Тошкент вилоятида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш учун қўшимча равишда 8 минг гектардан ортиқ ер майдони ажратилади. Бундан ташқари, ушбу вилоятдаги ҳар бир туман картошкачилик, узумчилик ва мева-сабзавотчиликнинг бошқа турлари бўйича муайян бир йўналишга ихтисослашади, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 1 декабрь куни Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
«Тошкент вилоятининг тупроғи унумдор, суви мўл. Бундан самарали фойдаланилса, ҳосилдор боғ ва токзорлар барпо этиш, интенсив сабзавотчиликни йўлга қўйиш, одамларнинг бандлигини таъминлаш мумкин”, дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида шу борада қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, Тошкент вилоятида 2023 йилда 9 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, 25 сотихдан аҳолига берилади. Бу 60 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
Давлат раҳбарининг топшириғи билан, мутахассислар иштирокида Тошкент вилоятида фойдаланилмаётган имкониятлар ўрганилди ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Йиғилишда ана шу таклифлар ҳақида ахборот берилди.
Тошкент вилоятининг ҳар бир тумани мева-сабзавотчилик, картошкачилик, узумчилик каби муайян тармоққа ихтисослаштирилади. Масалан, Оҳангарон, Тошкент, Зангиота, Паркент, Янгийўл, Қибрай туманларида қарийб 5 минг гектарда интенсив усулда сабзавот етиштириш, Бўстонлиқ, Янгийўл, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Бекобод, Чиноз, Оққўрғон туманларида 1 минг 300 гектар ерни боғ қилиш, Паркент, Қибрай ва Пискент туманларида 2 минг гектардан зиёд токзор барпо этиш мумкинлиги айтилди. Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Бўстонлиқ туманларида “in-vitro” лабораториялари ташкил этиб, уруғлик картошка етиштириш мўлжалланган. Умуман, мазкур чора-тадбирлар натижасида 24 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида 62 минг гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳисоб-китоб қилинган. Уларда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш, сув кам талаб қиладиган мойли, дуккакли ва озуқа экинлари етиштириш, чорва боқиш мўлжалланган.
Давлат раҳбари бу чора-тадбирларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!