Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистондан Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ мамлакатларига мева-сабзавот экспортида муваффақиятнинг уч омили
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистондан Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ мамлакатларига мева-сабзавот экспортида муваффақиятнинг уч омили

EastFruit‘нинг Ўзбекистонга биринчи савдо миссияси якунланганига деярли икки ҳафта ўтди. Ушбу миссия доирасида ўзбекистонлик сархил мева-сабзавот экспортёрлари Европа Иттифоқи ҳамда Шарқий Европанинг йирик харидорлари, шунингдек, маҳаллий супермаркетлар тармоқлари билан музокаралар олиб боришди.  Айни пайтда ўзбекистонлик экспортёрлар харидорлар билан маҳсулот етказиб бериш имкониятлари бўйича музокараларни давом эттиришмоқда ва уларнинг талабларини  қондириш борасидаги дастлабки хулосаларни чиқаришмоқда.

Музокараларнинг ҳар икки томони билан суҳбатдан сўнг EastFruit жамоаси ўзбек мева-сабзавотларини Европа Иттифоқи ва Яқин Шарққа муваффақиятли экспорт қилиш учун муваффақиятнинг уч муҳим омили рўйхатини тузди.  Мана улар:

  1. Сифат
  2. Сифат
  3. Сифат.

Афсуски, Ўзбекистон маҳсулотларининг энг заиф нуқтаси — сифат масаласи. Бунинг сабаби эса маҳаллий фермерларнинг “сифат” нима эканини нотўғри тушунганидадир.

Замонавий дунёда «сифат» харидор (импортёр ёки супермаркетлар тармоғи)нинг, яъни, фермер кимга маҳсулот сотган бўлса, шу томоннинг талабларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулот хусусиятларининг тўплами ҳисобланади. Харидор учун маҳсулотнинг ташқи кўриниши далада эмас, балки ташув ва божхона тартиб-қоидаларидан сўнг мижознинг омборига келиб тушган пайтда муҳим аҳамиятга эга. Унинг учун яна маҳсулот қандай қадоқлангани, супермаркетлар тармоғи ёки бозорга жўнатилгандан сўнг қанча вақт давомида ташқи кўринишини сақлаб қолиши ва бу маҳсулот таъм сифатлари бўйича якуний истеъмолчини қаноатлантириши ҳам  муҳим.

Ўзбекистонда, сифат деганда, кўпинча, товарнинг боғ ёки даладаги таъми тушунилади. Дарвоқе, таъмлар ҳақида баҳслашишга ҳожат  йўқлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Зеро, агар Ўзбекистондаги истеъмолчи ширинроқ меваларни хуш кўрса, бу бутун жаҳонда  ҳам шундай дегани эмас.  Мисол учун, Италиядан Германияга хўраки узум етказиб беришда, италиялик фермер максимал шакар миқдорини назорат қилади, чунки, ўта ширин узум Марказий ва Шимолий Европа мамлакатларида талабгир эмас! Табиийки, агар узумдаги шакар миқдори ошиб кетган бўлса, немис импортёри нуқтаи назаридан у юқори сифатли маҳсулотлар қаторига киритилмайди. Бироқ, ушбу маҳсулотни истеъмолчилар ширин меваларга кўпроқ ўрганган маҳаллий Италия бозорида жуда муваффақиятли сотиш мумкин.

Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, агар сўз сархил мева-сабзавотлар ҳақида борадиган бўлса, маҳсулот сифатини ҳосил йиғиб олинганидан сўнг яхшилаб бўлмайди, уни фақат чекланган вақтга қадар сақлаб туриш мумкин, холос. Шу боис, маҳсулотни етиштириш, йиғиб олиш ва ишлов беришда аввалбошдан унинг сифати узоқ вақт сақланишини кўзлаш керак. Даладаги маҳсулот — бу товар эмас — хом ашё. Фақат тўғри йиғиб олинган, совутилган, қадоқланган ва импортёрнинг омборига етказиб берилган ҳамда сифат жиҳатидан уни қаноатлантирадиган маҳсулотларни “товар” деб аташ мумкин.

Шу боис, Ўзбекистондаги тегишли муассасалар (нафақат аграр) тадбиркорларга сифат ҳақидаги тушунчалар, “маҳсулот” ва “хом ашё” ўртасидаги фарқ, харидорнинг барча талаблари ва маркетингнинг асосий ёндашувларини ўрганиш муҳимлигини тушунтириш бўйича тизимли ишларни ҳозирнинг ўзида бошлаши жуда муҳим.

Нарх-чи? Бу борада нима дейиш мумкин, деган савол туғилиши табиий. Ахир, маҳсулотни муваффақиятли сотишда нарх ҳал қилувчи омил эмасми?

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион бўлими иқтисодчиси Андрий Ярмакнинг фикрича: “Ўзбекистон учун паст сифатли арзон маҳсулотлар етиштиришда маъно йўқ, чунки, бу мамлакат асосий ташқи бозорлардан жуда узоқ ва логистика унинг учун жуда қиммат. Кўп йиллик халқаро тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, маҳсулот сифатини 15-20 фоизга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кўпайтириш орқали кўплаб ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулоти қиймати ва даромадини камида икки баробар оширишга эришиши мумкин!”.

Шунинг учун нарх ҳар доим муҳим омил ҳисобланади, лекин паст нарх сегментида рақобатлашиш бошқа, баланд ёки премиал  сегментда «майдонга чиқиш» бутунлай бошқа нарса. Ҳатто Ўзбекистон бозорида ҳам бозор ёки дўконда бир вақтнинг ўзида 50 центдан ҳам, килограмми 3 доллардан ҳам олма сотиб олиш мумкин. Табиийки, логистика ва ҳар иккала олмани етиштириш  харажатлари деярли бир хил, аммо даромадлар кескин фарқ қилади.

Шу маънода харидорлар маҳсулот учун юқори нарх тўлашга тайёр бўлган (агар маҳсулот уларга маъқул бўлса) Яқин Шарқ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига Ўзбекистондан мева-сабзавотларини муваффақиятли экспорт қилишнинг уч муҳим омили бу — сифат, сифат ва яна сифатдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин