиб бериш занжирининг узилиши, ишлов бериш саноатидаги муаммолар ва истеъмолчиларнинг молиявий аҳволи ёмонлашуви қайд этилди. 2020 йилда қуритилган сабзавот ва мевалар савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 1,1 фоизга камайди. Савдо-сотиқ энг кўп АҚШ (-109,6 минг тонна), БАА (-33 минг тонна), Саудия Арабистони (-30,3 минг тонна) ва Жанубий Африка (-26,4 минг тонна)да пасайди. Бу хусусда FruitNews хабар бермоқда.
2020 йилда қуритилган сабзавот ва меваларнинг асосий истеъмолчилари Хитой (1 479,3 минг тонна, жаҳон савдосининг 16,9 фоизи), Ҳиндистон (899,6 минг тонна, жами савдонинг 10,3 фоизи), АҚШ (445 минг тонна, 5,1%), сўнгра Япония (355,8 минг тонна, 4,1%), Покистон (335,8 минг тонна, 3,8%), Буюк Британия (222,7 минг тонна, 2,6%) ва Германия (207,0 минг тонна, 2,4%) бўлди.
“Жаҳон қуритилган мевалар бозори ўсишининг асосий омили ортиқча вазн муаммоси фонида соғлом овқатланиш трендидир. Қуритилган мевалар ўсимлик оқсили, витамин, минерал ва озуқавий толаларга бой бўлиб, юқори калорияли газакларнинг яхши муқобили саналади. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар ўзларининг бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш учун доимий равишда ассортиментни кенгайтириш устида ишлашмоқда: снекларни қадоқлашнинг янги форматлари, янгича таъмлар ва уларнинг комбинациялари пайдо бўляпти», дейилади BusinesStat тадқиқотида.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!