Бош саҳифаЯнгиликларУкраина фермерлари асосан қурғоқчиликка бардошли, эртапишар картошка навларини танламоқда – Николай Гордийчук, “Агрико-Украина”
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Украина фермерлари асосан қурғоқчиликка бардошли, эртапишар картошка навларини танламоқда – Николай Гордийчук, “Агрико-Украина”

Ушбу мавсум украиналик картошка етиштирувчилар учун анча оғир келди. Бунга об-ҳаво шароитлари сабаб бўлди – жанубдаги кўплаб ёғингарчиликлар, Украинанинг марказий минтақаларидаги қурғоқчилик деҳқонларнинг ҳосил борасидаги режаларини ўзгартириб юборди.

Дунё бўйича иқлим ўзгаришлари шароитида Украинада картошка етиштириш қандай ривожланади? Картошканинг қайси навларига энг кўп талаб мавжуд ва селекционерлар навларни иқлим ўзгаришлари ва бозор трендларига қандай мослаштирмоқдалар? Украинада етиштириладиган ва импорт қилинадиган юқори сифатли уруғлик картошка бозорида етакчи ҳисобланувчи “Агрико-Украина” компанияси директори Николай Гордийчукнинг EastFruitга берган интервьюсида шу ҳақда ўқишингиз мумкин.

Компаниянинг Украинадаги навлар ассортименти юқори генетик салоҳиятга эга, турли пишиш гуруҳлари, тоифалари ва истеъмолчиларнинг дидига мос келадиган, Украинанинг иқлим шароитига мослаштирилган 20 та энг яхши навларни ўз ичига олади. “Агрико Украина” дунё миқёсида фаолият кўрсатувчи, турли мамлакатларда расман рўйхатга олинган 200 дан зиёд тижорий картошка навларига эга бўлган Нидерландиянинг “Агрико” компаниясининг расмий ваколатхонаси ҳисобланади.

“Агрико Украина” компаниясининг асосий вазифаси Украинанинг тегишли ҳудудига мос равишда етиштириш шароитларига тўғри келадиган, ажойиб таъм хусусиятлари, юқори даражада ҳосилдорлик ҳамда асосий касаллик қўзғатувчиларига қарши чидамли, жуда сифатли картошка навларини реализация қилишдан иборат. Компаниянинг энг машҳур навлари: «Ривьера», «Аризона», «Эволюшн», «Констанс», «Рудольф» ва «Пикассо».

Картошканинг баланд ҳароратга бардошлилиги селекция компанияларининг асосий диққат марказида

– Николай, айтингчи, украин деҳқонлари ҳозир қайси навларни кўпроқ танламоқдалар ва улар бунда қандай омилларга таянадилар?

– Бугунги кунда, кўриб турганимиздек, ҳамма глобал иқлим ўзгаришлари тўғрисида гапираяпти. Шу сабабли, кўплаб селекция компаниялари ҳозирда юқори ҳароратга бардошли ҳисобланган навларга эътибор қаратишган. Бизнинг компаниямиз селекционерлари ҳам шу қаторда. Агар бизнинг маҳсулотлар портфелига назар солсангиз, улар орасида энг машҳурлари айнан қурғоқчиликка чидамли навлар эканлигини кўрасиз. Уларнинг кўпчилиги эртапишар навлар туркумига киради. Бу шу билан изоҳланадики, мижозларимиз ҳаво исиб кетгунига қадар картошка товар кўринишидаги ҳосилга айланишини исташади.

Айнан шу навлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мижозларимиз орасида “Ривьера” навига талаб юқори. У эртапишар нав бўлиб, униб чиққанидан сўнг 45-кунга бориб ҳосилга киради.

Иккинчи ўринда “Аризона” нави. У ҳам эртапишар нав ҳисобланади ва қурғоқчиликка чидамли. Энг машҳур навлар орасида учинчи ўринда эса “Пикассо” навини айтишим мумкин. Ҳозирги кунда у ўртапишар ва кечпишар картошка навлари орасида ҳосилдорлик ва таъм хусусиятлари бўйича ўзига хос эталонга айланган. Ушбу нав пуштиранг “кўзлар”га эга бўлиб, ўзининг юқори ҳароратга ва қурғоқчиликка чидамли эканлиги учун ҳам картошка етиштирувчиларнинг эътиборини қозонган.

Шундай қилиб, биз кўряпмизки, кейинги пайтларда қурғоқчиликка ва иссиққа чидамли, эртапишар ва ўртача эртапишар навлар машҳур бўлган. Буни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, фермерлар бугунги кунда асосан қурғоқчиликка бардошли эртапишар навлар гуруҳини танлашади.

Суғориш тизими ўрнатилган далада ҳосилдорлик анча юқори бўлади

– Бироқ, бу йил деҳқонларга, айниқса, Украинанинг жанубий вилоятларида ёмғирлар катта зарар етказди. Бундай ҳолатда фермерларга нима маслаҳат берган бўлар эдингиз?

– Дарҳақиқат, бу йил баҳорда жудаям ўзгарувчан об-ҳаво кузатилди. Совуқ ва ёмғирли келган май оқибатида кўплаб хўжаликлар картошкани ўз вақтида эка олмадилар. Кейин эса биз бир ой мобайнида қурғоқчиликка дуч келдик. Украинанинг жанубида ҳар куни жала қуйиб турган бир вақтда, Киев вилоятидаги далаларимизда биз уруғ қадаганимиздан кейин 130 мм ёғингарчилик бўлди холос.

Бундай мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, бу йил биз биринчи марта картошкани томчилатиб суғориш асосида етиштираётган 20 гектар майдонда синов ўтказдик. Умуман олганда, суғорилмаган майдон билан томчилатиб суғориш тизими ишга туширилган майдонимизни таққосласак, ҳосилдорликдаги фарқ 50 фоизни ташкил этди. Житомир, Черниговский ва Киев вилоятларининг бир қисми қурғоқчиликдан азият чекди. Бундай шароитда биз экин мева тукканини, бироқ ҳосил майда эканини кўряпмиз. Масалан, ўтган ва ундан аввалги йили картошкалар калибри 50-60 мм бўлган бўлса, ҳозир улар тахминан 35-45 мм ни ташкил этмоқда.

– Ҳозирда “Агрико”да янги навларни яратиш устида иш олиб бориляптими?

– “Агрико Украина” Голландиянинг “Агрико” кооперативининг расмий вакили ҳисобланади. “Агрико” компаниясида янги навлар селекцияси билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот станцияси мавжуд. Одатда, улар истеъмолчиларнинг таъм эҳтиёжлари каби мезонлар бўйича ўстириладиган навлар, биологик етиштиришга мўлжалланган маҳсулотлар, шунингдек, мен юқорида тилга олган қурғоқчиликка бардошли навлар бўлади. Ҳозирда “Агрико” компаниясининг портфелида дунёнинг ҳар бир иқлим зонасига мос келувчи 200 га яқин навлар бўлиб, компаниянинг ўзи ушбу навларни дунёнинг 80 дан зиёд мамлакатига экспорт қилади.

– Агар Украинанинг турли иқлим зоналари ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг ҳар бирида қайси навлар кўпроқ экилмоқда?

– Биз бу ерда Украинанинг турли минтақаларида етиштиришга яроқли бўлган 20 га яқин навларни рўйхатдан ўтказганмиз. Масалан, Днепропетровск ва Донецк вилоятларида маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига жуда яхши мос келадиган “Пикассо” нави анча шуҳрат қозонган. Украина жанубидаги фермерлар компаниямиздан “Ривьера”, “Аризона”, “Эволюция” каби эртапишар навлар гуруҳини сотиб олишади. Албатта, фермер у ёки бу навни танлашда аввал бизнинг агрономлар билан маслаҳатлашади.

– Аввало, об-ҳаво инжиқликлари билан боғлиқ бу йилги тажрибани инобатга олган ҳолда, шундай ҳолат яна такрорланишига қарши қандайдир режангиз борми?

– Ҳа. Биз аллақачон суғориш тизимларига эга майдонларни кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилдик. Албатта, ёғингарчилик кўп бўладиган йиллари у керак бўлмайди. Аммо сўнгги 5 йил мобайнида биз намлик танқислигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ, бунга йўл қўймаслигимиз керак. Чунки картошка сув ва суғоришни талаб қиладиган экин тури ҳисобланади. Бу бизнинг ўзига хос кафолатимиз бўлади. Суғориш тизимига эга бўлмай туриб, картошка етиштириш худди лотореяга ўхшайди.

Украинадаги 80 фоиз хўжаликлар картошканинг хорижий селекция навларини етиштирмоқда

– Картошкани саноат усулида етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар ўз бизнесини янада ривожлантириши учун нима маслаҳат берган бўлардингиз?

– Биринчидан, яхши нархда сотиш учун сифатли картошка етиштириш керак. Бунинг учун сифатли уруғлик, суғориш ва ўсимликни ҳимоялашнинг яхши технологияси талаб этилади. Картошкани кейинчалик ишлаб чиқарувчи учун мақбул нархларда бозорда ёки супермаркетларда муваффақият билан сотиш учун уни тегишлича сақлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

– Картошка сақлаш омборингизни бугунги кўринишга олиб келиш, уни лозим даражада жиҳозлаш учун қанча вақт кетди?

 – Бир вақтнинг ўзида 1,2 минг тонна картошка сақловчи омборни биз 2010 йилда ишга туширганмиз. Омборни кенгайтириш бўйича навбатдаги босқич 2015 йилда амалга оширдик, 2018 йилда эса лойиҳани бугун сиз кўриб турган ҳолатда якунига етказдик.  Бугунги кунда биз фермерлар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бизнинг талабларимиз асосида картошка етиштираётган хўжаликлар бор. Буни ҳисобга олганда, икки йўналишда ривожланиш мумкин – биз ер эгаларидан ижарага оладиган ўз майдонларимизни кенгайтириш ҳисобига ёки уруғлик картошкани “Агрико” компанияси технологияси бўйича етиштира оладиган фермерлар билан ҳамкорликни кучайтириш йўли билан.

Картошкани контракт асосида етиштириш учун ҳамкорларни танлашда биз ўзимизнинг муайян қоидаларимизга эгамиз. Агар хўжалик шундай мезонларга мувофиқ келадиган бўлса, биз келишиб оламиз, ўзаро талабларимизни айтамиз ва ҳамкорлик қиламиз.

– Украинадаги уруғлик картошка дунё бозорида сотилаётган шундай маҳсулотлардан нимаси билан фарқ қилади? Украиналик селекционерларда ушбу бозорга ўз навларини олиб чиқиш имконияти борми?

– Ҳозирги пайтда Украина навлар давлат реестрида картошканинг 180 га яқин навлари мавжуд. Уларнинг ярми украин селекционерлари томонидан яратилган. Шунга қарамай, фермерлар орасида ўтказилган сўровларнинг кўрсатишича, Украина селекциясига мансуб картошкани хўжаликларнинг 20 фоизи етиштирмоқда, қолганлар эса Ғарб компанияларининг селекция маҳсулотидан фойдаланишади. Нега бундай бўляпти? Гап шундаки, “Агрико” сингари Ғарб компаниялари ўз картошкасини кўргазма-далаларида доимий равишда синовдан ўтказиб боради, фермерларга у ёки бу навнинг афзалликларини тушунтиради, уларни қўллаб-қувватлайди. Афсуски, украин селекцияси борасида бундай деб бўлмайди.

Товар картошкаси савдоларининг ташқи бозорларига чиқишга келсак, бугун Украина картошкаси учун Беларусь Республикасига экспорт чекланган, Россия Федерацияси, Молдова ва ЕИ чегаралари ёпиқ. Фақат Озарбайжон, Грузия ва Яқин Шарқнинг бир неча мамлакатлари экспорт бозорига айланиши мумкин. Шу боис, ҳозир Украина картошкаси учун экспорт истиқболлари бир мунча қийин. Агар яқин 3-5 йил ичида вазият ўзгармаса, келажакда биз фақатгина ички бозор учун ишлашга мажбур бўламиз.

Шунга қарамай, бозор иштирокчилари агар биргаликда ҳаракат қилсак, юқорида тилга олинган қийинчиликларни енгиб ўтиш ва Украинада картошка бизнесини ривожлантириш қўлимиздан келади, дея умид қилмоқдалар.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Совуқ туфайли Туркистон вилояти (Қозоғистон) фермерлари ҳосилнинг катта қисмини бой берди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин