EastFruit лойиҳаси таҳлилчиларининг хабарига кўра, бу ҳафта «лавлаги жек-пот»ини қўлга киритиш учун украиналик фермерлар нархни тез ошира бошлашди. Бироқ, нархларнинг кўтарилиши айни пайтда ушбу маҳсулот импортига туртки бўлди. Шу ҳафта Украина бозорига қўшни Польшадан лавлагининг биринчи партиялари етиб келди.
EastFruit лойиҳасининг кундалик мониторингига кўра, хўраки лавлаги нархи ҳафта давомида ўртача бир ярим баробар ошди ва бугун украиналик фермерлар ушбу сабзавотни 9-12 грн/кг (0,34-0,45 доллар)дан арзон бўлмаган нархда жўнатишга тайёр. Бозор иштирокчилари нархларнинг бундай тез ўсишини бозорда ушбу маҳсулот билан боғлиқ таклифлар чеклангани билан изоҳлашмоқда, зеро, кўпчилик баҳорда лавлагини максимал нархда сотиш умидида омборхонага жойлаган ва ҳали уни очишга тайёр эмас. Мақсад катта даромад олиш имкониятини бой бермасликдир.
Бу ҳолатга шу ҳафта Украинага Польша лавлагисини етказиб бера бошлаган савдогарлар дарҳол муносабат билдиришди. Бугунги кунда ушбу маҳсулот ҳажми катта эмас ва импорт қилинган лавлагини сотиш нархлари 8,00-8,50 грн/кг (0,30-0,32 доллар/кг) оралиғида айтилмоқда. Яъни, импорт қилинган лавлаги бу нарх даражасида Украина билан нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош, демак, баҳорда нархларнинг кескин ўсишига бўлган умид ўзини оқламайди.
Айни пайтда Украина фермер хўжаликларида хўраки лавлаги 2020 йилнинг ноябрь ойи охирига нисбатан ўртача 3,3 баравар қиммат. Шу билан бирга, агар украиналик фермерлар лавлаги сотишдан воз кечишда давом этишса, бозорнинг асосий иштирокчилари Польшадан ушбу сабзавот импорти кейинги ҳафтадан бошлаб кескин ўсиши мумкинлигини истисно қилишмайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!