Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойи бошидан буён нок нархи кескин пасайди, худди 2021 йилнинг мос даврида ички бозорда маҳаллий етиштирилган нок бўйича таклифлар кўпайиши билан, ушбу маҳсулот нархи билан содир бўлганидек. Бироқ, бу йилги нарх пасайиши суръати ҳозирча ўтган йилгидан ортда қолмоқда, дея қайд этишди EastFruit таҳлилчилари.
EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 июлидан 15 июлига қадар нокнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 25 000 дан 18 000 сўмгача, яъни, икки ҳафта ичида 28% га пасайган. Эътиборлиси, ўтган йили Ўзбекистонда нокнинг улгуржи нархи кескин пасайиши худди шу вақтда бошланган, аммо бундан тезроқ суръатларда кечган эди.
2021 йилнинг 1 июлидан 15 июлига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 23 000 дан 15 000 сўмга, яъни, 35% га пасайган.
Шундай қилиб, 2022 йилнинг 15 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда нокнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг худди шу санасидаги нархларга нисбатан 20 фоизга юқори.
Ўтган йили бўлгани каби бу йилги июль ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари сезиларли даражада пасайишига ички бозорда янги ҳосил нокини етказиб бериш кескин ошгани сабаб бўлди. Бироқ, жорий йилги мавсум ўтган йилгидан фарқлидир. 2021 йилнинг февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида кузатилган совуқлар кўплаб турдаги данакли мевалар, жумладан, нок ҳосилига жиддий зарар етказган эди. 2021 йилнинг июль ойи охири ва август ойи бошларида қайд этилган нокнинг ўртача улгуржи нархлари бўйича минимал даража 1 кг учун 14 000 сўмни ташкил қилган.
Шунингдек ўқинг: Андижон вилоятида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштирилади
Ўзбекистонда бу йил ҳам эрта баҳорнинг об-ҳаво аномалиялари кузатилди. Бу йилги март ойининг биринчи ярмида ғайритабиий ёғингарчилик бўлиб, ёмғирнинг интенсивлиги ва давомийлиги мисли кўрилмаган даражада эди, шу даврда ёғингарчилик деярли 2 ойлик меъёрга тенг бўлди, тоғли ва тоғолди ҳудудларда одатдагидан 2-3 баробар кўп ёмғир ёғди. Аммо об-ҳавонинг кутилмаган ҳодисалари шу билан тугамади, март ойининг иккинчи ярмида ёмғирли об-ҳаво аномал совуққа ўрнини бўшатиб берди. Ушбу об-ҳаво аномалиялари 2022 йилги мавсумда бодом, ўрик ва гилос дарахтларига жиддий зарар етказди. Бироқ, фермерлар ва бозор иштирокчиларининг маълумотларига кўра, об-ҳавонинг бундай кутилмаган ҳодисаларидан нок ҳосилига етган зарар ўрик ва гилосникига нисбатан анча кам. Буларнинг бари жорий мавсумда нок ҳосили ўтган йил, яъни 2021 йилга нисбатан анча мўл бўлишидан далолат беради ва табиийки, бозорга янги ҳосилдан маҳаллий маҳсулот етказиб бериш ҳажми ортиб бориши билан, ушбу меванинг нархи янада сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли юқори.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!