2020/2021 йилги мавсумда Перудан сархил хўраки узум экспорти ҳар бири 8,2 кг бўлган 57,4 миллион ящикни ташкил қилди. Шундай қилиб, Перу хўраки узум экспорти ўтган мавсумга нисбатан 17 фоизга ўсди, деб хабар беради agraria.pe веб-сайти Перу хўраки узум етиштирувчилари ва экспортчилари уюшмасига (PROVID) асосланиб. EastFruit таҳлилчилари фикрига кўра, Перу хўраки узум экспорт бўйича Италия, АҚШ ва Хитойни ортта қолдириб дунёда иккинчи ўринни эгаллаши мумкин.
«Перудан хўрака узум ва бошқа мева-сабзавот экспортининг ўсиш суръатлари ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ. Яқинда Перу экспортчилари янги голубикаларни экспорт қилишда етакчилик позициясида маҳкам ўрнашиб, Чилидан ўзиб кетишди ва энди улар хўраки узум экспорт ҳажми борасида ҳам Чилини сиқиб чиқара бошладилар. Шу билан бирга, хўраки узум экспорт қилишдан тушадиган маблағлар ҳажми бўйича Перу аллақачон Чилидан ўзиб кетиб, Хитойга етаёзди. Перу узумлари Чили узумларига қараганда қимматроқ сотилмоқда», – дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак.
Шундай қилиб, Перу жорий мавсумда 470 минг тоннага яқин хўраки узум экспортини амалга оширди. Таққослаш учун, минтақа етакчиси бўлган Ўзбекистон ҳар йили атиги 120-140 минг тонна, Молдова эса 60 дан 80 минг тоннагача сархил хўраки узумни экспорт қилади.
2020/2021 йилги мавсумда Перудан 50 хил навли хўраки узумлар экспорт қилинди ва 133 экспортчи компаниялар экспорт билан шуғулланишди. Яъни, ҳар мавсумда ҳар бир экспортчи ташқи бозорга ўртача 3,5 минг тоннадан зиёд хўраки узум сота олган. Хўраки узумнинг данаксиз навларини сотишга ҳаракат қилган экспортчилар юқори нархларда сотишга муваффақ бўлишди. Хўраки узум экспортида айнан шу навларнинг келажаги борлиги ҳақида EastFruit ёзган эди.
Энг катта ҳажмда талаб оқ узум навларига бўлди. Иккинчи ўринда қизил ва охирги ўринда эса қора навларига талаб бўлганлиги кузатилди. Шунингдек, ассоциация таъкидлашича, жорий мавсумда Перу дунёнинг 62 мамлакатига узум экспорт қилди, аммо унинг асосий ҳажми – 41% Қўшма Штатларга сотилди. Асосий импортчилар Нидерландия (14%), Хитой (11%), Буюк Британия (4,2%) ва Канада (4%) мамлакатларидан иборат бўлди.
PROVID, шунингдек, 2020/2021 йилги мавсумда мамлакатда хўраки узумлар майдони 2 фоизга ўсиб, деярди 21 минг гектарни ташкил этганини таъкидлади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!