Лавлаги ва сабзи нархлари тез ошиб бораётганлиги Россия бозоридагилар ва истеъмолчиларни хавотирга солиб қўйди, дея хабар бермоқда EastFruit.
Ушбу маҳсулотларнинг қимматлашуви давом этар экан, Россия ижтимоий тармоқларида бу масала аллақачон ўз ифодасини топди ва мазкур ҳолат ҳатто «Панорама» сатирик ахборот агентлигининг ҳам эътиборини тортди. Куни кеча ушбу агентлик «Хавфсизлик кенгаши лавлаги нархларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказади» деган сарлавҳа остида мақола эълон қилди. Шунга ўхшаш хабарлар юмористик руҳдаги Тwitter-аккаунтларда ҳам пайдо бўлмоқда.
Бироқ, бу ҳолат оддий истеъмолчилар учун ҳазилакам гап эмас. Улар лавлаги ва сабзи нархлари бу қадар қимматлигидан ҳайрону лол бўлишмоқда. Шундай қилиб, чакана савдо дўконлари пештахтасида лавлаги нархи 110 рублгача (1,53 доллар/кг), очиқ бозорлар ва уйлар яқинидаги савдо дўкончаларида 180 рубл / кг (2,50 доллар/кг) гача нархда сотилмоқда. Сабзи учун чакана нархлар бироз пастроқ, лекин у ҳам истеъмолчиларни хурсанд қилаётгани йўқ, зеро, ўтган йилгнинг мос даври билан таққослаганда, ҳар икки маҳсулот ҳам анча қиммат нархларда сотилмоқда.
Сўнгги бир неча кун ичида Россиядаги ижтимоий тармоқларда лавлаги ва сабзи қимматлиги тўғрисидаги хабарларнинг кети узилмаяпти. Интернет фойдаланувчилари «осмонга чиққан» нархларни акс эттирувчи фотосуратлар жойлашмоқда ва бу хусусда кўплаб шарҳлар ёзилмоқда. Қуйида Pikabu.ru кўнгилочар порталидаги бир нечта расм ва хабарларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
EastFruit Россия сабзавот бозоридаги мавжуд вазиятга эътибор қаратиб, Россия истеъмолчилари қачон арзон нархдан баҳраманд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таҳлил ва тахминларни илгари сурмоқчи.
Шундай қилиб, Россияда хўраки лавлагининг улгуржи нархи ҳали ҳам борщ тўпламидаги барча сабзавотлар орасида шиддат билан ўсиб бормоқда. Бозор иштирокчиларининг ўзи бугун ўтган йилги лавлаги сегментидаги вазиятни ҳайратланарли деб таърифламоқда. Ушбу сабзавот ҳосилининг захиралари деярли тугаган ва улгуржи савдо компанияларининг талаби – ажиотаж даражасида.
Бугунги кунга келиб, 2020 йилги хўраки лавлаги ҳосилининг қолдиқ партиялари 60-72 рубл/кг ($0,83 – 1 /кг) дан сотувга чиқарилмоқда. Ўтган йил билан таққослаганда, ушбу сабзавотнинг нархи ўртача 4 баравар ошди ва бу нарх сўнгги 5 йил ичидаги рекорд кўрсаткичдир!
Шунингдек, бозорда мамлакат жанубидан келтирилган лавлагининг янги ҳосили ҳам мавжуд. Aммо уни етказиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар ниҳоятда кам ва беқарор ҳолатдадир. Чунки, Россия Федерациясининг жанубий вилоятларида кетма-кет иккинчи ҳафта ёмғир ёғмоқда, бу эса сабзавот йиғим-теримини мураккаблаштиради. Aйни пайтда 2021 йилги лавлаги ҳосили 70-80 рубл/кг ($0,97-1,11/кг)дан сотувга чиқариляпти.
Трейдерлар маҳаллий сабзавот етишмовчилигини Ўзбекистондан маҳсулот импорт қилиш эвазига тўлдиришга уринишмоқда. Aммо бу борада ҳам вазият оптимистик кайфият бахш этмайди. Импорт қилинган сабзавотларни етказиб бериш даражаси кўнгилдагидек эмас: лавлаги етказиб бериш ҳажми етарли миқдорда эмас ва Ўзбекистон маҳсулотларининг нархи 90 рубл/кг ($1,25/кг) дан бошланяпти.
Россия бозори операторларининг тахминларига кўра, хўраки лавлаги сегментидаги нархлар ўсиши шу ой охирига қадар максимал даражада сақланиб қолади. Июль ойининг бошидан нафақат Жанубий Федерал округ деҳқонлари, балки Россиянинг марказий минтақалари ҳам янги ҳосил билан бозорга чиқишни режалаштирмоқда. Бозорда лавлаги билан боғлиқ таклифлар кўпайгачгина нарх барқарорлашиши ва арзонлашувини кутиш мумкин.
Россиядаги улгуржи сабзи бозорида ҳам нарх ошиши кузатилмоқда. Сабзи нархлари хўраки лавлаги сегментидагидек эмас, албатта. Ҳозир россиялик сабзавот етиштирувчилар фақат ўтган йилги сабзини етказиб беришмоқда, чунки об-ҳаво шароити туфайли янги ҳосилни йиғиш мавсуми кейинга суриляпти.
Шундай қилиб, маҳаллий фермерлар ўтган йилги (2020) сабзи ҳосилини 55-65 рубл/кг (0,76-0,90 доллар/кг) дан етказиб беришмоқда, бу ўтган йилга нисбатан ўрта ҳисобда 3,7 баравар баланд нархдир.
Aммо сабзи билан боғлиқ бугунги вазият у қадар ачинарли эмас, чунки, бозор Қозоғистонда етиштирилган янги сабзи импорти билан етарли миқдорда таъминланяпти. У 70-75 рубл/кг ($0,97-1,04 доллар/кг)дан сотилмоқда.
Бу йилги маҳаллий сабзи ҳосили ҳақида гапирадиган бўлсак, россияликлар ушбу маҳсулотларни июль ойидангина етказиб беришни бошлаш ниятида.
Таққослаш учун айтиш жоизки, ўтган йилнинг шу даврида Россия бозорида эртаги сабзи ҳам, лавлаги ҳам кўп миқдорда, 13-20 руб/г ($0,18-0,28/кг)дан сотилган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!