EastFruit мутахассислари кўп вақтдан буён Ўзбекистон ва Тожикистонда мева-сабзавот ҳамда резаворларларни чуқур музлатишга сармоя киритиш ғоясини илгари суришмоқда. Ва сўнгги йилларда мазкур мамлакатларда мева-сабзавотлар IQF туннелларида ҳам, статик усулда ҳам музлатиладиган бир қанча янги корхоналар пайдо бўлди.
Бироқ, 2022-2023 йилларда ушбу корхоналарнинг маҳсулотлари одатдагидан кўпроқ талабгир бўлиши мумкин. Бир газ етказиб берувчига ҳаддан зиёд қарамлик билан боғлиқ Европа Иттифоқининг энергетика инқирози ҳисобга олинса, 2022 йилда ЕИдаги электр энергияси нархи рекордларни янгилайди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи АҚШ билан бир қаторда музлатилган сабзавот ва меваларнинг энг йирик бозорларидир, шунингдек, улар ушбу турдаги маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари ҳам ҳисобланади.
Музлатишнинг энергия сиғими, шунингдек, ушбу корхоналар учун хом ашё ҳосилдорлиги пасайишига олиб келган қурғоқчилик ҳисобга олинса, бу йил ЕИда музлатилган мева, резавор ва сабзавотлар ишлаб чиқариш ҳажми камайиши кутилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистонда эса электр энергияси нархи бир неча баробар арзон, қолаверса, меҳнат харажатлари янги мавсумда бу маҳсулотларнинг ўта рақобатбардошлигини таъминлайди. Ва маҳсулот етиштириш харажатлари борасидаги фарқ Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари туфайли яқинда янада ортган транспорт харажатларидан кўра сезиларлироқдир.
Музлатилган мева-сабзавотларни Европа Иттифоқига етказиб беришда яна бир муҳим омил — бу сифат. Бироқ, яқинда Ўзбекистоннинг қатор корхоналарида бўлган EastFruit мутахассисларининг фикрича, бу борада ҳам сезиларли ютуқлар мавжуд. Шу боис, яқин вақтгача Ўзбекистондан музлатилган мева, резавор ва сабзавотларни етказиб бериш, асосан, Россияга амалга оширилганига қарамай, янги мавсумда музлатилган маҳсулотлар экспорти географиясини ЕИ мамлакатлари ҳисобидан сезиларли даражада кенгайтириш мумкин. Шунингдек, ўзбекистонлик экспортёрлар АҚШга музлатилган маҳсулотлар етказиб беришга ҳам эътибор қаратиши лозим.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!