Украина йилига 68 минг тонна гилос мевасини етиштиради, аммо унинг 3,5 фоизини экспорт қилади холос. Бу 2,4 минг тонна дегани. Бу 2019 йилга оид маълумотлар, 2020 йилда ҳосилдорлик кам бўлган эди, шунинг учун айнан 2019 йилги кўрсаткичлар бозор таҳлили нуқтаи назаридан тўғри бўлади. Халқаро бозорда Украина гилосининг нархи дунёдаги энг паст нархлардан бири ҳисобланади. Савдо ҳажмини кўпайтириш ва маҳсулот нархини ошириш учун экспортчилар қайси йўналишларни танлаши кераклиги ҳақида, “Аврора” МЧЖ экспорт бўйича менежери Эдуард Герман, “FTradeClub Berries” резидентлари билан учрашув пайтида гапириб берди, деб хабар беради SEEDS. Тадбир ташкилотчиси – “АПК-Информ: Сабзавотлар ва мевалар”. EastFruit халқаро таҳлилий платформаси ва Sapienza – Агромедиа агентлиги тадбирнинг ахборот ҳамкорлари ҳисобланади.
Мутахассиснинг фикрига кўра, бугунги кунда Украина мева етиштирувчилари учун энг истиқболли бозорлар Европа мамлакатлари ҳисобланади.
“Биз учун Европа бозоридаги асосий рақобатдошимиз, бу – Туркиядир. Ушбу мамлакат дунё бўйича энг кўп миқдорда гилос етиштиради, ушуб ҳажмининг атиги 5 фоизи экспорт қилинади. Сабаби, уларда ички бозорда гилосга талаб жуда юқори. Туркия гилосни кўпроқ Европага экспорт қилишни афзал билади. Ва бу Европа бозорининг асосий гилос етказиб берувчи мамлакатларидан бири ҳисобланади ва, айнан шунинг учун, Туркия бозорга кирадиган мавсумда нархларни улар белгилайди.
Гилос етказиб бериш борасида унча-мунчаси Туркия билан рақобатлаша олмайди. Аммо сифат борасида унга рақобатчилар топилади. Масалан, Испания сифатли гилос етказиб берадиган ва уларни юқори нархда сотадиган мамлакатдир. Аммо Туркияда ҳам, Испанияда ҳам гилос мавсуми эртароқ бошланади, бизда эса июл ойида украин гилосларини етиштириш энг юқори чўққига чиқади. Айниқса, бу йил мавсум икки ҳафтага сурилган вазият бизга унчалик катта бўлмаса-да, имконият беради», – дея қайд этади Эдуард Герман.
Меваларни аниқ қайси мамлакатларга етказиб беришга тўхталадиган бўлсак, бу ҳақда, мутахассис: “Италия – Украина учун истиқболли бозор. Гарчи бу мамлакат катта ҳажмда гилосни экспорт қилса-да, июль ойида уларни импорт қилиш билан шуғулланади, чунки ўзлари етиштирган гилослар мавсуми бу вақтга қадар тугайди”, дея ишонтирмоқда.
Биз учун яна манфаатли ҳисобланган мамлакат, Эдуард Германнинг сўзларига кўра, бу Германиядир. Бу – жуда катта бозор, қолаверса, Украина корхоналари немис бизнеси билан кўплаб алоқаларни йўлга қўйган. Германияда гилос импортининг энг юқори чўққиси, бу – Украинада гилос етказиб беришнинг энг авж вақтига тўғри келади.
«Бундан ташқари, Буюк Британия бозори ҳам бизга бирдек қўл келиши мумкин. Бу йил давомида гилосни импорт қиладиган кам сонли мамлакатлардан биридир, шунинг учун у ердаги харидорлар гилоснинг юқори нархига ўрганиб қолишган. Бироқ, британиялик харидорлар маҳсулот сифатига жуда талабчан», – дейди мутахассис.
Украина гилос етиштирувчиларнинг муаммолари ичида қуйидагиларни қайд қилди:
– маҳсулот сифати (аксарият боғлар совет даврида яратилган);
– украин навлари (рақобатбардош, аммо ҳар доим ҳам халқаро бозорда “таниш” эмас);
– эскирган омборлар совутиш зарур тизимини таъминламайди;
– саралаш (агар гилос сараланмаса, уларни экспорт қила олмаслик эҳтимоли катта);
– йиғим-теримдан сўнг қўшимча ишлов бериш даражасининг етарли эмаслиги (ҳосилни ювиш ва унга ишлов бериш лозим, шунда транспортировка ишлари кўнгилдагидек кечади);
– Украина йўлларининг равонлиги муҳим (гилос мўрт маҳсулот, транспортировка пайтида мевалар уриниб қолмаслиги керак);
– сертификатлаш (ижтимоий мувофиқлик – юқори қўшимча қийматга эга бозорлар учун ишлаб чиқарувчи адолатли иш ҳақи ва меҳнат шароитлари принципларига риоя қилиши муҳимдир);
– инглиз тилини яхши биладиган ходимлар етишмайди, бу эса мижозлар билан музокара олиб боришни қийинлаштиради;
– божхонадаги расмийлаштириш ишларини юрист ҳамкорлигида тузиб чиқиш керак (бу чегарадан ўтаётганда юк машинасини ортиқча ушланиб қолиш ҳолатларининг олдини олишда муҳимдир);
– мамлакатларнинг қонунчилик талаблари (Европа Иттифоқида боғларни баъзи моддалар ёрдамида ишлов бериш усуллари таъқиқланади, Украинада эса бундай таъқиқлар йўқ, бироқ экспортни мақсад қилган мева етиштирувчилар учун бундай моддалардан фойдаланиш ярамайди).
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!