Россия картошка бозорида нархларнинг ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда ва бугунги кунда ушбу маҳсулотнинг Россия Федерациясидаги нархи сўнгги бир неча йил ичидаги рекорд кўрсаткичга етди. Бу хусусда EastFruit лойиҳаси таҳлилчилари хабар беришмоқда. Давомли ёмғирлар туфайли россиялик сабзавот етиштирувчилар ҳосилни йиғишда катта қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу эса Россия бозорига юқори сифатли картошка етказиб бериш сезиларли даражада камайишига ва шунга мос равишда унинг нархи тез кўтарилишига олиб келди.
Ҳозирги вақтда Россия фермерлари картошкани сифатига қараб, 28-36 рубл/кг (0,39-0,50 доллар/кг) нархда сотишмоқда. Бу бир ҳафта аввалгидан 30% қимматроқ. Қайд этиш жоизки, маҳсулот нархи ошишига қарамай, Россияда картошкага бўлган талаб жуда юқори даражада сақланиб қолмоқда. Улгуржи компаниялар сақлаш учун юқори сифатли картошкани фаол сотиб оляпти. Лекин ўз сақлаш омборига эга бўлган фермерлар юқори сифатли картошкани сотишга шошилишаётгани йўқ. Маҳсулотни ўзларида сақлашни афзал билишмоқда, зеро, бу бозордаги ажиотажни янада қизитади.
Россия бозорида Беларусь ва Қозоғистонда етиштирилган импорт картошкалари ҳам бор. Бироқ, бозор иштирокчиларининг сўзларига кўра, импорт қилинадиган картошка ҳажми ҳозирги талабни қондириш учун етарли эмас. Шу билан бирга, импорт қилинаётган маҳсулотлар нархи ҳам ажиотаж талаб ва маҳаллий картошканинг кескин танқислиги фонида ошиб бормоқда.
Беларуснинг ўзида ҳам картошка ва сабзавот нархи билан боғлиқ вазият шунга ўхшаш, нархлар рекорд даражада юқори. Шу билан бирга, Беларуснинг ўзи ҳосил йиғим-терими пайтида картошка импорт қила бошлади, хусусан, Украинадан ҳам. Шунга кўра, ҳозирги кунда Россияда импорт қилинган картошка 23-25 рубл/кг (0,32-0,34 доллар/кг) дан арзонроқ сотилмоқда.
Шунингдек ўқинг: Россияда картошка ва сабзавотларнинг нарх рекорди янгиланмоқда
Бугунги кунда Россия Федерациясида картошка нархи 2020 йилнинг сентябрь ойи охирига нисбатан ўртача 2,3 баравар юқори. Шу билан бирга, бозорнинг асосий иштирокчилари (уларнинг аксарияти) ушбу маҳсулот нархи янада ўсишини истисно қилишмайди, чунки, жорий мавсумда картошка ҳосилдорлиги сезиларли даражада пасайган. Бундан ташқари, кўплаб картошка етиштирувчилар нархлар янада ошади, деган умидда савдони тўхтатиб қўйишган. Ва ҳозирча бу стратегия иш бермоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!