Ўзбекистонда Туркиядан олиб келинган шафтоли кўчатларининг катта партияси йўқ қилинди, сабаби – уларда карантин объектлари: Plum pox virus — “Олхўри чечаги вируси” ва “Яшил эмпоаска” (Empoasca decipiens) аниқланган, деб хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.
Самарқанд ташқи иқтисодий фаолият масканида фаолият юритаётган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекторлари вилоятга Туркия давлатидан импорт қилинган 126 минг 156 дона карантин остидаги маҳсулот, яъни шафтоли кўчатларидан намуналар олиб, марказий фитосанитария лабораториясига жўнатилди. Экспертиза хулосалари шафтоли кўчатлари “Олхўри чечаги вируси” (Plum pox virus) ва “Яшил эмпоаска” (Empoasca decipiens) карантин объектлари билан зарарланганлиги аниқланди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу карантин ости маҳсулотлари белгиланган тартибда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди, дейилади Агентликнинг 2022 йил 13 июлдаги расмий хабарида.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи икки баробар пасайди
Эслатиб ўтамиз, Агентликнинг Марказий фитосанитария лабораторияси томонидан ўтказилган 2022 йил 18 майдаги экспертизаси натижаларига кўра, Ўзбекистон ҳудудига Туркиянинг Parlar Fidan компанияси питомникларидан олиб келинган “Dixired” навли шафтоли кўчатларида “Олхўри чечаги вируси” (Plum pox virus) аниқланган эди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ўзбекистон ҳудудида ушбу ўсимлик касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 15 июндан бошлаб, Parlar Fidan питомникларидан кўчат материалларини олиб киришга вақтинчалик таъқиқ ўрнатди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!