Рақамлаштириш Европа майдонлари бўйлаб дадил кириб келмоқда ва энди Украина остоналарига етиб келди. Фермерлар ўз фаолиятида қандай янги йўналишларни очдилар ва ҳозирги пайтда Европада қайси картошка навлари оммалашган? “Агрико Украина” компанияси директори Николай Гордийчук EastFruit билан суҳбатда ана шу саволларга жавоб берди.
— Шу кунларда Нидерландияда Potato Day 2021 тадбири бўлиб ўтди. Ушбу воқеа, шубҳасиз, Европада картошкачилик соҳасидаги трендларни яратади. Номи дунёга машҳур ушбу анжуманнинг бу йилги тадбирларида қандай янгиликлар бўлди? Қайси янги навлар меҳмонларни лол қолдирди?
— Ҳар йилги Potato Day анжуманини картошка билан шуғулланувчи кўплаб инсонлар интиқлик билан кутадилар. Ҳозир Нидерландияда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан етиб келган ишлаб чиқарувчилар ва фермерлар жам бўлган. Шахсан ўзим ушбу тадбирга 15 йилдан буён ташриф буюраман.
Пандемия сабабли бу йил айримлар фақат онлайн режимда иштирок этишга қарор қилди. Agrico компанияси вакиллари анжуманда аралаш форматда қатнашишни режалаштирган. Бу йил Potato Day меҳмонлари иккига бўлинди ва битта ҳудудда бир вақтнинг ўзида жуда кўп одам тўпланиб қолмаслиги учун улар тадбирларда бошқа-бошқа кунларда иштирок этдилар.
Potato Day – мулоқот ва тажриба алмашиш имконияти билан бирга компаниялар ва селекционерлар ушбу мавсумда таклиф қилаётган янгиликлардан бохабар бўлиш учун ҳам шароит яратади.
Бу Европа реестрига киритилган янги навларни билиш имкониятидир. Сиз бу ерда ҳосилдорлик борасида етакчиликни қўлга киритган навлар ёки муайян номинацияда, масалан, тўрхалтага энг мос келувчи нав ҳақида эшитасиз. Чунончи, бугунги кунда фри сифатида қайта ишланадиган ва тўрхалтада қадоқлашга мўлжалланган навларга катта эътибор қаратилмоқда.
Agrico нисбатан янги бўлган иккита навни тақдим этди ва улар тадбир қатнашчиларининг эътиборини тортди. Бу навлар қадоқлаш учун мослаштирилган “Жолин” нави ҳамда органик етиштириш учун “Фенна” навидир. Шунингдек, Agrico томонидан Европа бозорига таклиф қилинаётган, картошкани қайта ишлаб, фри ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги – Вавилон нави ҳам тақдим этилди.
Иссиқ ҳарорат ва қурғоқчиликларга бардошлилиги билан ажралиб турувчи, ҳосилдорлиги юқори бўлган навларга аввалгидек алоҳида аҳамият қаратилди. Бу йўналишда биз “Парадизо” навини намойиш қилдик. Касалликларга чидамли бўлган ва биологик етиштириш учун яроқли навлар ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Agrico ана шундай картошка турларидан бири бўлган “Алюэтт” навини тақдим қилди. Ҳар иккала нав ҳам Навлар реестрига киритилган бўлиб, Украинада етиштириш учун яроқлидир.
Тадбир ўтказилган икки кун учрашувлар, фикр ва тажриба алмашинувига бой бўлди. Шу билан бир қаторда, анжуман бошқа мамлакатларда ўзига хос хусусиятлари билан ном чиқарган янгиликларни кўриш имконини берди.
Хусусан, биз Польшада оқ этли навлар оммалашиб бораётганини кўрдик. Бизда аллақачон эътибордан четда қолиб кетган навларга ҳозир Польшада талаб кескин ортиб кетган. Масалан, Эроу ва Воларе навлари.
Польша селекцияси ўз вақтида айнан шу навларга диққатини қаратган ва одамлар оқ этли мана шундай картошка турларига ўрганиб қолишган. Бу менинг шахсий фикрим. Украина ва Европада сариқ ёки ҳатто тўқ сариқ этли навларни кўпроқ ёқтиришади.
— Бир пайтлар бинафшаранг картошка бозорда роса оммалашган эди. Бундай машҳурлик ҳозир ҳам сақланиб қолганми?
— Ҳа, бинафшаранг картошка ўз вақтида анча машҳур бўлганди. Аммо бундай шуҳрат бозорнинг эмас, балки маркетинг иши натижаси эди. Кўп одамлар шунчаки уни тотиб кўриш учун бир-икки марта сотиб олган. Кейинчалик, янги навга бўлган қизиқиш сусайгач, бинафшаранг картошка яхши сотилмай қолди.
Одатда бундай навларга ресторанлар харидор бўлади. Улар бинафшаранг картошкадан муайян таомларни безашда фойдаланишади. Ҳозир у жуда кам ҳажмларда етиштирилмоқда. Бинафшаранг картошканинг савдо ҳажмлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у бозорнинг 1 фоизига ҳам бормайди. Бугунги кунда унга бўлган талаб анча паст.
— Potato Day мавзусига қайтадиган бўлсак, учрашувлар давомида картошка етиштирувчилар учун муҳим бўлган шов-шувли бирор гап айтилдими?
– Шов-шув кўтарадиган бирор нарса бўлди, дея олмайман. Potato Dayнинг энг муҳим жиҳати шу бўлдики, соҳа одамлари сўнгги икки йилдан буён илк марта ниҳоят бир жойга йиғилдилар. Бу бизга бир-биримиз билан юзма-юз кўришиб мулоқот қилиш имкониятини қадрлашимиз кераклигини кўрсатиб қўйди. Биз ҳар йили ўтказиладиган учрашувларимизга ўрганиб қолгандик, ҳар сафарги тадбирга учиб келардик ва шундай бўлиб қолади, деб ўйлар эдик. Бироқ пандемия туфайли ҳаммаси ўзгариб кетди.
Менда кучли таассурот қолдирган яна бир жиҳат, бу – Европада картошкачилик соҳасини рақамлаштириш жараёнлари.
Фермерлар ҳосил етиштиришда далаларнинг электрон контуридан тортиб то ўғитни тупроқ таҳлилларига мувофиқ равишда беришгача – турли смарт воситалардан тобора кўпроқ фойдалана бошладилар.
Бу ерда ўғитни майдалаб бериш назарда тутиляпти.
Тупроқнинг физик-кимёвий кўрсаткичларидан келиб чиқиб суғориш технологиялари тўғрисидаги маълумотлар фаол қўлланилмоқда, қолаверса, қанча миқдорда ва қачон суғориш лозимлигини кўрсатувчи датчиклар даланинг ҳамма жойига ўрнатиляпти.
Мени таажжубга солган энг катта нарса шуки, Европада навларга бўлган муаллифлик ҳуқуқига риоя этилиши қаттиқ назоратга олинди. Европа компаниялари ГМОларни қўллаб-қувватламайди, шу боисдан, биз Украинага олиб келаётган барча навлар ГМОдан ҳолидир.
Бундай навни етиштириб чиқариш учун, агар анъанавий, классик йўлдан борилса, 12 йил талаб этилади. Аммо пировардида минглаб потенциал навлар орасидан биттасигина тижоратлаштирилади. Бироқ, бу вақт ичида селекционер кун кечириши ва оила боқиши ҳам керак.
Одатда, тадқиқотлар ўтказиш ва янги нав яратиш харажатлари тижоратлаштириб бўлинган навларни сотишдан тушадиган муаллифлик даромадлари ҳисобига қопланади.
Шу сабабли, Европанинг Agrico, HZPC ва Европлант компаниялари Breeders Trust деб номланган компания ташкил қилдилар. У ўсимлик навларига бўлган муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш, шунингдек, ушбу ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ масалалар билан шуғулланади.
Рақамлашиш мавзусига қайтадиган бўлсак, илгари дрон дала устидан учиб ўтган вақтда иловалар шунчаки бу ерда картошка ўсаётганини кўрсатар эди холос. Буни дрон ёрдамида олинган фотосуратлар ёрдамида кўриб олиш мумкин эди. Энди эса у ёки бу дала майдонида картошканинг қайси нави ўсаётганини 98 фоиз аниқлик билан кузатса бўлади.
Бунинг учун Европада “Фонтане”, “Аризона”, “Дитта” сингари 10 дан зиёд оммалашган навлар устида тадқиқотлар олиб борилди. Ўлчовлар қаерда, неча гектарда, қайси нав ўсаётганини аниқ кўрсатди. Шундан кейин, агар бу нав уруғликка етиштирилаётган бўлса, табиий савол туғилади: ушбу нав бўйича муаллифлик ҳақи тўланганми?
Назорат янада кучайтирилди. Илгари ҳаммамиз хўжаликларнинг ўзи тақдим этадиган маълумотга эга бўлган бўлсак, бугунги кунда исталган пайтда дрон ёрдамида осмондан туриб назоратни амалга ошириш мумкин, бу эса у ёки бу навдан фойдаланишга доир маълумотлар янада аниқ деганидир.
Дарвоқе, ҳозирги пайтда Нидерландияда уруғлик картошка етиштириладиган майдонларда Agrico компаниясининг картошка фри учун мўлжалланган “Фонтане” нави етакчига айланган. Уруғлик майдонларида Голландиянинг ўзида ушбу нав 5 минг гектардан зиёд майдонга экилган.
“Аризона” нави ҳам етакчилардан бири бўлиб олди – Нидерландияда шу навли уруғлик картошка 1450 гектар майдонга экилган. Бу ҳам мени ҳайратга солди. Мазкур нав бозорда нисбатан янги ҳисобланади. Биз уни Украинада тарғиб қила бошлаганимизга энди 3-4 йил бўлди. Бироқ, “Аризона” нави Европада аллақачон оғизга тушган.
— COVID ҳар йилги Potato Day анжуманини ўтказиш шакли ва учрашувлар форматига таъсир кўрсатди. У картошка истеъмоли ва навлар танловига ҳам таъсир қилди деб ўйлайсизми?
– Икки йиллик пандемия навлар танловига таъсир қилмади, аммо ҳамкорлик усулларини ўзгартириб юборди. Одамлар режалаштиришга қаттиқроқ эътибор қила бошладилар. Кўпчилик қанчадан-қанча ишларни online шаклда бажариш мумкинлигини тушуниб етди. Айрим масалаларни, дейлик, ўша Zoom орқали ҳал қилиш мумкин бўлса, нега энди 400-500 чақирим йўл босиб, мижознинг олдига бориш керак?
COVID навлар танловидан кўра бизнес юритиш шаклларига кўпроқ таъсир кўрсатди.
Бироқ, мендаги маълумотларга қараганда, АҚШда ҳозир картошка савдолари ҳажми пандемия бошидаги савдо кўрсаткичларига қайтган. АҚШда истеъмол қилинадиган картошканинг 90 фоизга яқини – картошка фри ёки картошкадан тайёрланадиган турли маҳсулотлар. Умумий овқатланиш муассасалари пандемия даврида ёпилди ёки чекланган режимда фаолият кўрсатди. Табиийки, қайта ишланган картошка маҳсулотлари истеъмоли ҳам тушиб кетди.
— Томчилатиб суғориш Украинада, шу жумладан сизнинг компаниянгиз майдонларида ҳам энди синовдан ўтказила бошланди. У Европада қанчалик кенг тарқалган?
– Европада томчилатиб суғориш картошка етиштиришда кам қўлланилади. Европалик фермерлар янгиликларга нисбатан бир мунча консерватив саналади. Улар синаб кўрмоқчи бўлган янгиликлар ҳам кичик-кичик далаларда қўлланилади.
Бизга Нидерландиядан ташриф буюрган айрим деҳқонлар ушбу усулни эксперимент тариқасида 3-5 гектар майдондагина синовдан ўтказишни режалаштирган. Қайд этиш жоизки, томчилатиб суғориш гектарига ҳисоблаганда анчагина катта харажатларни талаб этади.
— Агар таққослайдиган бўлсак, бу йил Украина ва Европада картошка нархлари ва ҳосилдорлик қай даражада кутилмоқда?
– Агар Голландия ҳақида гапирадиган бўлсам, бу йил картошка экилган майдон ўтган йилгига нисбатан 5-7 фоизга кам. Ҳосилдорлик ҳам бу йил одатдагидан пастроқ. Шуни назардан четда қолдирмаслик керакки, ушбу экинда ҳосилдорлик 4 фоиздан кўпроққа пасайиши анчагина катта йўқотиш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Нидерландияда картошка нархлари ўтган йилгига нисбатан баланд. Ўтган йилнинг шу даврида бир килограмм картошка нархи 12 евроцент эди. Бу йил эса аллақачон унинг килоси 16-18 евроцентдан сотилмоқда, бу эса ўтган йилгига нисбатан салкам 40 фоиз қиммат деганидир.
Украинада эса бундай деб бўлмайди. Украинада жорий йилда ҳаммаси бунинг акси. Ҳозир барча хўжаликлар картошка ҳосилини йиғиштириб олдилар ва биз кўряпмизки, ушбу экин ўтган йилгига қараганда бу йил кўпроқ экилган. Гарчи бу ҳақда биров айтмаган бўлса ҳам.
Биз турли фермерлар билан гаплашдик, аввал 14 гектарга экканлар бу йил 20 гектарга, 60 гектарга экканлар 100 гектарга экишибди… Бунга сабаб – ўтган йили фермерлар қўлида маълум бир миқдорда майда картошка қолиб кетди ва деҳқонлар уни крахмал сифатида қайта ишлашга топширишмай, экишга қарор қилишган. Натижада, Украинада жуда катта майдонда картошка экилди.
Табиийки, бу йилги улкан ҳажмда картошка ҳосили йиғиб олинди. Сифат ҳақида бир нарса дея олмайман.
Бироқ, энди омборларга сиғмай қолган картошкани ҳамма бирдан сотишга тушган. Мазкур ортиқча ҳажмдаги картошка бозорга кириб келди ва оқибатда нархлар пасайди. Соҳага ихтисослашган хўжаликлар картошкани 4,50-5 грн/кг нархда таклиф қилмоқда.
Кичикроқ хўжаликлар эса картошкасидан халос бўлиш учун уни 3,50 грн/кг дан ҳам пастроқ нархда сотмоқда. Бу ўтган йилнинг шу давридаги нархдан икки баравар арзон кўрсаткичдир.
Ва у фермерлар фойдасига хизмат қилмайди. Ўртача капитал қўйилмалар шароитида соҳага ихтисослашган фермер учун картошканинг таннархи гектарига ҳисоблаганда 3,80-4 грн/кг ни ташкил этади. Ҳозирги кунда кўплаб фермерлар ортиқча картошкасини ё умуман фойда қўймай, ёки минимал устама қиймат билан сотувга чиқармоқда.
Ўйлашимизча, бундай ҳолат аёзли кунлар тушгунга қадар давом этади. Бу пайтга келиб омборхоналарга сиғмай қолган картошка ё сотиб бўлинади ёки нобуд бўлади. Бозорда ўз омборхонасига ва зарур жиҳозларга эга бўлган профессионал иштирокчилар қолади.
Агар Европа билан солиштирсак, у ерда картошка қиммат, бизда эса аксинча – ўта арзон. Ушбу ҳолат нега ўтган йилнинг шу вақтларида гувоҳ бўлганимиздек, пештахталарда Бельгия ва Польшадан олиб келинган импорт картошкани кўрмаётганимиз сабабини ҳам изоҳлайди.
Нархларга келсак, умид қиламизки, фермерларнинг улгуржи нархлари ўзининг 6-7 грн/кг лик кўрсаткичларига қайтади. Аммо бу Янги йил байрамларига яқин юз беради.
Бугун эса, афсуски, нархлар кескин тушиб кетган ва ўз-ўзидан, бозорда таклиф қилинаётган картошка у қадар сифатли эмас. Энг яхшиларини омборхоналарга жойлашга ҳаракат қилишмоқда.
Яна бир катта хатар мавжуд. Биз бир неча йил аввал худди шу ойларда кўрганимиздек, баҳорги нархлар кузгисидан унчалик баланд бўлмаган бир вазиятга дуч келишимиз мумкин. Фермерлар картошкани баҳорда қимматроқ нархларда пуллаш илинжида уни омборларга жойлашди, аммо истеъмолнинг ҳам ўз меъёрлари бор. Табиийки, омборларга жойлашган ҳажмларни ҳамма ҳам сота олмайди.
Боз устига, яқинда энергия нархлари ҳам салкам икки баравар оширилди. Яъни, энди биз харидорлар учун сақлаш харажатларини картошканинг нархларига кўчириб ўтказишга мажбурмиз. Натижада, ҳаммаси учун якуний истеъмолчи тўлашига тўғри келади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!