Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда «ақлли фермерлик» нечоғли самарали ривожланмоқда?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда «ақлли фермерлик» нечоғли самарали ривожланмоқда?

2021 йили Ўзбекистонда “Келажак авлод учун ақлли фермерлик” лойиҳаси ишга туширилган эди. Ва бундан мақсад, иссиқхоналарда мева-сабзавот етиштиришнинг замонавий технологияларини жорий этишдир. 2022 йилнинг октябрь ойида ФАОнинг хорижий эксперти эришилган натижаларни баҳолаш учун лойиҳа бенефициарларига ташриф буюрди. Бу ҳақида EastFruit экспертлари хабар бермоқда.

Ушбу лойиҳа бенефициарлари — Ўзбекистоннинг Фарғона водийси (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари)дан 20 нафар фермердир. Лойиҳа доирасида иссиқхона учун махсус том ёпиш материаллари, дезинфекцияловчи пол қопламалари ва қўш эшикли тизим, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш, ёритишни назорат қилиш, ўғитларни қўллаш, ўсимликларни чанглатиш ва сувни бошқаришнинг янги, янада самарали усуллари тақдим этилди ва ўрнатилди. Бундан ташқари, ФАО томонидан деҳқончиликнинг янги усул ҳамда технологияларини жорий этиш бўйича бир қатор тренинглар ташкил этилди, дейилади Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати материалида.

Фарғона водийси иссиқхоналарида эришилган натижалар ФАОнинг сабзавот етиштириш бўйича халқаро эксперти Леоне Мальокетти Ломбида катта таассурот қолдирди, зеро, фермерлар ўтган йил давомида ФАО кўмагида иссиқхона хўжалигини муваффақиятли бизнесга айлантиришга муваффақ бўлишди.

Биз лойиҳа жамоаси билан 20 бенефициарнинг барчасига ташриф буюрдик ва шуни ишонч билан айтишим мумкинки, лойиҳа Ўзбекистонда жуда самарали амалга оширилмоқда. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, иссиқхонани модернизациялаш бўйича тренингдан ўтган ва кўмак олган ФАО лойиҳаси бенефициари 206 кг ҳосил олишга муваффақ бўлган, унинг иссиқхонада анъанавий усулда ҳосил етиштираётган қўшниси эса атиги 35 кг ҳосил олган.  Ҳар икки иссиқхона ҳам ҳажм жиҳатидан деярли бир хил, иккаласи ҳам сентябрь ойи охирида ҳосил йиғишни бошлаган, тафовут эса тахминан 500% ни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, мен ресурслардан фойдаланиш борасида такомиллашувни кўрмоқдаман — томчилатиб суғориш усулини қўллаш бенефициарларга сувни сезиларли даражада тежаш имконини бермоқда«, дейди эксперт ўз кузатувлари ҳақида гапирар экан.

Фермерлар билан мулоқот қилгач, Леоне тақдим этилган рН/ЕС/Тhermo/Hygro-метрлар, жумладан, калибрлаш ва ҳисоб юритиш, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига техник хизмат кўрсатиш, қопламаларни тозалаш, зараркунандалар учун қопқондан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Такомиллашув бўйича кейинги йўналиш – лотокларда сифатли сабзавот кўчатларини етиштиришдир. Ушбу мавзу бўйича хорижлик мутахассис уч мақсадли минтақанинг ҳар бирида бенефициарлар ва бошқа манфаатдор томонлар учун тренинглар ўтказди.  Леоненинг қайд этишича, фермерларнинг мустақил кўчат етиштириши (нафақат ўзи учун, балки тижорат мақсадларида ҳам) кўпроқ фойда келтиради. Якуний натижаларга кўра, кўчат етиштиришга қизиққан 3 нафар истиқболли фермер лойиҳа бенефициарлари орасидан танлаб олинди, улар ФАО лойиҳасидан кўчат етиштиришни йўлга қўйиш бўйича қўшимча кўмак олишади.

Яна бир муҳим масала — қишда иссиқхонани иситишдир. Чекка ҳудудларда газ ва электр таъминотидаги узилишлар ҳисобга олинадиган бўлса, бу муаммо фермерлар учун оғриқли масала. Айни чоғда қишда иссиқхона маҳсулотларини етиштириш сархил сабзавотга бўлган юқори талаб туфайли улар учун барқарор даромад ва қўшимча фойда олишни кафолатлаши мумкин бўлар эди. Мутахассиснинг қайд этишича, айни пайтда муқобил энергия манбаларини топиш ва уларни “Келажак авлод учун ақлли фермерлик” лойиҳасига татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонга ташрифи чоғида у иситиш ускуналарини етказиб берувчилар билан учрашувлар ўтказди. Ушбу мулоқотларда ҳамёнбоп  иситиш тизимлари, техник деталлар, нархлар ва шартнома шартлари каби масалалар энг оқилона ечимни топиш мақсадида муҳокама қилинди.

Айни пайтда яна 20 нафар фермер бенефициарлар сафига қўшилди ва улар ҳам иссиқхоналарини модернизациялашда лойиҳадан ҳар томонлама кўмак олади. Ва ҳозир жами бенефициарлар сони 40 нафар фермерни ташкил этмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2022 йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти бўйича рекорд янгиланди

EastFruit

Миср давлати Ўзбекистон гилоси ва узумлари учун ўз бозорини очмоқда

EastFruit

Польша Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини оширишга тайёр

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин