Қозоғистон пиёз экспортини таъқиқлагач, орадан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулот экспортига вақтинчалик чеклов жорий қилингани эълон қилинди, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.
«Ўзбекистон Республикасида ички бозор таннархини пасайтириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб, 4 ой муддатга пиёз экспорти учун вақтинчалик чеклов жорий қилинди», дейилади Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хабарида.
Шундай қилиб, Ўзбекистондан пиёз экспортига қўйилган чеклов 2023 йилнинг апрель ойи охиригача амал қилади.
Шунингдек ўқинг: Пиёзнинг нархи 1 кг учун 1 долларга чиқадими? Ушбу маҳсулотни қаердан импорт қилиш мумкин?
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилнинг 20 январидан 30 апрелига қадар мамлакат аҳолисининг ушбу маҳсулотга бўлган талаби қарийб 346 минг тоннани ташкил қилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, айни пайтда пиёзнинг тасдиқланган захираси 87 минг тоннани, хўжаликларда эса 232 минг тоннани, жами 319 минг тоннани ташкил этмоқда. Шундай қилиб, аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун яна 26,5 минг тонна пиёз керак бўлади.
Айни пайтда хорижий мамлакатлардаги ҳамкорлар билан ушбу маҳсулот импорти бўйича музокаралар олиб борилмоқда, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!