Ўтган ҳафта – ўн кун ичида Ўзбекистон пойтахтининг улгуржи бозорларига янги ҳосил эртаги (ёш) картошкасининг биринчи йирик партиялари кела бошлади. EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, кутилганидек, бу йил ушбу маҳсулотнинг биринчи улгуржи партиялари бозорга ўтган йилга нисбатан уч ҳафта кечроқ чиқди.
2023 йил 7 апрель ҳолатига кўра, эртаги картошканинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 16 000 сўмни ташкил қилган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ўтган йили янги ҳосил эртаги картошкасининг биринчи улгуржи партиялари Ўзбекистон пойтахти бозорларига 2022 йил 11-17 март кунлари чиққан эди. Бироқ, ёш картошка нархлари тез пасайиш тенденциясига эга бўлиб, ўтган йил ҳам бундан мустасно бўлмаган. Ўтган йилнинг 17 мартидан 7 апрелига қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 16 000 дан 9 000 сўмга, яъни, уч ҳафта ичида 44% га пасайган.
Шундай қилиб, 2023 йил 7 апрель ҳолатига кўра, эртаги картошканинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилга нисбатан 1,8 баробар юқори бўлди.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2023 йил март ойи бошида бу йил пойтахт бозорларига эртаги картошканинг илк улгуржи партиялари келадиган энг жанубий ҳудуд – Сурхондарё вилоятида картошка экиш ўтган йилга нисбатан тахминан уч ҳафта кеч бошлангани ҳақида ёзган эди. Табиийки, унинг ҳосилини йиғиш ҳам худди шунча муддатга ўзгарди. Бундай кечикишга Ўзбекистонда жорий йилнинг январь ойида кузатилган аномал совуқлар сабабдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда 2022 йил ҳосили картошкасининг жорий улгуржи нархлари тахминан ўтган йилнинг худди шу давридаги кўрсаткичларга мос келади. 2023 йил 7 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4000 сўмга тенг – бу “ёш” картошкадан роппа-роса 4 баробар арзон. Бироқ, ички бозорда бу йилги эртаги картошка ҳам, ўтган йилгиси ҳам харидоргир.
Агар «ёш» картошка нархлари ўтган йиллардаги динамикани такрорлайди ва ўтган йиллардаги каби суръатда пасаяди, деб тахмин қилсак, кейинги бир неча ҳафта ичида унинг улгуржи нархлари сезиларли даражада пасайишини кутишимиз мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!