2023 йилнинг апрель ойи ўрталарида Тожикистондаги узумзорларга январь ойининг қаттиқ совуқлари таъсири маълум бўлди. Аsia-Plus хабарига кўра, Ҳисор водийси узумзорлари энг кўп зарар кўрган, Хатлон ва Сўғд вилоятларидаги токзорларга эса деярли таъсир кўрсатмаган.
Турсунзода, Шаҳринав ва Ҳисор фермерларининг маълумотларига кўра, уларда токзорларнинг 80 фоиздан ортиғи совуқдан нобуд бўлган. Энди узумзорларни тиклаш учун уч-тўрт йил керак бўлади.
Турсунзодалик фермернинг айтишича, бу йилги ҳосил жуда кам бўлади ва ўтган йилги ҳосилнинг атиги 10-15 фоизини ташкил этади. Маҳаллий фермерларнинг фикрича, келаси йилдан бошлаб узум етиштиришни ҳар йили 20-25 фоизга босқичма-босқич ошириб бориш мумкин бўлади ва фақат 4 йилдан сўнг маҳсулот етиштириш 2022 йилги ҳосил даражасига етказилади. Бунинг учун катта маблағ ва куч зарур, чунки қуриб қолган токзорларни тўлиқ янгилаш керак.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов EastFruit таҳлилий порталига берган изоҳда совуқнинг Ҳисор водийси узумчилари учун ҳалокатли оқибатлари тасдиқланди: «Бу йил мазкур вилоятда узум ҳосили деярли бўлмайди. Совуқ деярли барча узум навларининг токзорларига зарар етказди, баъзи навлар зарар кўриб, бошқаларига зиён етмаган, деб айтиб бўлмайди«.
Шу билан бирга, Бахтиёр Абдувоҳидовнинг хабарига кўра, мамлакат шимолида, хусусан, Сўғд вилоятидаги токзорларда барча ишлар режа асосида кетмоқда ва ҳосил кутилган даражада бўлади. ФАО халқаро маслаҳатчисининг ҳозирги вазиятда шу йилги мавсумда узум нархи ошиши муқаррар эканига ишончи комил. Мутахассис мана бундай ижобий ҳолатни қайд этди: “Тожикистонда, асосан, эски навлар етиштирилаётганини инобатга олсак, узумзорларни совуқ уриши фермерлар учун навларни янгилаш ва жаҳон бозорларида талабгир янги навларни экиш учун бир имкониятдир. Бу муаммо бўлмаганда, ҳеч ким эски узумзорларни илдизи билан қўпориб, улар ўрнига янги навларни экмасди. Шу маънода айни вазият ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун яхши имкониятдир”.
2022 йили мамлакатда 279 минг тонна узум етиштирилган ва бу кўрсаткич бўйича Тожикистон Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллаган.
Жорий йилда Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг прогнозларига кўра, узум етиштириш 281 минг тоннага етказилиши керак эди. Хатлон вилоятида йилига 120-125 минг тонна, Сўғд вилоятида 60-65 минг тонна, Ҳисор водийси ҳудудларида 100 минг тоннага яқин узум етиштириш режалаштирилган эди.
Туманлар орасида хўраки узум етиштириш бўйича ҳам, гектарига олинадиган ҳосил бўйича ҳам республикада биринчи ўринни Турсунзода эгаллайди. Ўтган йили бу ерда 53 минг тонна ҳосил олинди, бу Тожикистондаги умумий ҳосилнинг қарийб 20 фоизини ташкил этади.
Тожикистондаги энг йирик узумзорлар Истаравшан, Бобожон Ғофуров, Ҳисор ва Данғара вилоятларида жойлашган. Хатлон ва Сўғд вилоятлари узумчилари Ҳисор водийсида бой берилган ҳосил ўрнини тўлдиришига умид бор.
Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги январь совуқларининг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсирини ўрганувчи комиссия ҳозирча тадқиқот натижаларини эълон қилгани йўқ, чунки иш давом этмоқда ва айрим экинларга совуқнинг таъсири натижалари ёз арафасида аниқ бўлиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!