Қозоғистоннинг Ташқи савдо сиёсати ва иқтисодий ташкилотлардаги иштироки бўйича идоралараро комиссияси 3 ой муддатга пиёз экспортини таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор Қозоғистондан пиёз оммавий экспорт қилинишининг олдини олиш ва унинг нархини мамлакат ички бозорида барқарорлаштириш билан изоҳланмоқда, дея хабар берди EastFruit мутахассислари «Казинформ» Халқаро ахборот агентлиги ҳаволасига таяниб.
«Бошқа мамлакатларнинг Қозоғистон пиёзига бўлган ажиотаж талаби Осиё ва жаҳондаги энг йирик пиёз етиштирувчилардан бири бўлмиш Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида, жумладан, республикамиз бозорида ҳам пиёз нархи ошишига олиб келди. Аномал совуқ туфайли Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулотни бой берилиши мазкур вазиятда қўшимча босим ўтказмоқда. Асосий пиёз етиштирувчилар ҳозирги кунда Қозоғистон пиёзини фаол равишда импорт қилмоқда», дейилади Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматида.
Шунингдек ўқинг: Қозоғистондан пиёз экспорти чекланиши мумкин
Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2022 йили мамлакатда пиёз ҳосили 1,1 миллион тоннани ташкил этган, шу билан бирга, бу ерда йиллик ички истеъмол ҳажми тахминан 315 минг тоннани ташкил этади, яъни, етиштирилган умумий ҳосил ҳажмидан деярли 3,5 баробар кам.
Ҳозир Қозоғистонда тасдиқланган пиёз захиралари 152,4 минг тоннани ёки ўтган йилги ҳосилнинг атиги 14 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳажмлар янги ҳосил олингунига қадар етарли, шу боис, жорий этилган экспорт чекловлари қолган барча пиёзни Қозоғистондан экспорт қилиш рискини йўққа чиқаради, деб хабар берди «Казинформ» Халқаро ахборот агентлиги.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!