2021 йилнинг 7 июнидан бошлаб, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Агросаноат қўмитаси давлат инспекцияси Туркманистондан помидор ва қалампир олиб киришга вақтинча таъқиқ жорий этди. Фитосанитария чекловлари ушбу маҳсулотларда карантин организмлари аниқлангани билан боғлиқ. Бу хусусда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосланиб, ElDala.kz хабар бермоқда.
«Қозоғистонга олиб келинаётган помидорларда карантин фитосанитар назорати маҳали помидор меваларининг жигарранг бужмайиши вируси (Тomato brown rugose fruit virus – ToBRFV) борлигини тасдиқловчи 19 та далил аниқланди», дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек ўқинг: Қозоғистонда ToBRFV вируси туфайли учта иссиқхонадаги помидор экинлари йўқ қилинди
Фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандарт қоидаларига мувофиқ, карантин фитосанитария талаблари бузилганлиги тўғрисидаги нотификациялар Туркманистоннинг ўсимликлар карантини давлат хизматига юборилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистон давлат идораларида экспорт қилинадиган маҳсулотларда вирус пайдо бўлишининг сабабларини қўшни республикадаги ваколатли органлар томонидан текширилиши бўйича объектив маълумотлар мавжуд эмас.
Шундай қилиб, Қозоғистон ҳудудида фитосанитария ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида Туркманистондан помидор ва қалампир олиб киришга вақтинча таъқиқ жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Йил бошидан буён Қозоғистон ҳудудига тартибга солинадиган маҳсулотларни олиб киришда ўсимликлар карантини борасидаги 1300 дан ортиқ қонун бузилиши, карантин фитосанитар талаблар бузилган ҳолда 11 минг тонна маҳсулот олиб кирилгани аниқланди. Импорт қилинган маҳсулотлар билан боғлиқ 155 ҳолатда карантин объектлари аниқланди. Қонунбузарларга 56 миллион тенгедан ортиқ жарима солинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ToBRFVнинг иссиқхона экинлари учун хавфли патоген эканлиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Сўнгги икки йил ичида кириш йўллари кўп ва тарқалиш даражаси юқори бўлган ушбу вирус Европа, Осиё ҳамда Aмерикада аниқланган. Ва у ҳам ёпиқ, ҳам очиқ муҳитда помидор етиштирувчиларга катта зарар етказган. Вирус нафақат уруғ ва экинларда, балки инерт юзаларда ҳам узоқ вақт давомида яшовчанлигини сақлаб қолади. Мисол учун, помидор ва қалампир ҳосилининг вирус туфайли бой берилиши даражаси 70% гачадир.
Вируслар тарқалишининг олдини олиш учун, шубҳасиз, зарарланган ўсимликларни йўқ қилиш ва иссиқхона ишчиларининг дезинфекция чораларига қатъий риоя қилишини таъминлаш зарур.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!