Сархил анжир 2022 йилда Ўзбекистон мева сегментидаги экспорт бўйича чинакам хитга айланди. Жорий мавсумда сархил анжир экспорти ҳажми жисмоний кўрсаткичларда ушбу маҳсулотнинг ўтган беш йил давомидаги умумий экспорти ҳажмидан 7 баробар ошди! Жорий мавсумда ушбу маҳсулот экспортининг қарийб 97 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади, дея қайд этмоқда EastFruit экспертлари.
Ўзбекистондан 2022 йилда анжир экспорти мавсуми июнь ойининг иккинчи ўн кунлигида, ўтган йилга нисбатан тахминан бир ҳафта-ўн кун аввал бошланди. Мавсум сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида, деярли ўтган йилги давр билан бир хил якунланди.
Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июнь ойи бошидан сентябрь ойи охирига қадар Ўзбекистон жами 7,2 минг тонна ва қиймати 1,9 миллион долларлик сархил анжир экспорт қилган, бу эса тарихий рекорд ҳисобланади.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ўтган бир неча йил ичида ушбу маҳсулотнинг йиллик экспорт ҳажми 370 тоннадан ошмаган, йиллик экспорт тушуми эса 410 минг доллардан кам бўлган. Ўтган беш йил давомида, яъни 2017 йил бошидан 2021 йил якунига қадар сархил анжир экспортининг умумий ҳажми 1 минг тоннани, мазкур “беш йиллик” экспорт тушумининг умумий миқдори эса 912 минг долларни ташкил қилган.
Бозор иштирокчиларининг фикрича, ушбу маҳсулот экспорти ҳажмининг бу қадар кескин ошишида асосий омиллардан бири 2022 йилги мавсумда Ўзбекистондаги юқори ҳосил ва натижада ушбу маҳсулот нархининг кескин пасайганлигидир.
Табиийки, бу ҳолат экспортёрларга ўзбек анжирини ташқи бозорларга ўтган йиллардагидан анча арзон нархларда таклиф қилиш имконини берди. Агар Ўзбекистон ташқи савдоси статистикасидан келиб чиққан ҳолда, сархил анжирнинг ўртача экспорт нархини ҳисобласак, жорий мавсумда у 2017-2022 йиллар учун энг паст кўрсаткичда бўлди.
Юқоридаги диаграммадан кўриниб турибдики, 2022 йилда Ўзбекистон анжирининг ўртача экспорт нархи ўтган беш йилги кўрсаткичларга нисбатан камида 2,3 баробар, ўрта ҳисобда эса 3,5 баробар паст бўлган.
Шундай қилиб, 2022 йилда сархил анжир экспорти жисмоний жиҳатдан 2017-2021 йиллардаги умумий ҳажмдан 7,1 баробар, жорий мавсумда экспортдан тушган тушум миқдори эса ушбу беш йиллик умумий тушумдан 2,1 баробар кўп бўлди!
Экспорт географиясига келсак, тахминан 1-2 тонналик кичик партияларни истисно қилган ҳолда айтиш мумкинки, 2022 йилда деярли бутун ҳажм ЕОИИ мамлакатлари бозорларига жўнатилди, асосий улуш Қозоғистонга тўғри келади — 96,8%. Қолган қисм Россия бозорига (2,3 фоизи) ва Қирғизистонга (0,8 фоизи) етказиб берилди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!