Марказий Осиё мамлакатларида сабзавотлар экспортига чекловлар жорий этилиши давом этмоқда. Тегишли муҳокамалардан сўнг Тожикистонда ҳам экспорт чекловларини қўллашга қарор қилинди. Бу ҳақида мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг матбуот анжуманида хабар берилди.
Энди Тожикистондан нафақат пиёз, балки сабзи ва картошка экспорти ҳам чекланди. Энг қизиғи шундаки, мазкур чекловларнинг амал қилиш муддати айтилмаган. Фақатгина чекловлар “бозорда нархлар барқарорлашгунга қадар” амал қилиши таъкидланмоқда.
EastFruit экспертларининг хабар беришича, пиёз экспортига таъқиқ жорий этилиши мавсумда иккинчи бор юз бермоқда. Мавсумнинг биринчи ярмида “ички нархларни барқарорлаштириш мақсадида” Тожикистон пиёзининг экспорти таъқиқланган эди. Бироқ, айни пайтда пиёз нархи шу қадар баландки, бу ҳолатда экспорт учун хавфнинг ўзи йўқ. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулот нархи тахминан бир хил.
Аввалроқ пиёз масаласида худди шундай муаммога дуч келган Қозоғистон ҳам Тожикистондан 6 минг тонна эртаги пиёз олиб келиш бўйича шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Қозоғистоннинг ўзи ҳам минтақада биринчи бўлиб пиёз экспортини чеклади.
Бироқ, қуйидаги графикда кўриб турганингиздек, Тожикистонда пиёз нархи ҳақиқатан ҳам юқори кўрсаткичга эга.
Тожикистонда аномал совуқлардан сўнг сабзи нархи барқарорлигича қолди. Ва ҳозир нархлар аввалги йилларга нисбатан юқори бўлса-да, ўртача нарх даражасидан ошиши у қадар сезиларли эмас. Шу боис, сабзи экспортини таъқиқлаш, эҳтимол, ҳали йиғиб олинмаган ўтган йилги кечки сабзи ҳосилининг бир қисми зарар кўрганлигидан хавотирланиш билан боғлиқдир.
Айни пайтда Тожикистонда сабзининг улгуржи нархлари Ўзбекистондаги нархларга нисбатан икки баробар арзон.
Тожикистонда картошка билан боғлиқ вазият сабзи билан боғлиқ вазият каби таранг эмас. Айни пайтда шундай. Картошка нархи аномал совуқлар таъсирида кўтарилди, лекин нархлар ўтган йилги даражадан унчалик юқори эмас, 2021 йил даражасидан паст ва ҳозирча ўсиш тенденцияси мавжуд эмас.
Шунингдек, ҳозир Тожикистонда картошка нархи Ўзбекистондагидан паст. Бундан ташқари, Тожикистон, картошкани, аслида, сезиларли ҳажмда экспорт ҳам қилмайди, ушбу сабзавотнинг нетто-импортёри бўлиб, уни, асосан, Покистон ва Россиядан импорт қилади.
Шубҳасиз, экспортни таъқиқлаш қарори шунчаки олдиндан хавфсизлик чораларини кўришдан иборат. Дарвоқе, Тожикистондан сабзи экспорти ҳам катта ҳажмлари билан ажралиб турмайди, аммо унинг импорти 2021 йилда минг тоннадан ошган.
Мамлакатнинг сабзавот сегментида асосий экспорт маҳсулоти пиёз ҳисобланади. Тожикистон жуда кўп пиёз экспорт қилади – чекловлар жорий этилгунига қадар Тожикистондан пиёз экспортининг йиллик ҳажми 80 мингдан 100 минг тоннагача бўлган ва Тожикистон пиёзининг асосий харидорлари Қозоғистон, Покистон, Россия ва Афғонистон бўлган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!