Ўзбекистон Республикасининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 2022 йил 15 июндан бошлаб Туркиянинг «PARLAR FIDAN» корхонаси кўчатзорларида етиштирилган экин материалларини олиб киришни вақтинча таъқиқлади, дея хабар бермоқдa EastFruit мутахассислари.
Агентликнинг Марказий фитосанитария лабораториясининг 2022-йил 18-майдаги 2022-4371-сонли экспертиза хулосасига кўра, Туркия давлатининг «PARLAR FIDAN» кўчатхоналаридан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган шафтолининг Dixired нави кўчатларида “Олхўрининг чўтир касаллиги” (Plum pox virus) аниқланган. Шу боис мазкур касалликни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқалиш хавфини олдини олиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан вақтинчалик импорт чеклови ўрнатилди, дея хабар берилди Агентликнинг расмий пресс-релизида.
Олхўри чечаги касаллиги (Plum pox virus фитовируси), асосан, Европа континентининг Австрия, Англия, Болгария, Венгрия, Германия, Нидерландия, Швеция, Швейцария, Греция, Туркия, Руминия, Польша, Сербия, Чехия, Эстония, Украина, Молдова ва Россия мамлакатларида тарқалган. Ушбу вирус олхўри, тоғолча, ўрик ва шафтоли дарахтларини зарарлайди ва инфекция даражасига қараб, мазкур турдаги меваларнинг 25% дан 50% гача ҳосил йўқотишига ва баъзи ҳолларда ҳатто умумий ҳосил бой берилишига олиб келиши мумкин. Ушбу касаллик билан зарарланган дарахтларнинг мевалари одатий пишиб етилиш вақтидан 20-30 кун эрта тўкила бошлайди, қолган мевалар кичик калибрли ва таркибида глюкоза миқдори паст бўлади. Бундан ташқари, меваларга одатдагидан кўра эрта ранг киради. Ушбу касалликнинг белгилари Plum pox фитовируси билан касалланишдан сўнг 9-11 ой ўтгач намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022-йил 12-мартдаги 3 ва 5-сон қарорига мувофиқ “Олхўрининг чўтир касаллиги” (Plum pox virus) Ўзбекистон Республикаси учун карантин аҳамиятига ега бўлган зарарли организмлар рўйхатига киритилган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!