Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги элчихонасида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Польша-Ўзбекистон” савдо-саноат палатаси раҳбарияти иштирокида видеоконференция ўтказилди. Унда “Уруғлик картошкани in vitro усулида етиштириш” номли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режаси муҳокама қилинди. Бу хусусда «Дунё» Ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Лойиҳа қиймати 11,5 миллион долларни ташкил этади. Польша томонидан ҳамкорлар сифатида “Польша-Ўзбекистон” савдо-саноат палатаси, Ўсимликларни иқлимлаштириш ва етиштириш институти картошка маркази ҳамда «Zamarte» номли уруғлик картошка етиштириш маркази иштирок этади.
Лойиҳага кўра, in vitro лабораториясининг қурилиши ва уни энг янги технологиялар билан жиҳозлаш, совутиш мосламалари учун 1 минг кв.м. майдонлик бинолар, шунингдек, 5 гектарлик иссиқхона қуриш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 200 гектар майдондаги очиқ ерга экиладиган уруғлик материалини етиштириш учун ўсимлик кўринишидаги экин материали ва махсус ускунани йўналтириш режалаштирилган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакилларининг маълум қилишича, вилоятда 5-10 минг тонна уруғлик картошкага эҳтиёж бор, экиш учун эса биринчи ва иккинчи репродукциядаги эртаги навли сабзавотлар афзалдир. Навлар синовдан ўтказилгач, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги реестрига киритилади.
Польша-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Пётр Козловский Польша томони ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканлиги ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, лойиҳада томчилатиб суғориш тизимини қўллаш кўзда тутилаётганига эътибор қаратди.
Шунингдек ўқинг: Жанубий Корея мутахассислари Ўзбекистон шароитига мослаштирилган юқори ҳосилдор уруғлик картошка тақдимотини ўтказишди (фото)
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев ўзбекистонлик фермер ва деҳқонлар уруғлик картошка етиштиришда Польша тажрибасини ўрганиши ва ўзлаштириши мумкин бўлган тажриба ўқув полигонини ташкил этиш учун қўшимча 20-30 гектар ер ажратилишини таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон ички бозорига сифатли уруғлик картошка етказиб бериш, келгусида эса хорижий мамлакатларга экспортни амалга ошириш имконини беради.
Ушбу лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонга бу борада мустақилликка эришиш ва далаларни уруғлик картошка билан таъминлаш, уруғлик картошка ва ушбу турдаги сабзавотни етиштириш борасидаги умумий билимларни ошириш имконини берувчи тизимни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, замонавий ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги механизациялари даражасини ошириш, Ўзбекистоннинг табиий-иқлим шароитида ўғитлаш ва ўсимликларни ҳимоялашнинг прогрессив усулларини қўллашга хизмат қилади.
Онлайн учрашув якунларига кўра, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тафсилотларини муҳокама қилиш учун январь ойининг биринчи ўн кунлигида Польша делегациясининг Қашқадарё вилоятига ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!