Жорий йил июнь ойининг 20 санасидан бошлаб Ўзбекистон ички бозорида узумнинг “Ризамат” ва “Қора Кишмиш” навлари бўйича биринчи таклифлар пайдо бўлди, бир ҳафтадан сўнг мавсумнинг ушбу янгилиги пойтахт супермаркетлари пештахталарига етиб борди, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
Ушбу навлар Ўзбекистонда етиштириладиган энг оммабоп узум навлари сирасидандир. ЕastFruit мутахассислари 2021 йилнинг май ойида ўтказган сўровнома натижаларига кўра, энг оммабоп узум навлари рейтингида “Қора Кишмиш” нави «Ҳусайни» нави (хусусан, унинг турлари ва клонлари)дан кейин иккинчи ўринни, “Ризамат” ва “Ризамат Ф-1” навлари эса «Мерседес» ва «Тойфи» каби навлар билан бир қаторда учинчи ўринни эгаллаган.
2022 йилнинг 20 июнидан бошлаб, ички бозорда фермер ва деҳқон хўжаликларидан «Ризамат» узумининг кичик партияларини етказиб бериш бўйича дастлабки таклифлар пайдо бўлди. Тахминан шу вақтнинг ўзида “Қора кишмиш” бўйича ҳам таклифлар бўла бошлади. Орадан бир ҳафта ўтиб, 2022 йилнинг 27 июнь куни “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи “Ризамат” узумларини 1 кг учун 74 990 сўмдан сотила бошланганини эълон қилди.
Бозор иштирокчиларининг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 28 июнь ҳолатига кўра, “Қора кишмиш” узумининг улгуржи нархлари маҳсулот сифати ва ҳудудга қараб, 1 кг учун 15 000 дан 27 000 сўмгача, “Ризамат” эса (“Ризамат Ф-1” ҳисобга олинманда) 1 кг учун 40 000 дан 60 000 сўмгача улгуржи нархларда сотилмоқда. Ҳозирча ички бозорга ушбу янги маҳсулотларнинг кичик партиялари етказиб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit ўтган ҳафта Ўзбекситонда узумнинг эртаги навлари ҳосили йиғим-терими авжида эканлиги ва нархлар кескин пасайгани ҳақида ёзган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!