EastFruit экспертларининг хабарига кўра, минтақада пиёз мавзуси кун тартибидаги асосий мавзулигича қолмоқда. Биз аввалроқ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон пиёз экспортини чеклагани ҳақида хабар берган эдик. Энди пиёз экспортини чеклаганлар қаторига минтақанинг яна бир давлати — Қирғизистон ҳам қўшилди.
Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда уч ой давомида барча турдаги пиёз экспорти таъқиқланишини маълум қилди. Экспортни таъқиқлаш “Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қирғизистон Республикасидан айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиш (экспорт)га вақтинчалик таъқиқ жорий этиш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори билан жорий этилди.
Қирғизистон пиёзининг экспорти расман 2023 йил 31 январдан 2023 йил 30 апрелгача бўлган давр учун таъқиқланди. Пиёз экспортини таъқиқлаш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш зарурати билан изоҳланмоқда, бунга пиёзнинг барча турлари киритилган.
Шунингдек ўқинг: Пиёзнинг нархи 1 кг учун 1 долларга чиқадими? Ушбу маҳсулотни қаердан импорт қилиш мумкин?
EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, Қирғизистон шу кунга қадар Ўзбекистонга пиёз экспорт қилган. Шунга кўра, Қирғизистондан пиёз экспортига қўйилган таъқиқ Ўзбекистонда бу сабзавот нархи янада ошишида омил бўлиши мумкин, аммо, Ўзбекистонда пиёз нархи шундоқ ҳам рекорд даражада юқори. Шу билан бирга, Қирғизистон ҳеч қачон минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан пиёзнинг йирик экспортёри бўлмаган. EastFruit маълумотларига кўра, Қирғизистондан йиллик пиёз экспорти, расмий статистик маълумотларга асосан, йилига 10 мингдан 20 минг тоннагача бўлган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистон йилига 200 минг тоннадан ортиқ, Қозоғистон 100 минг тонна, Тожикистон 80-95 минг тонна пиёз экспорт қилади.
Туркманистон минтақада пиёз экспортини ҳали расман таъқиқламаган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Бироқ, бу давлат йилига тахминан 20 минг тонна салбий балансга эга пиёзнинг нетто-импортёри ҳисобланади. Шунинг учун, эҳтимол, Туркманистон энди қўшниларнинг таъқиқларидан кўпроқ азият чекиши мумкин, чунки ушбу мамлакат ўзини маҳаллий пиёз билан таъминлай олмайди.
Биздаги маълумотларга кўра, экспортга таъқиқ жорий қилинган мамлакатларда айни пайтда пиёз нархи барқарорлашган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!