Тошкентда Марказий Осиёдаги биринчи Миллий электрон тижорат платформаси – TradeUZ.com лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Лойиҳа Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) томонидан Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги (ССЭВ) ҳамда Корея технологияларни ривожлантириш институти (КТРИ) билан ҳамкорликда амалга оширилди.
ИТСВ маълумотларига кўра, электрон платформа Ўзбекистондаги кичик ва ўрта экспортёр компанияларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш учун ишончли ва муваффақиятли хорижий ҳамкорларни осонлик билан онлайн тарзда топиш имконини беради. Бунинг натижасида эса экспорт географиясининг кенгайиши, экспорт ҳажми ўсиши ва умуман мамлакат иқтисодиёти ривожланишига эришилади.
Очилиш маросимида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бахтиёр Раҳимов сўзга чиқиб, ТradeUZ платформасининг муваффақиятли ишга туширилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда электрон тижоратни ривожлантириш бўйича юқори динамикани белгиловчи давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини қайд этди.
Бугунги кунда TradeUZ.comда 3000 га яқин ўзбекистонлик экспортёрлар, 10 000 та хорижий харидор ва 30 000 дан зиёд товарлар ҳақида маълумотлар мавжуд.
Бахтиёр Раҳимовнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга, пировардида, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!