Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

Охирги ҳафта Ўзбекистонда тарвузнинг ўртача улгуржи нархи 33 фоизга пасайган ва жорий улгуржи нархлар ўтган йилнинг худди шу давридаги нархга нисбатан 20 фоиз паст, деб хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.

Жорий йил май ойининг иккинчи ўн кунлигида – ўтган йилгидан қарийб икки ҳафта эрта янги ҳосил тарвузининг илк улгуржи партиялари Ўзбекистон пойтахти бозорларига етказиб берила бошланди. Атиги бир ҳафта давомида 3000 сўм/кг нарх сақланиб тургач, кейинги ҳафтада ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 33 фоизга пасайди.

EastFruit‘нинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2023 йил 26 майдан 2 июнгача бўлган даврда Ўзбекистонда тарвузнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 3000 сўмдан 2000 сўмга пасайган.  Шу билан бирга, 2023 йил 2 июнь ҳолатига кўра, тарвузнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 20 фоиз арзон ва 2021 йилнинг худди шу санасида қайд этилган даражага тўлиқ мос келади.

Қолаверса, Ўзбекистонда тарвузнинг жорий улгуржи нархлари EastFruit мева-сабзавотларнинг улгуржи нархларини кузатиб борадиган бошқа мамлакатлардагидан бир неча баробар пастроқ. 2023 йил 2 июнь ҳолатига кўра, минтақа мамлакатлари бўйича тарвузнинг ўртача улгуржи нархлари (1 кг учун АҚШ долларида): Ўзбекистонда – $0,18; Тожикистонда — $0,41; Грузияда – $0,53; Молдовада – $0,93; Беларусда – $1,03.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта EastFruit жорий мавсум бошидаёқ тарвуз экспортининг рекорд ҳажми ҳақида ёзган эди. Ўзбекистон тарвузининг янги ҳосили биринчи партияларини ташқи бозорларга жўнатиш жорий йил май ойининг биринчи ўн кунлигида бошланган бўлса-да, бу маҳсулотнинг оммавий экспорти май ойининг ўрталарида бошланган. Бироқ қисқа муддатда – май ойининг сўнгги ўн кунлигида 29 минг тоннага яқин Ўзбекистон тарвузи ташқи бозорларга жўнатилди!

Тарвузнинг ҳозирги нисбатан паст нархлари ушбу маҳсулот экспорти ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиб, бу эса ўз навбатида, ушбу маҳсулотнинг ўтган йилги рекорд экспортини янгилаш эҳтимолини оширади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин