Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мамлакатдаги сабзи нархларига оид баёнотлари бозорнинг барча воқеликларини акс эттирмайди – EastFruit
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мамлакатдаги сабзи нархларига оид баёнотлари бозорнинг барча воқеликларини акс эттирмайди – EastFruit

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пресс-релизида мамлакатда сабзи нархи 2021 йилнинг июнь ойига нисбатан 4-5 баравар арзонлашгани, оптимал минимум даражага етгани ва 2022 йилгача шу даражада сақланиб қолиши айтилган. EastFruit таҳлилчилари ушбу баёнотларни таҳлил қилишди.

1-баёнот – “Ўзбекистонда сабзи нархи 2021 йилнинг июнига нисбатан 4-5 баравар арзонлашди”. Айни пайтда Ўзбекистонда сабзининг ўртача улгуржи нархи EastFruitнинг 4 ноябрь куни ўтказган улгуржи нархлар мониторинги маълумотларига кўра, кг учун 4500 сўмни ташкил этган. Июнь ойида сабзи учун энг юқори нарх 9 000 сўм/кг бўлган, аммо ушбу даражада атиги бир ҳафта сақланиб турган. Янги ҳосил сабзиси нархи июнь ойида ўртача 7500 сўм/кг атрофида шаклланган бўлса, ўтган йилги сабзи шу вақт бозорда 4500 сўмдан сотилган.

Шу ернинг ўзида аниқлик киритмоқчимизки, ўртача нархни стандарт сифатли сабзи энг катта ҳажмда сотиладиган нарх деб ҳисоблаймиз. Тўғри, сиз баъзан кичик ҳажмли улгуржи сотувда 2500 сўм/кг дан сабзи топишингиз мумкин, лекин бу, одатда, маҳсулот сифати бўйича стандартларнинг минимал талабларига жавоб бермайдиган майда сабзидир.

Айтганча, бизнинг маълумотларимизни билвосита Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар Қўйлиқ бозорида ўтказилган улгуржи нархлар мониторинги ҳам тасдиқлайди. Унинг ҳаволаси бу ерда.

Вазирлик маълумотларига кўра, қизил сабзининг улгуржи нархлари 2021 йил 9-ноябрь ҳолатига кўра, сабзавот ҳажмига қараб: майдаси 2500 сўмдан 3500 сўм/кггача, ўртачаси 3500 сўмдан 4000 сўм/кг гача ва йириги 4000 сўмдан 5000 сўм/кг гачадир.

Шуни қайд этиш жоизки, вазирлик мева-сабзавотларнинг бутун ассортименти учун айнан паст нарх оралиғини танлаш тенденциясига мойилдир. Аммо бу маълумотлар ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пресс-релизида эълон қилинган нархлардан кўра бутунлай бошқача нархлардан сўз очади.

Шундай экан, бизнинг хулосамиз шуки, сабзи нархи 4-5 баробар арзонлашгани ҳақидаги баёнот воқеликни акс эттирмайди. Энг яхши ҳолатда, нархни икки ёки уч баравар пасайиши ҳақида гапириш мумкин.

Шуни қайд этиш керакки, маҳсулотнинг чакана нархлари ўзгариши ҳар доим улгуржи нархлар ўзгаришига қараганда камроқ аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистонда сабзининг чакана нархи ҳам ҳеч бир шароитда 4-5 баробар арзонлаша олмади.

2-баёнот – «сабзи нархи оптимал минимум даражага етди». Бу унчалик конкрет эмас ва жуда тушунарсиз. Гап шундаки, бозор иқтисодиёти шароитида нархлар доим бир вақтнинг ўзида оптимал минимум ва оптимал максимум даражада бўлади, чунки, нархлар талаб ҳамда таклиф мутаносиблиги таъсирида шаклланади. Бозордаги нарх объектив реаллик бўлиб, унинг оптималми ёки йўқлигини истеъмолчи ҳал қилади.

Бироқ, келинг, субъектив бўлмайлик-да, далилларга эътибор қаратайлик. Фактлар шундан далолат берадики, ҳозир Ўзбекистонда сабзининг улгуржи нархлари рекорд даражада юқори!

Айни дамда Ўзбекистонда сабзи нархи 2020 йилнинг  ноябрь ойи бошига нисбатан деярли 2 баравар ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баравар қиммат.

Шундай экан, бизнинг хулосамиз шуки, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сабзи учун мақбул минимал нархлар ҳақидаги баёнотлари бозор иштирокчиларини чалғитиши мумкин. Бироқ, йилнинг айни вақтида сабзи нархи одатдагидан анча юқори.

3-баёнот – Ўзбекистонда сабзи нархи 2022 йил баҳоридаги янги ҳосилга қадар шу даражада сақланиб туради. Бу баёнотни рад этиш ё тасдиқлаш қийин, чунки, келажакда нима бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бироқ, мазкур баёнотга ишониш учун таҳлил зарур – шундай ўйлашга сабаблар борми?

Ўтган мавсумларда Ўзбекистонда сабзининг улгуржи нархлари, одатда, ноябрь ойида барқарорлашиб, январь охиригача, баъзан эса февраль ойининг ўрталарига қадар шундай сақланиб турди. Қишки янги ҳосил сабзиларининг биринчи катта ёки кичик партиялари бозорда, одатда, март ойи охирида пайдо бўлади. Аммо бу даврдаги нарх, кўпинча, ўтган йилги сабзи билан белгиланади, чунки, эртаги сабзи қимматроқ.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистонда сабзи нархи февралдаёқ ёки март ойи бошида кўтарила бошлайди, яъни, бозорда янги сабзи ҳосили пайдо бўлгунга қадар, демоқчимиз.

Шу сабабли, уч муҳим омилни ҳисобга олиш керак:

а) сабзавот йиғим-терими тугаганига қарамай, ҳозирданоқ сабзи учун нарх рекорд даражада юқори;

б) Ўзбекистонда эртаги сабзи бозорга чиқишидан олдин ҳам сабзи нархининг одатий кўтарилиши;

в) Россия ва минтақанинг бошқа мамлакатларида сабзи нархининг нисбатан юқори даражаси. Бизнинг хулоса яна бир бор умидсизликка сабаб бўлади: Ўзбекистонда сабзи нархи ҳозирги даражада қолади ва ўсмайди, деб кутишга жиддий асослар йўқ. Гарчи, бу ҳам, албатта, бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда сабзи ҳосилдорлиги ва майдонларининг ўсиши ҳақидаги маълумотларни келсак. Қизиғи шундаки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маҳсулот етиштириш даражаси ошганини тўғридан-тўғри эълон қилмайди, лекин майдонлар кўпайиб, ҳосилдорлик ошган бўлса, ишлаб чиқариш ҳам ошгани ўз-ўзидан аён. Аммо вазирлик бундай баёнот бермайди. Бу, балки, аслини олганда, Ўзбекистонда сабзи етиштириш камайгани учундир?

Келинг, ўзимизга мантиқий саволлар берайлик: агар сабзи етиштириш кўпайган бўлса, нархлар бир йил аввалгидан бир неча баравар юқори бўладими? Нархлар пасайишини кутишимиз керак эмасми? Ва дарҳол ҳа, деб жавоб берамиз – агар талаб мамлакат ичида ва/ёки экспорт бозорларида кескин ўсса, нархлар юқори бўлиши мумкин. Бироқ, мамлакатда сабзи нархи баҳор ойларидан буён юқори даражада турибди, шу боис, экспорт ҳақида гап бўлиши мумкин эмас ва мамлакат ичида талаб кескин ошган, дейишга ҳам жиддий асослар йўқ.

Июль ойи ўрталаридан бери Россияда сабзи нархи Ўзбекистонникидан доимий равишда паст бўлиб келмоқда. Шунга кўра, ушбу даврда нархга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сабзининг экспорт ҳажмлари мавжуд эмас эди.

Шунга кўра, катта эҳтимол билан сабзи нархининг ошишига 2021 йилда Ўзбекистонда уни етиштириш ҳажми камайиши сабаб бўлган, дейиш мумкин. Эрта баҳордаги совуқлар эртаги сабзи ҳосилига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, ўртачадан бир неча даража иссиқ кечган қуруқ ва иссиқ ёз эса ўртапишар ва кечпишар сабзи ҳосилини камайтирмаслиги мумкин эмас. Бундан ташқари, ўсиш жараёнида иқлимий стрессга дучор бўлган сабзи, одатда, яхши сақланмаслигини ёдда тутиш керак. Демак, Ўзбекистонда сақлаш вақтида ҳам сабзини бой бериш даражаси жуда юқори бўлиши мумкин.

Бундай шароитда ушбу сабзавот нархининг янада ошиши эҳтимоли кам эмас. Нархлар қачон кўтарилишини олдиндан айтиш жуда қийин, бироқ бу мавсумда нархлар ўсиши одатдагидан эрта бошланишини инкор этиб бўлмайди.

Шу билан бирга, эслатиб ўтамиз, нархлар ҳозирданоқ юқори даражада. Бу эса қиш мавсумида ўзбекистонлик истеъмолчилар сабзи учун ҳар қачонгидан кўпроқ пул тўлашини англатади. Умид қиламизки, фермерлар ушбу қўшимча даромадларни экин майдонларини кенгайтириш ва сабзи етиштириш технологияси даражасини яхшилаш учун ишлатишади. Зеро, бу кейинги ишлаб чиқариш циклида нарх пасайишини таъминлайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин