Сархил помидорнинг улгуржи нархи сўнгги бир ҳафтада кескин пасайди, пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи 32 фоизга, қизил думалоқ помидор эса 33 фоизга арзонлашди. EastFruit экспертларининг қайд этишича, қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархлари кетма-кет иккинчи ҳафта пасайганини ҳисобга олсак, сўнгги икки ҳафта ичида ушбу маҳсулот деярли 40 фоизга арзонлашган.
Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, бу ички бозорда сархил помидор бўйича таклиф кескин ўсиши билан боғлиқ. Зеро, иссиқхоналардан мазкур турдаги маҳсулотни етказиб бериш ҳажми кўпайган ва шу билан бирга, мамлакатнинг жанубий вилоятларидан плёнка остида туннель усулида етиштирилган помидор ҳосилининг биринчи улгуржи партиялари ҳам бозорга чиқди.
EastFruit‘нинг нархлар мониторингига кўра, 2023 йил 7 апрелдан 14 апрелга қадар қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 33 000 дан 22 000 сўмгача пасайган. Ушбу маҳсулот нархи кетма-кет иккинчи ҳафта пасайиб бораётганини инобатга олсак, 2023 йил 31 мартдан 14 апрелгача қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 36 000 дан 22 000 сўмга, яъни, охирги икки ҳафта ичида 39% га пасайган. Шу билан бирга, жорий улгуржи нархлар ўтган йил даражасига яқинлашди, 2023 йил 14 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидагидан атиги 16 фоизга юқори.
Пушти помидор нархининг пасайиши фақат шу ҳафтадан кескин тарзда бошланди. 2023 йилнинг 7 апрелидан 14 апрелига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 38 000 дан 26 000 сўмга, яъни, бир ҳафта ичида 31,5% га пасайган. Бироқ, қизил думалоқ помидордан фарқли ўлароқ, жорий улгуржи нархлар ҳали ҳам ўтган йилги даражадан анча юқори. 2023 йил 14 апрель ҳолатига кўра, пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидан 1,5 баробар юқоридир.
Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг йирик экспортёри — «GDF Export» компанияси тижорат директори Ҳусан Ҳайдаровнинг фикрига кўра, сўнгги бир ҳафтада сархил помидор нархи бундай кескин тушиб кетишига ички бозорда етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошгани сабаб бўлди. Унинг сўзларига кўра, бу иситиладиган иссиқхоналардан таклифлар ҳажми ўсгани ва шу билан бирга, мамлакатнинг жанубий вилоятларидан плёнка остида туннель усулида етиштирилган помидор ҳосилининг биринчи улгуржи партиялари бозорга кириши билан боғлиқ.
«Аномал совуқ об-ҳаво чекиниши билан тахминан январь ойининг учинчи ўн кунлиги ўрталаридан бошлаб, иссиқхоналарда газ босими аста-секин тиклана бошлади. Январь ойидаги аномал совуқ туфайли ҳосилни бой берган иссиқхоналарда январь ойи охири – февралнинг бошида яна помидор кўчатлари экилди. Вегетация даврини инобатга олсак, мазкур иссиқхоналарда ҳозир помидор ҳосили йиғим-терими бошланган ва бу маҳсулотнинг илк улгуржи партиялари бозорга чиқа бошлади.
Айни пайтда мамлакатимизнинг жанубий вилоятларидан плёнка остида туннель усулида етиштирилган помидорнинг илк улгуржи партиялари ҳам бозорга кирмоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди саналмиш Сурхондарё вилоятида январь ойи охирига бориб, ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада кўтарилгани шу усулда етиштириладиган помидор кўчатларини экишни бошлашга имкон берди.
Натижада, сўнгги бир ҳафта – ўн кун ичида ички бозорда сархил помидор етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса ушбу маҳсулот нархи кескин пасайишига олиб келди.
Бундан ташқари, қулай об-ҳаво шароитида келгуси ҳафталар ҳам сархил помидор бўйича ички бозордаги таклиф ҳажми ўсиб боради ва бу ўз навбатида, ушбу маҳсулот нархи янада пасайишига олиб келади. Шундай қилиб, келгуси ҳафталарда агар об-ҳаво аномалиялари юз бермаса, сўнгги ҳафтадаги нархлар кескин пасайиши ҳолатини сархил помидорнинг улгуржи нархлари динамикасида пасайиш тенденциясини бошланиши, деб ҳисоблаш мумкин», дейди эксперт.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг март ойи ўрталарида EastFruit 2023 йил январь-март ойларида помидор нархи тез ўсишига асосий сабаб, январь ойининг иккинчи ўн кунлигида кузатилган ушбу минтақа учун аномал совуқ об-ҳаво туфайли иссиқхоналарда катта миқдордаги ҳосилнинг бой берилиши эканлиги ҳақида ёзган эди. Ушбу даврда бутун республика бўйлаб газ танқислиги туфайли кўпгина иссиқхона мажмуаларида босим сезиларли даражада пасайди ва бу ўсимликларнинг нобуд бўлишига олиб келди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!