Бош саҳифаЯнгиликларРоссияда Молдова гилосларига талаб ҳам нархлар ҳам паст даражада
МахсусЯнгиликлар

Россияда Молдова гилосларига талаб ҳам нархлар ҳам паст даражада

EastFruit платформасининг Молдова жамоаси маълумотларига кўра, ушбу ҳафта охирида ёки келгуси ҳафта бошларида Молдованинг етакчи боғдорчилик корхоналари кечпишар гилослар йиғимини бошлашни режалаштиришмоқда. Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми Россия ва Белоруссия бозорларига экспорт қилиш учун мўлжалланган. Аксарият хўжаликларнинг раҳбарлари жорий мавсумнинг фаол босқичидан унча умидвор эмас: гилоснинг сифати ташвишли, ташқи савдо бозорининг конъюнктураси эса бундан ҳам кўпроқ ташвиш туғдиряпти.

Шундай қилиб, биз билан суҳбатлашган боғдорчилик компаниялари менежерлари Молдова гилосининг энг интенсив экспорти даври арафасида Россияда унга бўлган талаб нисбатан камлигини ва Россия бозорига “кириш нархи” эса етказиб берувчилар учун қулай эмаслигини таъкидладилар. Россиядаги нархлар бир кг учун 140-180 рубл атрофида (1,9-2,5 доллар/кг), Молдова экспортчилари эса 200 рубл/кг (2,75 доллар) ва ундан кўпроғига умид қилишганди.

Тўғриси, бу умидлар нима билан изоҳланади, тушунарсиз. Ҳолбуки, бу йил Россияда гилос нархи сўнгги икки йилги нархлар даражасида. Айни пайтда, Россиянинг ички бозорида юқори сифатли гилос 2,45-2,50 доллар нархида сотилмоқда. 2020 ва 2019 йил, роппа-роса шу саналарда шу нарх бўлган.

Аммо, маҳсулот сифати билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар бўлди. Россия бозорида 2021 йилда Туркия, Эрон ва Озарбайжондан гилос етказиб берувчилар фаоллашди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Россиянинг жанубий ҳудудларидан гилос етиштириш давом этиши билан бирга кенгайиб ҳам бормоқда. Қолаверса, гилосни жанубий ҳудудлардан Россиянинг бошқа вилоятларига етказиб бериш ҳам тобора ортиб бормоқда. Табиийки, Россия бозорининг импортчилари ва савдогарлари учун танлаш имконияти анча кенг. Одатда, бундай вазиятларда маҳсулотнинг сифати биринчи ўринга чиқади.

Маҳсулотнинг сифати масаласида Молдова гилос етиштирувчиларида муаммолар кам эмас. Молдова боғбонларининг аксарияти экспорт учун гилоснинг миқдори ва сифати борасида аниқ тасаввурга эга эмаслар. Уларнинг баъзилари ҳаддан ташқари ёғингарчилик туфайли пишмаган мевалар ҳам ёрила бошлаганидан шикоят қилмоқдалар. Агар гилос боғларида касалликлар шу тарзда тарқалиб кета, ҳосилнинг йўқотилиши юқори бўлади ва унинг ўрим-йиғимдан кейинги логистикаси жуда қийин кечади. Тегишли технологик базага эга бўлган фермер хўжаликларида юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, об-ҳаво шароитига қараб, санитария муолажалари ўтказилади, мевалардан ёмғирнинг томчилари пуркагичлар ёрдамида тезликда “учирилади”. Бироқ, бу усуллар ҳам, албатта, 100% кафолат бермайди.

Сўнгги бир неча йилларда олинган тажрибани инобатга олган ҳолда, баъзи етакчи боғдорчилик компаниялари интенсив гилос боғларини ёмғирга ва қаттиқ совуққа қарши тизимлар билан таъминлашга, шунингдек, қатор турларини янгилаш ҳамда плантациядаги навларни, яъни меваларнинг ёрилишига чидамли турларига алмаштириш мақсадида қисқа фурсат ичида сармоя киритишга қарор қилдилар.

Бундан ташқари, энди гилосни оптик саралаш учун линиялар сотиб олиш, шунингдек, экспортни диверсификация қилиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Бу йил гилосни Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш орқали яхши даромад олиш мумкин. Бироқ, у ерда сифат талаблари ва рақобат Россия бозорига қараганда анча юқори.

Айтганча, Молдова гилоснинг ҳажми бўйича дунёга экспорт қилинадиган ўнта мамлакат қаторига киради. 2020 йилда мамлакатдан гилос экспорти диверсификациясининг дастлабки белгиларини кўриш мумкин, биринчи йирик партиялар Швеция, Польша, Латвия, Хорватия ва Литвага жўнатилди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин