Бош саҳифаЯнгиликларСифатли суғориш тизимисиз чаканда (облепиха) етиштириш иқтисодий жиҳатдан самарасиздир – Федор Прима
Янгиликлар

Сифатли суғориш тизимисиз чаканда (облепиха) етиштириш иқтисодий жиҳатдан самарасиздир – Федор Прима

Кейинги пайтларда украиналик деҳқонлар орасида чаканда (облепиха) етиштиришга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бироқ, ушбу бизнесда жиддий муваффақиятга эришиш учун Украинанинг барча минтақаларида чаканда етиштиришда суғориш масаласи мажбурий шартлардан биридир. Чаканда бута ўсимлик бўлишига қарамасдан, суғориш тизимисиз ушбу экинни етиштириш имконсиздир. Бу ҳақда 27 майда бўлиб ўтган FTradeClub Berries конференциясида Украинанинг “Эко-Парк” аграр компаниясининг бош агрономи Федор Прима сўзлаб берди. Ушбу тадбир ташкилотчиси “АПК-Информ: сабзавотлар ва мевалар” лойиҳасидир. EastFruit халқаро мева-сабзавот таҳлилий платформаси ва Sapienza агромедиа агентлиги конференциянинг ахборот ҳамкори саналади. Бу ҳақда Seeds хабар бермоқда.

“Суғориш экиннинг қанчалик тез ривожланиши ва мевага киришини белгилаб беради. Шу сабабдан Украина шароитида саноат миқёсида етиштиришда томчилатиб суғоришнинг барқарор тизими бўлиши зарур. Биздаги плантациялар учун сифатли томчилатиб суғориш тизимлари Украинанинг “Эвкалипт Р” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У автоматик суғориш бўйича профессионал тизимни ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бир суғоришда ёш кўчат 3 литр, мева эса 30 литр сув ичишини инобатга олади. Бу бизга жуда яхши натижалар берадиган ҳақиқатан сифатли ечимдир”, дейди Федор Прима.

“Ҳар бир томчи аҳамиятга эга – чунки биз ҳар бир лойиҳада аниқ, иқтисодий жиҳатдан асосланган суғориш жараёнига; осонлик билан ўрнатиш имкониятига; хавфсизлик ва кафолатга; бошқариш ва хизмат кўрсатишда қулайликка эга бўламиз.

Бугунги кунда биз профессионал суғориш тизимлари соҳасида етакчимиз, шунингдек, дунёнинг энг яхши суғориш, фертигация ва автоматлашган суғориш тизимлари учун жиҳозлар ишлаб чиқарувчи компанияларининг маҳсулотларини импорт қилиб, сотмоқдамиз”, деб таъкидлади  «Эвкалипт Р» компанияси бош директори Владислав Радкевич.

Чакандага қаров қандай бўлиши керак?

“Эко-Парк” компаниясининг бош агрономининг қўшимча қилишича, ушбу ўсимлик тури анча ўзига хос ҳисобланади. Унинг “эркак” ва “урғочи” турлари бўлиши мумкин. Бунда “урғочи” турлар мева тугади, “эркак” турлар эса чанглатади.

“Кўчат очиқ илдиз тизимида ўтқазилади. Саноат усулида экишда асосан бир йиллик кўчатлардан фойдаланилади. Аммо шуни ёдда тутиш лозимки, фақатгина сифатли сертификатланган кўчатларгина тутиб кетади. Яна бир қизиқ томони – чакандага қарашда алоҳида талаблар мавжуд эмас. Бироқ, тупроқда ўсимликка барча озиқ моддаларни ўзлаштириш имконини берувчи молифенлар бўлиши муҳимдир.

Чакандага хавф солувчи алоҳида зараркунандалар ҳақида гапирадиган бўлсак, Украинада ҳозирча улар йўқ ҳисоби. Эҳтимол, чаканда пашшаси пайдо бўлиши мумкин”, дейди Федор Прима.

Саноат усулида экканда, агрономнинг айтишича, ҳосилни кесиш орқали териб олиш самара беради. Бунда мевали новдалар кесиб олиниб, кейин қаттиқ музлатишга юборилади. Музлатишдан ўтгач, маҳсулот новдалардан узиб олинади, тозаланади ва қадоқланади.

 

Фото: Суғориш билан ва суғорилмай етиштирилган чаканда мевалари фарқи

 

Чакандадан қандай маҳсулотлар тайёрланади?

Чакандани қайта ишлаш орқали тайёрланадиган маҳсулотлар кўлами анча кенг, дейди Федор Прима. Хусусан, унинг мевасидан қиёмлар, шарбатлар, турли аралашмалар тайёрланади.

“Фармакология ва косметологияда фаол фойдаланиладиган чаканда ёғи ҳам жуда фойдали бўлиб, катта қизиқиш уйғотади”, деб қайд этди “Эко-Парк” агрономи.

Ўз чиқишида Федор Прима чакандани тижорат мақсадида етиштириш учун мос келадиган навлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Улар орасида Украинада яратилганлари ҳам, хорижий навлар ҳам бор.

“Чаканда етиштириш фикри бизда 2017 йилда пайдо бўлди. Кўчатлар, технологияларни ўргана бошладик. Аввалбошдан биз 22 гектарга яқин майдонга чаканда экишни режалаштиргандик. Бироқ кейин англаб етдикки, бундай майдон учун етарли бўлган кўчатни Украинадан топиш амри маҳол. Шунда биз чаканда кўчатини Латвиядан топдик. BRUwell кўчатчилик хўжалиги чаканда селекцияси билан 40 йилдан буён шуғулланади. Биз уларнинг плантацияларида бўлдик, кўчат етиштириш жараёнини кўриб, бу экса бўладиган сифатли кўчат эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Дарҳол кўчатни Украинага олиб келиш масаласи кўндаланг бўлди. Шу тариқа, биз экин материали бўйича дилер бўлишга қарор қилдик”, дейди Федор Прима.

“Эко-Парк” компанияси хўжалиги ҳозирда L катталикдаги кўчатлардан фойдаланади. Бу бир йиллик кўчат бўлиб, нарх ва етказиб бериш жиҳатидан энг қулай вариант ҳисобланади. Умуман, бу ерда латиш селекционерларининг тўртта нави – «Мария», «Татьяна», «Ева» ва «Лорд» навларини экмоқдалар.

Украинадаги чаканда бозори ҳақида сўз борганда, Федор Прима у ривожланиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Янги ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчи корхоналар пайдо бўлмоқда. Бу нархларда ҳам акс этиб, вақт давомида ўзгаришлар бўлиб турибди.

“Янги узилган мевалар (новдада) ҳақида гапирсак, нархлар 10-30 грн/кг атрофида. Тозаланган мевалар 30-40 грн/кг, музлатилгани эса, агар мевалар катта калибрли ва сифатли бўлса, 40-100 грн/кг дан сотилмоқда” деб тушунтирди мутахассис.

Чакандани етиштириш технологиялари борасида шуни айтиш керакки, илк мева ҳосили кўчат ҳосилга киргандан сўнг икки йил ўтгач териб олинади, кейинги икки йил мобайнида эса дарахтлар бутаб турилади.

“Кўчат экилгандан кейин 3 йил ўтгач озроқ ҳосил беради, кейин эса экин ҳам, ҳосил ҳам ўсиб боради. Олтинчи ва еттинчи йилларда экинга дам бериш лозим – у янги мевали куртаклар очади. Умуман, саккизинчи-тўққизинчи йилга бориб битта кўчатдан 7,5 кг гача, бир гектардан эса 8 тоннадан зиёд ҳосил олиш мумкин бўлади.

Ўсимликнинг салоҳияти назарий жиҳатдан гектарига 15 тоннагача бориши мумкин. Фақат бунда ҳосил қўлда терилиши лозим. Аммо қўлда йиғиб олиш самарасиздир, чунки мевалар эзилиб қолади. Шу боисдан новдаларни кесиб олиб, музлатиш энг тўғри йўлдир” дейди Федор Прима.

Юқори ҳосилдорликка эришиш учун қанча пул тикиш керак?

Тўлиқ, узлуксиз ҳосилдорликка чиқиш учун, Федор Приманинг қайд этишича, экинни икки босқичда: ярмини биринчи йил, қолган ярмини иккинчи йилда ўтқазиш талаб этилади.

Бунда 1 гектар ерга кўчат экиш учун капитал инвестициялар ҳар 10 гектарга 10 минг евро ҳисобида сарфланади. Бу сумма кўчатлар нархи (2,5 минг евро атрофида), томчилатиб суғориш тизими (2,5 минг евро), кўчатларни тайёрлаш ва экиш (1 минг евро), шунингдек, мева туккунига қадар қаров харажатлари (4 минг евро)ни ўз ичига олади.

Плантацияга кўчат ўтқазилгандан сўнг 4 йилга бориб даромадга чиқиш ҳақида ўйлаш мумкин. 8 йилда эса инвестициялар бутунлай қопланади. Кўчатлар тўлиқ мевага киргач, 1 гектардан олинадиган соф фойда 4,5-5 минг еврони ташкил қилади.

Федор Приманинг қўшимча қилишича, мевалар ва суперфудлар оммалашгач, дунёда чаканда меваларига талаб ортиб бормоқда, шу боис у деҳқонлар учун иқтисодий жиҳатдан даромадли ва манфаатли экинга айланган.

Чакандани етказиб беришнинг қайси бозорлари даромадли?

“Европадаги асосий бозорлар Франция, Германия, Швеция ва Италиядир. Шунингдек, жуда катта ҳажмларда чаканда экспорт қилинаётган Канада бозори ҳам қизиқиш уйғотади. Бироқ, шуни ёдда тутиш лозимки, ушбу мева учун қаттиқ музлатиш қувватлари керак. Бунда музлатиш манзили мевани йиғиб олиш жойидан 50–100 км масофа жойлашгани маъқул. Чунки мева териб олингач 4 соат ичида музлатилиши керак” деб хулоса қилди Федор Призма.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин