Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон селекционерлари иссиқхона қовунининг янги навини яратишди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон селекционерлари иссиқхона қовунининг янги навини яратишди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти селекционерлари иссиқхона қовунининг “Зарҳал” деб номланган янги навини яратишди. EastFruit мутахассисларининг хабарига кўра, улар ҳозирги пайтда ушбу нав синовининг сўнгги босқичини ўтказишмоқда.

Қовуннинг иссиқхонада етиштиришга мўлжалланган янги нави юқори ҳосилдорлиги, ўрта калибри, ширин таъми, ажойиб ҳиди ва турли касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради, деб хабар берилди “Ўзбекистон 24” телеканалининг махсус репортажида.

Шунингдек, Тошкент вилоятида жойлашган Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти иссиқхоналарида Ўзбекистон селекционерлари иссиқхонада етиштириш учун 20 дан ортиқ янги ўрта калибрли қовун навларини яратиш устида иш олиб боришмоқда. Ушбу тадқиқотлардан кўзланган мақсад, қиш мавсумида ҳам полиз маҳсулотларини етиштириш, ички ва ташқи бозорларда сотишга мўлжалланган юқори маҳсулдор навларни яратишдир.

EastFruit 2021 йилнинг ёзида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонида, шунингдек, ҳудудий илмий тажриба станциялари ва полиз маҳсулотларини етиштирувчи фермерлар далаларида тарвузнинг “Ширин” деб номланган  янги нави муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. У яхши таъм сифатига эга бўлиб, пўстлоғи юпқа, ҳосилдорлиги юқори – гектарига 80 тоннагача, уруғи эса бошқа навларга нисбатан кам. Таъмидан келиб чиқиб, янги навга «Ширин» номи берилган. Эътиборлиси, полиз экинларини етиштирувчи корхоналардан “Ширин” нави уруғига талаб юқори бўлди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг апрель ойи бошида Урганч шаҳри (Ўзбекистон)да Хоразм қовунларининг “Гурвак” нави ҳамда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон учун анъанавий ҳисобланадиган бошқа айрим навларнинг географик номини рўйхатдан ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. «Гурвак» қовуни географик келиб чиқиши туфайли маҳсулот сифати ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлишнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон Республикасининг «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги янги қонунига кўра, келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий маҳсулотлар Ўзбекистонда «географик кўрсаткич» мақомига ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. Қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида «Маъмурий тизимни мустаҳкамлаш орқали барқарор географик кўрсаткичларни бошқариш ва қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин