Бош саҳифаЯнгиликларРоссияда сабзи қимматлиги сабаб, Ўзбекистонда паловнинг таннархи ошмоқда!
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Россияда сабзи қимматлиги сабаб, Ўзбекистонда паловнинг таннархи ошмоқда!

EastFruit мутахассислари айни кунларда Ўзбекистондаги сабзи ва лавлагининг юқори нархлари масаласига эътибор қаратишмоқда. Зеро, йилнинг бу давридаги ушбу маҳсулотларнинг юқори нархи, аслида, ноодатий ҳол. Мамлакат пойтахти Тошкентдаги дўкон ва савдо расталарида ҳар икки маҳсулот ҳам кг учун 9000 сўм ($0,85)дан 11 сўм ($1,04)гача нархларда сотилмоқда. Тахминан икки ой аввал ушбу маҳсулотларнинг чакана нархи 2-3 баравар паст бўлган. Одатда, сабзи ва лавлагинининг янги ҳосилини апрель ойида бозорда пайдо бўлиши ва унинг ҳажми аста-секин кўпайиши сабзавотлар нархи кўтарилишига йўл қўймаслиги, аксинча, нархлар аста-секин пасайишига олиб келиши керак эди.

Ушбу мавсумда сабзи ва лавлаги нархларининг бундай «ноанъанавий» нархларда сотилаётганига сабаб нима? EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, асосий сабаб, Россия бозоридаги сабзи ва лавлаги нархларининг аномал динамикасидир. Россияликлар ҳатто ҳазил тариқасида ушбу сабзавотларни истеъмол қилиш – бойлик рамзи, деб ҳам аташмоқда.

Сабзисиз палов – паловми?!

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига сабзи истеъмол қилиш Шарқий Европага қараганда анча юқори. Сабзи кўп истеъмол қилинишининг асосий сабаби шундаки, у машҳур таом – ўзбек паловининг  муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Оммабоп рецептга кўра, паловни тайёрлашда бир кг гуруч учун камида бир кг сабзи ишлатилади. Яқин-яқингача палов тайёрлаш таннархи гўшт, гуруч ва ёғ нархига боғлиқ эди. Энди эса сабзининг ҳам паловнинг таннархидаги улуши ошиб бормоқда.

Aйтганча, Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида гўшт ва гуруч анча қимматлашди. Шунинг учун кўпчилик пало таннархини пасайтириш мақсадида «ошхона» ёки кўча паловига кўп миқдорда сабзи қўша бошлагани сезилиб қолди, сабаби – сабзи арзон эди. Бироқ, энди вазият кескин ўзгарди, ушбу сабзавот нархи кундан-кун рекордларни янгиламоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, одатда, сабзининг янги ҳосили (эртаги маҳсулот) палов учун ишлатилмайди – ҳосил йиғиб олингач, орадан камида икки ой ўтиши керак. Шу сабабли, «эски сабзи» ёки ўтган йилги ҳосили бозорда янгиси  пайдо бўлган тақдирда ҳам палов учун зарур экани сабабли талабгирдир.

Сабзи нархи аномалиялари – нархлар ўтган йилга нисбатан беш баравар баланд!

2021 йилнинг апрель ойида ўтган йилги ҳосил нархи кескин кўтарилди. Ўзбекистонда ўтган йилги сабзи нархи май ойи бошида чўққига чиққанича пасаймаяпти, аксинча, секинлик билан бўлса-да, ўсишда давом этмоқда. Ваҳоланки, одатий манзара бошқача бўлиши лозим эди: бу йилги ҳосилнинг бозорда пайдо бўлиши ва унинг ҳажми аста-секин ошиб бориши ҳеч бўлмаса, ўтган йилги сабзи нархлари ўсишига тўсқинлик қилиши керак эди.

Қуйидаги графикда ўтган йилги сабзининг 2020 ва 2021 йиллардаги улгуржи нархлари динамикаси кўрсатилган.

Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, 2021 йилнинг 11 июнидан бошлаб, ўтган йилги ҳосилнинг улгуржи нархлари 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 5 баравар юқори.

Ушбу ноодатий ҳолатлар янги  ҳосил нархларида ҳам кузатилмоқда. Маҳсулот нархи апрель ойи охирида тушишдан тўхтаб, ўша даражада «қотиб» қолди. Ўтган йили, июнь ойининг биринчи ўн кунлигида эртаги сабзи нархи деярли 2 баравар пасайган ва ҳозирги нархлардан деярли 3,5 баравар арзон бўлган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги сабзи нархлари билан боғлиқ ҳолат, умуман олганда, Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозори – Россия ва шунингдек, қўшни Тожикистондаги нархлар динамикасини такрорламоқда.

Лавлаги нархи ҳам жуда тез ошмоқда

Хўраки лавлаги билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Ҳозирги вақтда Россиядаги чакана савдо дўконларида лавлаги нархи 110 рубл/кг (1,53 доллар/кг), очиқ бозор ва уйлар яқинидаги чакана савдо дўконларида 180 рубл/кг гача (2,50 доллар/кг) сотилмоқда.

Шунга кўра, ўзбекистонлик сабзи ва лавлаги етиштирувчилар ҳамда экспортёрлар учун ушбу маҳсулотларни Россия бозорига экспорт қилишда ажойиб имкониятлар юзага келди.

EastFruit мутахассисларининг қайд этишича, ушбу йўналишга сабзи ва лавлаги экспортининг фаол жўнатмалари Қозоғистон орқали ҳам амалга оширилмоқда.

Одатда, апрелдан июнгача бўлган даврда Ўзбекистондан сабзининг фақат янги ҳосили, яъни эртагиси экспорт қилинадиган бўлса, ушбу мавсумда ўтган йилги сабзи нархлари динамикасига кўра, экспортга йўналтирилган сабзи ассортименти ўтган йилги ҳосил захираси ҳисобига кенгайди.

Айниқса, хўраки лавлаги экспортининг фаоллашганини қайд этиш жоиз. EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, биргина шу йилнинг май ойида Ўзбекистондан 2000 тоннага яқин лавлаги экспорт қилинган. Ушбу лавлаги экспорти темпи июнь ойида анча пасайди. Бу бошқа мамлакатлардан Россия бозорига лавлаги етказиб бериш ҳажми кўпайиши ёки Ўзбекистон ички бозорида лавлагининг эксортга чиқариладиган ҳажмининг камайгани сабаб, нархлар ошиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Умуман олганда, хулоса аниқ – Россия Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг энг йирик ва асосий бозори бўлгани сабабли, у ерда айрим маҳсулотлар нархларининг ўсиши ҳар доим Ўзбекистондаги товарлар нархи ўсишида ҳам акс этади. Шунинг учун, агар сиз Ўзбекистонда нималарнинг нархи ошаётганини кўрмоқчи бўлсангиз, EastFruit платформасида Россиядаги сабзавот ва меваларнинг улгуржи нархлари мониторингини диққат билан кузатиб боринг, бу ҳозирча бепул.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин