Бу йил Ўзбекистонда гилос мавсуми юқори нархлар ва экспортнинг кескин қисқариши билан ўтган йилгидан фарқ қилди. Бунинг асосий сабаби баҳорнинг биринчи ойида об-ҳаво аномалиялари туфайли ҳосил паст бўлганлигидир, дея қайд этмоқда EastFruit таҳлилчилари.
Бу йилги март ойининг биринчи ярмида ғайритабиий ёғингарчилик бўлиб, ёмғирнинг интенсивлиги ва давомийлиги мисли кўрилмаган даражада эди, шу даврда ёғингарчилик деярли 2 ойлик меъёрга тенг бўлди, тоғли ва тоғолди ҳудудларда одатдагидан 2-3 баробар кўп ёмғир ёғди. Аммо об-ҳавонинг кутилмаган ҳодисалари шу билан тугамади, март ойининг иккинчи ярмида ёмғирли об-ҳаво аномал совуққа ўрнини бўшатиб берди. Маълумки, Фарғона водийсида гилос март ойида гуллайди ва ушбу меванинг ҳосили ҳажми ҳамда сифати бевосита чангланиш жараёнига боғлиқ. Бироқ, кузатилган об-ҳаво шароити чангланишга имкон бермади. Дарвоқе, худди шу об-ҳаво аномалиялари Ўзбекистондаги бодом ва ўрик ҳосилига ҳам жиддий зарар етказган.
Ўзбекистонда гилос етиштиришда асосий ҳудуд ҳисобланмиш Фарғона водийси фермерларининг фикрича, 2022 йилда ушбу маҳсулотдан олинган ҳосил ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар кам бўлган. Гилоснинг ўртапишар ва кечки навлари энг кўп зарар кўрган навлар бўлди, ушбу навлар ҳосилидан бозорга 26 мм ва ундан зиёд калибрли йирик гилослар чиқади.
2022 йилги мавсумда калибри 26 мм.дан ортиқ гилоснинг улгуржи партиялари Ўзбекистон бозорларига 15—20 май кунлари – ўтган йилги билан бир вақтда чиқди. Катта калибрли гилоснинг биринчи улгуржи партиялари бозорларга 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 2,5 баробар арзон нархда кириб келганига қарамай, бир ҳафтадан сўнг ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари 2,5 баробар ошди. Йирик калибрли гилос ҳосилини йиғиб олишнинг айни қизғин палласида унинг улгуржи нархлари ўтган йилгидан сезиларли даражада юқори бўлди. Масалан, 2022 йилнинг май ойи охирида калибри 26 мм. дан зиёд гилоснинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан 28-30 фоизга, жорий йилнинг июнь ойи бошида эса ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу давридаги даражадан икки баробар юқори бўлди.
Аммо март ойидаги об-ҳаво аномалиялари туфайли гилоснинг эртаги навлари ҳосилига етган зарар минимал бўлди, чунки об-ҳаво инжиқлари бошланишидан аввал у чангланишга улгурган. Аммо шуниси ҳам борки, эртаги гилоснинг маҳаллий навлари кичик калибрга эга, яъни, 26 мм.дан кам. 2022 йилда Ўзбекистон бозорларида эртаги гилоснинг биринчи улгуржи партиялари худди ўтган йилгидек, май ойи бошида пайдо бўлди – 2021 йилнинг худди шу санасига нисбатан 17 фоиз арзон нархда — 1 кг учун 25 000 сўмдан сотилди.
Ички таъминот ўсиши билан 26 мм.дан кам калибрли гилоснинг ўртача улгуржи нархлари тез туша бошлади. 2022 йилнинг 6 майидан 20 майигача бўлган даврда ушбу гилоснинг ўртача улгуржи нархлари 3 баробар — 1 кг учун 25 000 дан 8 000 сўмга арзонлашди.
Бироқ, эртаги навлар ҳосилини йиғиш мавсуми тугаши ва ўртапишар навларни оммавий йиғиш бошланиши билан кичик калибрли гилос нархи кескин ўса бошланди. 2022 йилнинг 20 майидан 17 июнига қадар бундай калибрли гилоснинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 8000 дан 30 000 сўмгача, яъни, 3,8 баробар ошди! Шу билан бирга, ўртача улгуржи нархлар 2022 йилнинг июнь ойи ўрталарида ўтган йилнинг шу санасида қайд этилган даражадан 3,3 баробар юқори бўлди. 2022 йилги гилос мавсуми шундай юқори нархларда якунланди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда 2022 йилги гилос мавсуми қисқа бўлди, бу, асосан, ўртапишар ва кечки навлар йиғим-терими мавсумининг сезиларли қисқариши билан боғлиқ бўлиб, нархлар ўрта ҳисобда ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди (айниқса, йирик калибрли гилос учун). Натижада, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистондан гилос экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан бир неча баробар камайди. Қайд этиш жоизки, гилос мева сегментида Ўзбекистоннинг асосий экспорт позицияларидан бири ҳисобланади.
2022 йилда Ўзбекистондан гилос экспорти мавсуми май ойининг биринчи кунларидан, ўтган йилга нисбатан қарийб бир ҳафта аввал бошланди ва тахминан июнь ойининг учинчи ўн кунлиги ўрталарида, 2021 йилга нисбатан ўн кун аввал якунланди. EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, гилоснинг ўртапишар ва кечки навлари ҳосилинининг қисман бой берилиши, шунингдек, ўзбек гилосининг экспорт мавсуми бошланиши ва якунланиши саналаридаги ўзгаришлар туфайли кичик калибрли гилоснинг 2022 йилги умумий экспорт ҳажмидаги улуши ўтган йилларда қайд этилган кўрсаткичларга нисбатан анча юқори бўлди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон 25,3 минг тонна гилос экспорт қилган, бу ўтган йилги рекорд кўрсаткичдан 2,4 баробар, 2020 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга камдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан гилос экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми (49%) Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келади, Фарғона водийсининг (Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари) умумий улуши эса 63,6 фоизни ташкил этди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, гилос экспортида салмоқли улушга эга бўлган ҳудудлар бу Самарқанд вилояти – 2,5 минг тонна (умумий экспортнинг 10 фоизи) ва Тошкент вилояти – 2,2 минг тонна (8,7 фоиз) ҳисобланади. Умуман олганда, юқорида қайд этилган беш вилоятнинг умумий улуши 2022 йилги гилос экспортининг 82,2 фоизига тўғри келади.
Экспорт географиясига келсак, 2022 йилда экспортнинг қарийб 99 фоизи ЕОИИ мамлакатлари бозорларига, 1 фоиздан камроғи Жанубий Кореяга (183 тонна) ва кичик партиялар Польшага (52 тонна), Туркманистонга (17 тонна), БААга (17 тонна), Мўғулистонга (4 тонна) ва Хитойга (3 тонна) жўнатилди.
Шу билан бирга, экспорт ҳажмининг пасайиши истиқболли бозорларда, хусусан, Жанубий Корея (2021 йилдаги 208 тоннадан 2022 йилдаги 183 тоннагача), БАА (46 тоннадан 17 тоннагача) ва Хитойда (14 тоннадан 3 тоннагача) кузатилган. Ушбу мамлакатларга гилос етказиб беришнинг мутлақ қийматлари ўтган йили ҳам паст бўлган, ўшанда экспорт тарихий юқори кўрсаткичга етган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!