Бош саҳифаЯнгиликларРоссияда карам тақчиллиги юзага келди – нархлар рекордларни янгиламоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Россияда карам тақчиллиги юзага келди – нархлар рекордларни янгиламоқда

EastFruit таҳлилчилари Россияда энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавотлардан бири – оқ бошли карамнинг ўта даражада танқислигига эътибор қаратишмоқда. Айни пайтда карам нархи йилнинг ушбу даври учун барча рекордларни янгилаб улгурди ва ўсишда давом этмоқда. Ваҳоланки, сақлаш учун олиб қўйиладиган кечки навлар ҳосилининг йиғим-терими яқиндагина якунланди ва захиралар максимал даражага яқин бўлиши керак эди.

Одатда, йилнинг ушбу даврида Россияда карам нархи жуда паст даражада бўлади ва декабрь ойининг ўрталарига қадар пасайиш тенденцияси ҳукм суради. Бироқ, бу йил Россияда карам ноябрь ойи ўрталариданоқ қимматлаша бошлади ва ҳатто фермерларнинг ўзларини ҳам нархларнинг бу қадар ошиши ҳайрон қолдирди. Тўрт ҳафта давомида улгуржи нарх 40% га кўтарилди ва ҳозир ўтган йилги даражадан ўртача тўрт баробар баланд!

«АПК-Информ: сабзавотлар ва мевалар» компаниясининг нархлари мониторинги шуни кўрсатмоқдаки, Россияда ҳозир карамни 33-35 рубль/кг (кг учун 0,45-0,48 доллар)дан арзон бўлмаган нархда сотиб олиш мумкин. Баъзи ҳудуларда эса юқори сифатли товарларни килограммига 40-45 рублдан (0,54-0,61 доллар) сотишга ҳаракат қилинмоқда! Маълум бўлишича, оқ бошли карам энди борш тўпламидаги сабзавотларнинг энг қиммати ҳисобланади.

Қиш эндигина бошланаётганини ҳисобга олсак, ижтимоий тармоқларнинг рекорд нархларга муносабатини, янги рекордлар ва карам нархлари ҳақидаги янги мемларни кутиш вақти келди. Маълумки, 2021 йилнинг биринчи ярмида Россияда сабзи ва лавлаги билан боғлиқ худди шундай вазият юз берган эди.

Ҳозирги кунда карамнинг ўткир танқислигини бартараф этиш учун Россия ушбу сабзавотни барча мамлакатлардан, биринчи навбатда, Беларусь, Ўзбекистон ва ҳатто Эрондан импорт қилмоқда. Бироқ, ушбу мамлакатлар экспортёрлари айни даврда юқори талабни қондиришга тайёр эмаслиги аниқ. Шу сабабли, мазкур мамлакатларда карам нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Масалан, Ўзбекистонда унинг чакана нархи декабрь ойи боши учун рекорд даражада юқори бўлиб, Россияга экспорт қилишда маҳсулот ҳажмини топиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Россия Европа Иттифоқидан карамни, биринчи навбатда, Польша, шунингдек, Украинадан сотиб олиши мумкин эди, аммо ўзининг “антисанкциялари“ туфайли бундай қила олмайди. Ушбу мамлакатлардан ташқари, ҳеч ким катта ҳажмдаги карамни таклиф қила олмаслиги аниқ ва эртаги карам Марказий Осиёнинг жанубий ҳудудларида фақат 2022 йилнинг март ойидангина сезиларли ҳажмда пайдо бўла бошлайди. Тўғри, салатлар тайёрлашда карамни бошқа маҳсулотлар, масалан, кўкатлар билан алмаштириш мумкин. Аммо оқ карамни кўплаб анъанавий таомлар, масалан, Украина борши, рус шиси, карам-дўлмаларини тайёрлашда бу имконсиздир.

Шу сабабли, бозор таҳлилчиларининг фикрига кўра, Россияда карам нархи янада ўсиши эҳтимоли юқорилигича қолмоқда. Бу нафақат Россия Федерациясида, балки минтақанинг кўплаб мамлакатларида келгуси мавсумда сабзавот экиладиган майдонлар тузилишига жуда катта таъсир кўрсатади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида эртаги узум навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин