Туркманистон халқаро юк ташиш учун очилган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатини кенгайтирди. Эндиликда Ўзбекистон юк машиналари Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида учта, Туркманистон ва Эрон чегарасида эса камида иккита назорат-ўтказиш пунктидан ўтиши мумкин. Шунингдек, ушбу чегара пунктлари рўйхатига Каспий денгизидаги “Туркманбоши халқаро денгиз пункти” ҳам киритилган бўлиб, у ўз навбатида, Ўзбекистондан Озарбайжонга, сўнгра Грузия ва Арманистонга ҳамда аксинча йўналишда, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб юкларни қисқа муддатда етказиб бериш имкониятини яратади. Бу ҳақида EastFruit мутахассислари хабар берди.
2022 йилнинг июнь ойи бошида EastFruit Туркманистон Ўзбекистондан Эронга ва аксинча йўналишда транзит юк ташувига рухсат бергани, шу билан бирга, ушбу давлат ҳудуди орқали юклар транзити учун бир қатор талаблар ўрнатилгани ҳақида ёзган эди. 2022 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб, хорижий давлатларнинг автотранспорт воситаларига Туркманистон орқали юкларни олиб ўтишга рухсат берилди, уларнинг йўналиши Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасидаги Олот-Фарап ва Туркманистоннинг Эрон билан чегарасидаги Сарахс-Сарахас ўтказиш пунктлари орқали ўтади.
2022 йилнинг июнь ойи охирида Ўзбекистондан Эронга транзит юк ташуви учун Туркманистон Эрон билан чегарадаги иккинчи ўтиш пункти – Ортиқ-Лутфободни очди. Бироқ Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида фақат битта назорат-ўтказиш пунктига рухсат берилгани боис, Туркманистон-Эрон чегарасида иккинчи назорат-ўтказиш пунктининг очилиши барибир транзит юклар оқими сезиларли даражада ошишига хизмат қилмади.
Туркманистон ҳукуматининг навбатдаги қадами эса транзит юклар ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширади. 2022 йилнинг 15-ноябрь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Туркманистон халқаро юкларни ташиш учун очилган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатини кенгайтирганини маълум қилди. Эндиликда Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасидан ўзбек юк машиналари учта: «Олот-Фарап»,» Шовот-Тошҳовуз» ва «Хўжейли-Куняургенч» пунктлари орқали, Туркманистоннинг Эрон билан чегарасидан эса камида иккита назорат пункти – «Сарахс-Сарахас» ва «Ортиқ-Лутфобод» орқали ўтиши мумкин. Шубҳасиз, бу қадам Ўзбекистондан Эронга ва аксинча йўналишда транзит юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширади ҳамда шу орқали Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ўсишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, Туркманистон томонидан халқаро юк ташиш учун очилган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатига “Туркманбоши халқаро денгиз пункти” ҳам киритилган. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистондан Озарбайжонга, сўнгра Грузия ва Арманистонга, шунингдек, қарама-қарши йўналишда – Каспий денгизи орқали энг қисқа йўналиш бўйлаб юкларни етказиб бериш имкониятини яратади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!