Бош саҳифаЯнгиликларПиёз — сабзавотлар нархи ўсиши бўйича мутлақ етакчи
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Пиёз — сабзавотлар нархи ўсиши бўйича мутлақ етакчи

EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда сархил сабзавотларнинг улгуржи нархлари динамикасини диққат билан кузатиб бормоқда. 2023 йил 10 январдан аномал совуқ бошлангач, орадан бир неча кун ўтиб, сабзавотлар нархи кескин ошди. Хусусан, ўтган ҳафта охирида пиёз, картошка, сабзи ва иссиқхона маҳсулотлари нархи қимматлагани, ўсиш бўйича пиёз ва сабзи етакчилик қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистонда сабзавотларнинг асосий турлари бўйича улгуржи нархлар ўсишда давом этди, энг кескин ўсиш пиёз ва иссиқхонада етиштирилган қизил булғор қалампирида кузатилди.

Сўнгги икки ҳафта ичида пиёз нарх ўсиши бўйича мутлақ етакчига айланди.

Агар 2023 йилнинг 6 январь ҳолатидаги нархлар даражаси билан солиштирадиган бўлсак, яъни, аномал совуқ  бошланишидан аввал, сўнгги икки ҳафта ичида иссиқхона сабзавотларининг ўртача улгуржи нархлари 26 фоиздан 57 фоизгача, картошка, пиёз ва сабзининг улгуржи нархлари 25 фоиздан 60 фоизгача ошди.

EastFruit‘нинг нархлар мониторингига кўра, 2023 йил 6 январдан 20 январга қадар иссиқхонада етиштирилган ва бошқа турдаги сабзавотларнинг ўртача улгуржи нархлари қуйидагича ошган:

  • иссиқхона булғор қалампири (яшил) — 32 000 дан 43 000 сўм/кг гача, яъни 34 фоизга,
  • иссиқхона булғор қалампири (қизил) — 30 000 дан 47 000 сўм/кг гача (57%),
  • қизил думалоқ иссиқхона помидори — 15 000 дан 19 000 сўм/кг гача (27%),
  • иссиқхона черри помидори — 43 000 дан 55 000 сўм/кг гача (28%),
  • картошка — 4 000 дан 5 000 сўм/кг гача (25%),
  • пиёз – 5000 дан 8000 сўм/кг гача (60%),
  • сабзи – 3300 дан 4500 сўм/кг гача (36%).

Маълумотлардан кўриниб турибдики, сабзавотларнинг асосий турлари орасида ўсиш суръатлари бўйича мутлақ етакчи — EastFruit таҳлилчилари бир неча бор эътибор қаратган сабзавот, яъни пиёздир. Хусусан, биз Ўзбекистонда ушбу маҳсулот нархининг бундай кескин ошиши сабаблари ва ички пиёз бозоридаги вазият ривожининг келгусида юз бериши мумкин бўлган сценарийлари, шунингдек, Қозоғистондан пиёз экспортига вақтинчалик таъқиқ қўйилгани ҳақида ёзган эдик. Маълумки, Қозоғистон 2022 йилда ва жорий йил бошида ушбу маҳсулотнинг Ўзбекистонга асосий етказиб берувчиси эди. Бундан ташқари, EastFruit 2023 йилнинг 19 январь санасида Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатлари пиёз бозоридаги прогнозлар ҳақидаги кенг кўламли таҳлилий материални эълон қилди.

2023 йил 20 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача нархи ўтган йилдаги шу санага нисбатан роппа-роса 4 баробар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан қарийб 5 баробар юқори.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин