Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда банан ва цитрус мевалар импорти бўйича божхона божи бекор қилинди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда банан ва цитрус мевалар импорти бўйича божхона божи бекор қилинди

Ўзбекистон аҳолисининг айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ва ички бозорда нархларни барқарорлаштириш мақсадида мамлакат ҳукумати томонидан 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, банан ва цитрус мевалар импортида  божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 31 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, 2022 йилнинг 1 майидан 2023 йилнинг 1 январига қадар қуйидаги турдаги мева-сабзавотларни олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди:

  • банан, шу жумладан сархил ёки қуритилган плантайнлар, ТИФ ТН коди: 0803;
  • цитрус мевалари, сархил ёки қуритилган (лимондан ташқари), ТИФ ТН коди: 0805 (0805 50 100 0 дан ташқари).

Импорт божлари бекор қилинган маҳсулотлар рўйхатига, шунингдек, балиқ ва балиқ маҳсулотлари; сут ва қаймоқ; сариёғ; тухум; қаҳва; чой; соя, рапс ва пальма ёғлари; маргарин;  хамиртуруш; турли хил дон маҳсулотлари ва бошқа товар ҳам киради.

Ушбу рўйхатга киритилган, савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди.

Худди шу ҳужжат бўйича 2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб қуйидаги маҳсулотларни Ўзбекистондан олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинча таъқиқланади:

  • ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи, бундан амалдаги контрактлар (шартномалар) доирасида 2022 йил 1 июнга қадар олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишланганлари мустасно;
  • кунгабоқар уруғлари (ТИФ ТН коди 1206 00) ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари (ТИФ ТН коди 1207), бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати бир қатор меваларни импорт қилишда божхона божларини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бундай мевалар рўйхатига кўп истеъмол қилинадиган олма, нок ва беҳи, шунингдек, экзотик мевалардан банан, плантайн (сархил ёки қуритилган), киви, сархил ёки қуритилган цитрус мевалар, сархил ёки қуритилган хурмо, анжир, ананас, авокадо, гуайява, манго ва мангостин ёки гарциния ва сархил папайя киритилган. Ҳукумат ҳужжатида ушбу маҳсулотларни импорт қилишда 2022 йилнинг 1 май санасига қадар божхона божини бекор қилиш кўзда тутилган эди.

Банан ва цитрус мевалар учун ноль қийматдаги импорт божи режими 2021 йилнинг октябрь ойидан 2022 йилнинг апрель ойи охиригача амалда бўлганини ҳисобга олсак, ҳукуматнинг яқинда қабул қилган қарори қайд этилган маҳсулотлар импорти учун ушбу режимнинг 2022 йил охиригача узайтирилишини назарда тутади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин