EastFruit лойиҳаси таҳлилчиларининг хабар беришича, Янги йил байрами арафасида иссиқхона бодринги ва помидорига талаб сезиларли даражада ошиши, шунингдек, ушбу маҳсулотлар бўйича таклиф чекланганлиги нарх тез ошишига сабаб бўлмоқда. Бозор иштирокчилари қайд этганидек, бугунги кунда маҳаллий иссиқхона комбинатларидан маҳсулотлар етказиб бериш анча кичик ҳажмда ва нобарқарордир. Шундай қилиб, бир қатор фермер хўжаликлари аввалги товар айланмасидан олинган маҳсулотлар савдоси якунланганини эълон қилди. Қолган стационар иссиқхоналарда эса совуқ ҳаво туфайли бодринг ва помидорнинг пишиб етилиши анча секинлашди.
Бугунги кунда иссиқхона бодринглари 120-180 рубль/кг (1,63-2,44 доллар/кг)дан сотилмоқда. Бу нарх ўтган иш ҳафтаси охирига нисбатан ўртача 12% қиммат. Иссиқхона помидорлари нархига келсак, ҳозирги вақтда уларнинг баҳоси 75-140 рубль/кг (1,02-1,90 доллар/кг)гача кўтарилди, бу бир ҳафта аввалгига қараганда ўртача 17% қимматдир.
Ҳозирча савдогарлар маҳаллий маҳсулотлар танқислигини хориждан келтирилган бодринг ва помидор ҳисобига тўлиқ қоплай олмаяпти. Муаммо, айниқса, таъминоти анчайин беқарор бўлаётган бодринг сегментида кескинлашмоқда. Айни пайтда Россияда импорт қилинган бодринг 95-115 рубль/кг (1,29-1,56 доллар/кг)дан таклиф қилиняпти. Эрон эса асосий етказиб берувчи ҳисобланади.
Ташқи бозордан помидор етказиб бериш анча тизимли характер касб этган, импорт географияси эса сезиларли даражада кенгайган: ушбу маҳсулот Туркия, Озарбайжон ва Эрондан келтирилади. Импорт қилинган помидор нархи 70-125 рубль/кг (0,95-1,69 доллар/кг) оралиғида шаклланмоқда.
Қайд этиш жоизки, айни пайтда Россияда иссиқхона бодринглари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 30% қиммат. Иссиқхона помидори сегментида вазият аксинча. Бугунги кунга келиб, мазкур турдаги маҳсулотни сотиш нархлари ўтган йилга нисбатан ўртача 28 фоиз паст. Шу билан бирга, бозор таҳлилчилари яқин келажакда иссиқхона сабзавотлари нархларининг ўсиш суръатлари тезлашишини кутиш кераклигига ишонишяпти. Чакана савдо тармоқлари ва улгуржи компаниялар байрам олдидан ушбу маҳсулотлар захирасини шакллантира бошлаган, бозорда эса бодринг ва помидор бўйича таклиф пасайишда давом этмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!