Ўзбекистонда иссиқхона помидорлари нархи рекордларни янгиламоқда: қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархлари сўнгги ҳафтада 30 фоизга, сўнгги икки ойда эса 3,7 бараварга ошди! EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, жорий нархлар ўтган йиллардаги худди шу санада қайд этилган даражадан бир неча баравар юқори.
2021 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида иссиқхона помидорлари нархлари динамикаси 2019 ва 2020 йилларнинг худди шу давридаги нарх ўзгаришидан сезиларли даражада фарқ қилади. Агар ўтган йилларда иссиқхона помидорлари нархи ошиши октябрь ойининг иккинчи ярми ва ноябрь ойининг бошида бошланган бўлса, 2021 йилда иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархлари 20 сентябрдан бошлаб ўса бошлади. Кейинчалик, 2021 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида ўсиш тенденцияси ўтган йилларга нисбатан анча юқори суръатларда давом этди.
2021 йилнинг 19 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 13 000 сўм/кг (1,21 доллар)ни ташкил этган, бу 2020 йилнинг шу санасидаги нархлардан 2,2 баравар ва 2019 йилнинг худди шу санасига нисбатан 4,3 баравар юқори.
Бундан ташқари, қизил думалоқ помидорнинг жорий улгуржи нархлари ўтган йиллардаги Янги йил олди нархларидан сезиларли даражада баланд: 2020 йилнинг 31 декабрига нисбатан 44 фоиз ва 2019 йилнинг 31 декабрига нисбатан 2,2 баравар қиммат.
2021 йилнинг октябрь ойи ўрталарида EastFruit бу хусусда ёзган, Ўзбекистонда иссиқхона помидорлари нархининг тез ўсиши ва Ўзбекистон ҳамда Россияда ушбу маҳсулот нархлари динамикаси ўртасидаги боғлиқликни кўрсатган эди. Россия ўзбек помидорининг энг йирик импортёри бўлиб, 2021 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистондан сархил помидор экспортининг 52 фоизга яқини ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда помидор нархининг ўсиш потенциали ҳали тугамагани қайд этилган эди. Чунки, ўшанда Россия бозоридаги нархлар Ўзбекистон бозорига қараганда тезроқ ўсган.
Россия бозорида нархлар ўсиши тенденцияси 2021 йилнинг октябрь ойи охиригача давом этди, бироқ кейинроқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархлари пасая бошлади ва сўнгги ҳафтада 33 фоизга тушиб кетди. Ўзбекистонда эса нархлар ўсишда давом этмоқда. Натижада, 19 ноябрга келиб Ўзбекистонда думалоқ қизил помидорнинг ўртача улгуржи нархи Россияга қараганда қимматроқ.
Улгуржи нархлар билан боғлиқ бундай нисбат Ўзбекистондаги помидор нархларининг кейинги ҳолатига Россия бозоридаги вазият энди таъсир қилмаслигидан далолат беради. Шундай қилиб, ушбу маҳсулот нархларининг кейинги динамикаси Ўзбекистон ички бозоридаги талаб ва таклиф нисбати ҳамда бошқа асосий бозорлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги иссиқхона помидорлари нархлари даражасидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Ўзбек помидори экспортида уларнинг умумий улуши 48 фоизни ташкил қилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!